Ўзбекистон | 23:26 / 01.02.2020
9467
4 дақиқада ўқилади

Ер қонунчилигига доир жиноят содир этган мансабдорларнинг 40 фоизи – кадастр ходимлари

2018-2019 йилларда 295 нафар мансабдор шахс ер қонунчилигини бузиш билан боғлиқ жиноятларни содир қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилган, уларнинг 119 нафари ёки 40 фоизини ер кадастри ходимлари ташкил этади.

Бу ҳақда 1 январь куни Бош прокуратурада бўлиб ўтган Ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш ва эгаллаб олишнинг олдини олиш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилинди.

Мисол учун, Булоқбоши туман ер ресурслари ва кадастр бўлими бошлиғи фуқаро У.га 4 сотих ерни уй-жой қуриш учун ажратиб бериш эвазига 4 минг АҚШ доллари олганда жиноят устида ушланган.

Муборак туман бўлими мутахассиси фуқаро Э.га иссиқхона қуриш учун ер ажратишни ваъда қилиб, 14 минг АҚШ доллари олгани учун суд ҳукми билан етти йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Бундан ташқари, аниқланишича, фақат кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш билан шуғулланувчи «Ермулккадастр» корхонаси ходимлари ҳам бундай суистеъмолчиликларга берилган.

Масалан, Андижон шаҳар «Ермулккадастр» раҳбари фуқаро Қ.га 4 сотих ер ажратишни ваъда қилиб, 10 минг АҚШ доллари олгани учун суд ҳукми билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Олтиариқ туман «Ермулккадастр» мутахассиси фуқаро Н.га 5 гектар ерни боғ ташкил этиш учун ажратиб бериш эвазига 22 минг АҚШ доллари ва 28 млн. сўм олган вақтида жиноят устида ушланган.

Йиғилишда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев маъруза қилди. Маърузада экин ерларини асраш, ҳолатини яхшилаб боришга ер назоратига масъул идоралар томонидан етарли эътибор берилмагани оқибатда ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний бино ва иншоотлар қуриш, экин майдонларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилгани кўрсатиб ўтилди.

Ўтказилаётган хатловларда, республика бўйича 3900 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани, 6 минг гектар майдонга ноқонуний қурилишлар қилингани, 11 минг гектар ердан самарасиз ва мақсадсиз фойдаланиб келингани аниқланди.

Ишчи гуруҳлар томонидан Тошкент вилоятида ўтказилаётган хатловда қарийб 23 минг гектар майдондаги 142 мингдан ортиқ бино ва иншоотларнинг бирон-бир ҳужжати мавжуд эмаслиги, 1450 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани, 855 гектар ерда объектлар ноқонуний қурилгани аниқланган.

Хатлов жараёнида айрим мутасаддилар йўл қўйган жиддий қонун бузилиши ҳолатлари ҳам аниқланган.

Мисол учун, Янгийўл туман «Ермулккадастр» ходимлари ер ажратилгани ҳақида ҳокимнинг қалбаки қарорини тайёрлаш, қурилмаган уйни гўёки қурилган деб қалбаки кадастр ҳужжатини тузиш орқали 12 нафар фуқарога 7  гектар ерни бериб юборган.

2019 йил 17 декабрь куни Зангиота туман ҳокимлиги умумий бўлими мудири ва фуқаро С. 30 сотих ер майдони ажратиб бериш эвазига фуқаро Х.дан 120 минг АҚШ доллари олганда қўлга олинган.

Бу ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.

Мавзуга оид