Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Киссавур саррофлар: Фарғонада долларни қорабозорда майдалаётганлар чув тушяпти
Фарғона шаҳридаги марказий бозор ёнида валюта айирбошлаш билан шуғулланувчи гуруҳ бор. Буни фарғоналиклар яхши билишади. Банкдаги навбатлардан безган одамлар шу ерга боришади ва қандай қилиб қопқонга тушганларини ўзлари ҳам сезмай қолишади. Бу қорабозорда алданиб қолган бир нечта ҳамюртимиз бошидан ўтганларини Kun.uz'га сўзлаб берди.
Дейлик, ўша қорабозордан 100 доллар майдаламоқчисиз. “Валютчиклар” атрофингизни ўраб олишади ва 4-5 киши бир бўлиб гўёки ички ишлар ходимлари кўриб қолмасин қабилида сизни перашкахона ичкарисига олиб киришади. Шерикларидан бири эшик ёнида қоровул вазифасида туради. 100 долларни 1 млн 250 мингга келишсангиз, улар атай келишилган пулдан 50 минг сўм кам, яъни 1 млн 200 минг сўмни қўлингизга тутқазади. Сиз уни санайсиз. Табиийки, 50 минг сўм кам. Уларга бу ҳақда айтасиз.
Саррофлардан бири қўлингиздан пулни олиб санайди ва ҳақиқатан 50 минг камлигига иқрор бўлади. Санаётган пайтда у пуллар орасидан пулнинг ярмини усталик билан суғуриб олиб, бошқа чўнтагига яширган бўлади. Бошқа бир чўнтагидан эса сизга 50 минг сўм чиқариб беради. Бу орада эшик ёнида қоровул вазифасида турган шерикларидан бири: “Тезроқ қочиш керак, мелиса келяпти”, деб қўрқитади. Табиийки, ҳамма қочса, сиз ҳам қочишга ҳаракат қиласиз. Ташқарига чиқиб санасангиз, сизга берилган пул 1 млн 250 минг сўм эмас, балки 600 минг сўм чиқади. Қайтиб бозорга борсангиз, айнан ўша одамни топа олмайсиз. Топган тақдирингизда ҳам, у буни тан олмаслиги мумкин.

Биринчи мурожаатчи:
— Адашмасам, ҳафтанинг якшанба куни эди. Қариндошим касалхонада ётгани учун, унинг ҳолидан хабар олмоқчи бўлдим. Ёнимда 100 доллар бор, сўмим қолмаган экан. Фарғона шаҳрида бозорнинг ёнида “Ихлос” деган дўкон бор. Шу дўкон қаршисидаги қорабозорда доллар майдалайди кўпчилик. Буни Фарғона шаҳрида яшайдиганлар яхши билади.
Долларфурушлар перашкихона ёнида ўтиришади. Улар ёнига яқинлашиб: “Доллар майдалашим керак” деганимни биламан, бирданига олдимга учта одам югуриб келди. Тинчликми десам, ҳа қоғоз майдалайсизми дейишди. Йўқ, менда битта бор холос десам, савдолашишга ўтишди. Қисқаси, 1 млн 260 минг сўмга келишдик. Кейин перашкихонага кирадиган бўлдик, чунки у ерда камера йўқ. Улардан бири зинанинг пастида, эшик ёнида қўриқчи вазифасида турди.
1 млн 250 мингни қўлимга тутқазишди. Ҳа майли, 10 мингга розиман дедим. Пулни санадим. 1 млн 200 минг сўм чиқди. Кам-ку десам, беринг-чи деб пулни қўлига олиб санашга тушди. Санаган вақтда ростдан 50 минг кам чиқди. Кўзимнинг олдида 50 мингни устига қўшди ва менга берди. Кейинчалик бу ҳийлани тушуниб етдим: у атайлаб 50 минг сўм ёки қанчадир миқдор кам берар экан, мижоз қайтариб берганида ўзи такроран санаб, шу пайтда ярим пулни буклаб яширар экан. Қолганини устига 50 минг сўм қўшиб, худди тўлиқ қилиб бераётгандай берар экан. Ўша вақтда иккинчи одам рўпарада туриб олиб, санашимдан олдин тезроқ ҳаракат қилинглар, қўлга тушиб қолмайлик деб бақириб қўрқитиб турарди. Ортиқча ташвиш бўлмасин деб, пулни олиб чўнтагимга тиқдим. 100 долларни олиб унга бердим.
Ташқарига чиқиб 50 метрча юрдим. Негадир кўнглим ғаш бўлиб, пулни қайта санадим, шунда пул 650 минг сўм чиқди. Долларчилар олдига қайтиб келдим. Улар ғойиб бўлган эди. Бироздан кейин мен билан савдода қатнашганлардан бирини таниб қолиб, ёнига бордим. У эса: “Пулингизни майдалаб берган одам наркоман, фирибгар бола эди” деди.
“Ички ишларга хабар бераман, танишларим бор, ҳал қилиб беради” деб тўполон қилдим. Шу гапимдан кейин зина пастида турган бола, яъни уларнинг каттаси олдимга келиб: “Ака, сизга пул йиғиб берамиз, жанжал кўтарманг” дейишга тушди. “Эрта-индин келсангиз, қолганини йиғиб берамиз” деб, қўлимга 300 минг сўм беришди. Лекин умумий ҳисобда 300 минг сўмимни барибир уриб қолишди.
