Ўзбекистон | 22:21 / 06.06.2024
4323
7 дақиқада ўқилади

6 июннинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар

Шавкат Мирзиёев Туркияга ташриф буюрди, президентга турк мудофаа саноатидаги ютуқлар тақдимот қилинди. Марказий банк биринчи марта хорижий давлат қимматли қоғозларини сотиб олиб, захираларни диверсификация қила бошлади.

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун имзоланди

Ўзбекистон президенти “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу билан давлат органлари ва давлат улуши 50 фоиздан ортиқ компаниялардаги таниш-билишчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди. Ҳужжат асосида, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи ваколатли орган деб белгиланди.

Қонунга кўра, давлат хизматчиларининг яқин қариндошлари деганда уларнинг ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари, фарзандлари, турмуш ўртоғи ҳамда турмуш ўртоғининг фарзандлари, ота-онаси, ака-укалари ва опа-сингиллари тушунилади. Давлат хизматчилари фаолияти давомида ушбу шахслар ва уларга алоқадор компанияларнинг манфаатига хизмат қилиши мумкин бўлган ҳолатлар юзага келганида, бу ҳақда тегишли тартибда хабар бериши ва декларация тўлдириши керак бўлади.

Акс ҳолда, давлат хизматчилари базавий ҳисоблаш миқдорининг 3-5 баробари миқдорида жаримага тортилади. Ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса, жарима миқдори БҲМнинг 5-10 баробаригача ошади. Агар мансабдор шахс ўзига маълум бўлган манфаатлар тўқнашуви ҳолатини бартараф этмаса, у биринчи марта БҲМнинг 5-10 баробари миқдорида, такрорий ҳолатда эса БҲМнинг 10-15 баробари миқдорида жаримага тортилади. Агар ҳуқуқбузарлик давлат харидларига доир бўлса, у ҳолда жарима миқдори каттароқ – БҲМнинг 10 баробаридан 20 баробаригача етади.

Имзоланган қонун 6 ойдан кейин кучга киради.

Фирдавс Абдухолиқов Ислом цивилацияси марказига директор бўлди

Ҳозиргача манфаатлар тўқнашувига йўл қўйгани учун жазога тортилган энг катта лавозимли амалдор Кинематография агентлигининг эндиликда собиқ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ҳисобланади. 2022 йилда у ўзининг оила аъзоларига тегишли “Sevimli” телеканали билан 1,8 млрд сўмлик шартнома тузиб, бу ҳақда тегишли тартибда хабар бермагани учун 8,1 млн сўм жаримага тортилган эди. Маълум бўлишича, Абдухолиқов кеча ўз лавозимини тарк этган.

Ўзбек кино соҳасини салкам 5 йил бошқарган Фирдавс Абдухолиқов фаолиятини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази директори сифатида давом эттиради. Кинематография агентлигида унинг ўрнига ёзувчи Шуҳрат Ризаев вақтинча раҳбар бўлди. Эслатиб ўтамиз, Ислом цивилизацияси марказини шу пайтгача Шоазим Миноваров бошқариб келаётган эди. Унинг янги иш жойи ҳозирча маълум эмас.

ЖСТ раҳбари – Ўзбекистонда

Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала Ўзбекистонга ташриф буюрди. У президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлиб, Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши жараёнига бағишланган конференцияда иштирок этди. Давлат раҳбари у билан учрашувда Ўзбекистон тез фурсатда ташкилотга аъзо бўлиши муҳимлигини таъкидлади.

Нгози Оконжо-Ивеала Ўзбекистон расмийлари ҳамда Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси вакиллари иштирокида ўтган конференциядаги нутқида, аъзоликка номзод давлатлар аъзолик жараёнини муваффақиятли якунлаши учун зарур 5 та асосий омилни санаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бу жараёнда кучли сиёсий ирода, идоралараро мувофиқлаштиришнинг самарали механизми, малакали техник музокарачилар, ҳамкорларнинг ёрдами ва амалий ҳаракатларнинг вақтларини белгиловчи йўл харитасининг бўлиши муҳим аҳамиятга эга.

Конференцияда сўзга чиққан президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Ўзбекистон ислоҳотларни давом эттиришга қатъий киришганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат иқтисодий тараққиёт, ижтимоий соҳалар ривожи ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлардан асло ортга чекинмайди. Эслатиб ўтамиз, душанба куни Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик жараёнини тезлаштиришга қаратилган муҳим президент фармони имзоланган эди.

Шавкат Мирзиёев – Туркияда

Президент Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Туркияда бўлиб турибди. Ташриф доирасида Анқарада Ўзбекистон-Туркия бизнес-форуми бўлиб ўтди, шунингдек икки мамлакат етакчилари раислигида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, мезбонлар Шавкат Мирзиёевни Туркиянинг мудофаа саноатидаги ютуқлари билан ҳам таништиришди. Давлат раҳбари Анқарада Туркия аэрокосмик маркази – Turkish Aerospace Industries компанияси фаолияти билан танишди. Бу ерда Ўзбекистон президентига Туркия мудофаа саноатининг кенг турдаги қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар ишлаб чиқариш салоҳияти тақдимот қилинди. Шунингдек, замонавий турк авиациясининг намойиш парвозлари ҳам ўтказилди.

Йўлларда ўлаётган болалар

Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган аёл ва унинг икки фарзандини уриб юборди “КамАЗ” уриб кетди. Оқибатда болаларнинг иккаласи ҳам воқеа жойида вафот этган, она эса шифохонага ётқизилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, “КамАЗ”нинг 25 ёшли ҳайдовчиси қамоққа олинган.

Ёш боланинг ўлими билан боғлиқ авария Самарқанднинг бошқа бир тумани Ургутда ҳам рўй берди. Бу ерда 9-синф ўқувчиси Nexia-2 машинасини бошқариб, йўлни кесиб ўтаётган 6 ёшли қизни уриб юборган. Қиз оғир тан жароҳатлари билан шифохонада ҳаётдан кўз юмган. 9-синф ўқувчиси машинани отасидан сўрамай миниб кетгани айтилмоқда. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Тошкентда эса МИБ 200 га яқин қоидабузарлик қилган ҳайдовчининг Teslaʼсини хатлади. Қарздорнинг 2023 йил июн ойидан бошлаб ҳозирги кунга қадар 186 та ижро иши бўйича 116 млн сўм тўлови бўлган. Ҳозирги кунда хатланган Tesla’ни сотувга қўйиш чоралари кўрилмоқда.

МБ илк марта хорижий давлат қимматли қоғозларини сотиб олди

Ўзбекистон Марказий банки илк марта хорижий давлат қимматли қоғозларига инвестиция киритди. Расмий хабарга кўра, Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро захираларини диверсификация қилиш мақсадида хорижий давлат қимматли қоғозларига бирламчи инвестиция киритиш амалиётларини ўтказган ва тегишли портфеллар шакллантирилган. Бу жараёнга техник жиҳатдан Жаҳон банки экспертлари кўмаклашган.

Маълумот учун, ҳозирга қадар Ўзбекистон халқаро захираларининг қарийб 80 фоизи олтин шаклида, қолган 20 фоизи хорижий валюта кўринишида сақлаб келинган. Таҳлилчилар фикрича, Марказий банкнинг қимматбаҳо қоғозларга инвестиция кирита бошлаши – идора жаҳонда олтин нархи ўзининг энг юқори чўққисига чиқди деб ҳисоблаётганидан дарак беради.

Мавзуга оид