Ўзбекистон | 12:45 / 16.04.2024
15269
1 дақиқада ўқилади

Афғонистондан Ўзбекистонга қайтарилган сифатсиз бензин Россия компаниясига тегишли бўлгани айтилди

Ўзбекистон Божхона қўмитасининг аниқлик киритишича, Афғонистон томонидан қайтарилиб юборилган 120 тонна нефт маҳсулотлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмаган. Мазкур сифатсиз бензин Россия компаниясига тегишли бўлган.

Фото: Telegram / rtadari1

«Толибон» стандартлари миллий бошқармаси Ҳайратон портидан ҳажми 120 минг литрга яқин иккита нефт вагонларини Ўзбекистонга қайтаргани ҳақида хабар берилганди.

Божхона қўмитасининг аниқлик киритишича, Ўзбекистонга қайтарилган сифатсиз бензин Россия компаниясига тегишли бўлган.

«2024 йил 20 январ куни Россиядан (юк жўнатувчи АО Орскнефтеоргсинтез) Афғонистонга (юк қабул қилувчи BASHIR NAVID PETROLEUM LTD) юборилган 2 та темирйўл цистерналарида 120 тонна «автомобилный бензин неэтилированный» маҳсулотлари Қозоғистондан Сариёғоч – Чуқурсой станциялари орқали Ўзбекистонга кириб келган. Ушбу цистерналар 2024 йил 7 феврал куни Сурхондарё вилояти Айритом станцияси орқали Афғонистонга чиқиб кетган.

Афғонистон томонидан қайтарилган мазкур нефт маҳсулотлари 2024 йил 6 апрел куни Айритом станцияси орқали Ўзбекистонга кириб келган», дейилади қўмита изоҳида.

Божхона қўмитаси афғонистонлик ҳамкорларини икки томонлама дўстона муносабатларни инобатга олган ҳолда, текширилмаган ва асоссиз хабарларни шошмашошарлик билан тарқатмасликка чақирган.

Мавзуга оид