Кейин билсам, бошқа танишларим ҳам ўша валютчикларга чув тушган экан. Пулни қайтариб олиш учун ички ишларда танишингиз бўлса, аралашиб, олиб беради. Яъни бундай ҳолатда оддий одам пулини ололмайди. Сабаби улар қўрқитишади. Каттароқ лавозимда ишлайдиган танишингиз бўлса ёки кўча болаларидан оғайнингиз бўлса, пулни оласиз. Бўлмаса йўқ. Мен ҳам ИИБда танишим борлиги учун қолган пулни олишга муваффақ бўлдим.
Иккинчи мурожаатчи:
— Одатда доллар майдаламоқчи бўлсам, банкка борардим. Лекин ўша куни якшанба эди. Чўнтагимга қарасам, нақд пулим оз қолган экан. 100 доллар пулим бор эди. Ноиложликдан бозор ёнидаги “Ихлос” дўкони олдида валютчиклар ёнига бордим. Боришим биланоқ қоғоз борми, доллар майдалайсизми деб, атрофимни бештаси ўраб олди.
100 доллар майдалаш керак десам, биттаси бўлди, юринг деб перашкихонага олиб кириб кетди. Ўша пайтда курс 1 млн 245 минг сўм эди. Қўлимга пулни берди. Тўхтанг, шу ерда санаб оламан деб айтдим. Долларни ҳали берганим йўқ эди қўлига. Шундай санадим. 1 млн 200 чиқди. 50 минг кам-ку дедим. Кейин беринг-чи, мен санаб кўрай-чи деди. Кейин ўзи санади. Ҳақиқатда 1 млн 200 чиқди. Кейин: “Э, ука, узр, чарчабман” деб, 50 минг қўшаётган вақтида, у қўлини тагидан 500 минг пулни шундай олиб қўйган экан. Менга ўша олиб қўйган пулидан 50 минг чиқариб, қўшиб берган. Кейин шериклари тезлашинглар, тезлашинглар, “ППС” келяпти деб шоширтиришди. Мен ҳам энди шошилиб, ўзи санади-ку, тўғри бўлса керак деб, чўнтагимга пулни солдим. 100 долларни акага бердим. Кейин югуриб ташқарига чиқиб кетдим.
Бозорга бориб, рўзғорлик қилаётиб, пулни қарасам, кам кўринди. Санадим, 500 минг кам чиқди. Дарров қайтиб бордим. Борсам, у одам йўқ. Милицияга бераман, қаматаман деб тўполон қилишни бошладим. Иккита-учтаси олдимга келиб: “О одам ўзи фирибгар эди, эртага келинг, у одам кетди уйига, уйини ҳам билмаймиз” дейишди. Бор пулимга рўзғорлик қилиб, уйга қайтдим. Эртаси куни яна келдим. У одам яна йўқ. Шериклари алдаб-алдаб яна уйимга жўнатиб юборишди. Учинчи куни яна келдим. Яна алдаб-алдаб жўнатишди. Тўртинчи куни келсам, шериклари у одам қамалиб кетди дейишди. Хуллас пулимни ололмадим.
Ҳайрон бўлаётганим, кундуз куни улар шу ишни қиляпти-да. Ўша жойда ППХ, ички ишлар ходимлари юради. Улар фирибгарларга чора кўришмасмикан?! Улар билмасмикан шу ҳолатни? Бу валютачилар неча йилдан бери шу ишни қилар экан? Суриштирсам, нечта танишларим ҳам уларга алданган экан. Буларга чора кўрадиган ташкилот йўқми? Қачонгача оддий халқ алданиши керак?
Учинчи мурожаатчи:
— Россияга кетишимдан олдин доллар майдалашим керак эди. Кўпчилик қорабозорда майдалайди долларни. 300 доллар алмаштирмоқчи эдим. Перашкихонага олиб киришиб, қўлимга бир даста пул тутқазишди. Санадим. Берган пуллари 3 млн сўм эди. Яна 300 минг қўшиб берасизлар десам, қани санайчи аввал деди-да, қўлимдан пулни олиб санашга тушди. Санаётган пайтда 3 млн орасидан анчагина пулни суғуриб олган экан.
Ташқарига чиқиб санасам, жами суммадан 600 минг сўм кам чиқди. Пул берган одамларни қидиришга тушдим. Улар йўқ эди. Хуллас, мен уларни топа олмадим. Шу билан пулим қолиб кетди. Бу воқеа мен учун бир умрлик дарс бўлди. Тўғриси, мен ўзимни ақллиман, деб ҳисоблардим. Лекин мени ҳам чув тушириб қўйишди. Кейин бошқа пулимни у ерда майдалатмайдиган бўлдим.
Ҳайрон қолганим, ҳеч ким бу фирибгарларга чора кўрмаяпти. Улар йиллар давомида қанчадан қанча одамни чув тушириб келишяпти...
Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz
Мавзуга оид
14:57 / 26.12.2025
Кредит олишга тақиқни қандай расмийлаштириш мумкин?
18:28 / 25.12.2025
“Credit House” ишида суд бошланди: биринчи кун қандай ўтди?
16:54 / 25.12.2025
6000 фунт ойлик, қалбаки таклифнома ва ғойиб бўлган «менежер». Сохта иш эълонлари ортидаги фирибгарлик схемаси
22:32 / 23.12.2025