Спорт | 14:30 / 08.09.2025
9697
7 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги Олимпия шаҳарчаси: 290 млн долларлик лойиҳа қандай иншоотларни ўз ичига олади? (фоторепортаж)

Мажмуа 100 гектар ҳудудни эгаллайди. Шаҳарча марказидаги стадионда енгил атлетиканинг 48 йўналиши бўйича мусобақалар ўтказиш мумкин. Комплексда илк халқаро стандартдаги велодром мавжуд бўлиб, у Халқаро Олимпия қўмитаси талаблари даражасида қурилган. Kun.uz мухбири мамлакатимиз спорт ҳаётида янги саҳифа очишга хизмат қилиши кутилаётган мазкур мажмуа ва у ерда спортчилар, томошабинларга мўлжалланган шароитлар билан танишди.

Пойтахтнинг шарқий қисмида, Янги Ўзбекистон кўчаси бўйида жойлашган Олимпия шаҳарчаси 18 август куни фойдаланишга топширилди. Шаҳарчанинг қурилиши 2022 йил 9 ноябрда бошланган бўлиб, уч йил давомида Хитойнинг CAMC Engineering компанияси томонидан амалга оширилди. Лойиҳа умумий қиймати қарийб 290 млн долларга баҳоланган.

Мажмуа 100 гектардан ортиқ ҳудудни эгаллайди. Унда стадион, сув спорти саройи, велодром, яккакураш ҳамда жамоавий спорт турлари учун мажмуалар, футбол, волейбол, теннис, чим устида хоккей ва енгил атлетика учун 15 та очиқ майдон, паралимпия ётоқхонаси ва спорт тиббиёти илмий-амалий маркази мавжуд.

12 минг кишилик стадион

Олимпия шаҳарчасининг марказида стадион жойлашган. Ушбу мажмуа халқаро турнирлар ўтказиш билан бир қаторда маҳаллий спортчиларни тайёрлаш, дуал таълим тизимини ривожлантиришга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда. Стадионнинг энг катта устунлиги шундаки, унинг универсал майдонида енгил атлетиканинг 48 йўналиши бўйича мусобақалар ўтказиш мумкин. 9 қаторли югуриш йўлаклари, халқаро стандартларга мос яшил майдон ҳамда техник жиҳозлар жаҳон чемпионати даражасидаги турнирларни қабул қилиш имконини беради.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, бу ерда Бриллиант лигаси каби халқаро йирик мусобақалар, Параатлетика баҳслари, кўзи ожизлар ўртасидаги IBSA ўйинларини ўтказиш режалаштирилмоқда. Яъни стадион имкониятлари фақат профессионал спорт билан чекланмай, инклюзив спорт йўналишларига ҳам йўл очади.

Шунингдек, ушбу спорт аренасида йирик тантанали тадбирлар ташкил этилиши учун шароитлар мавжуд. Олимпия ёки Осиё миқёсидаги турнирларда очилиш ва ёпилиш маросимлари, маданий дастурлар айнан шу стадионда ўтказилиши мумкин.

Мажмуанинг яна бир муҳим вазифаси дуал таълим тизимига хизмат қилишидир. Мусобақалардан ташқари, бу ерда маҳаллий ўқув-йиғинлар, спорт мактаблари амалий машғулотлари, университет талабалари учун дарслар ўтказилади.

Олимпиа стандартларига жавоб берувчи велодром

Велодромнинг ўзига хослиги — унинг ёғоч қопламасида. Йўлак қимматбаҳо ёғочлардан ясалиб, қаватма-қават ётқизилган. Траектория ва бурилиш бурчаклари профессионал велоспорт талабларига мос равишда лойиҳалаштирилган. Бу нафақат мустаҳкамликни, балки спортчилар учун зарур саналган хавфсизликни ҳам таъминлайди.

Мажмуада ҳарорат доимий барқарор бўлади. Велодром ичида йил давомида бир хил иқлим сақланади, бу эса ёғоч қопламанинг узоқ муддат давомида хизмат қилишини кафолатлайди. Иншоотда спортчилар учун ҳаво қаршилиги даражаси ҳам ҳисобга олинган.

Велодромдаги трекка ёруғлик бир хил ва тенг даражада тушади. Бу бир томондан, спортчилар учун қулай муҳит яратади, иккинчи томондан мусобақаларни томоша қилаётган мухлислар ҳамда телевизион трансляцияга катта афзаллик беради.

Томоша ўринлари 2 минг 200 кишига мўлжалланган бўлиб, улар махсус ҳимоя тўсиғи билан жиҳозланган. Мазкур шароит томошабинларнинг хавфсизлигини таъминлайди ва халқаро мусобақалар мезонларига мос келади.

Халқаро талаблар даражасидаги сув спорт саройи

Мажмуа таркибида 25х50 метрли сузиш ва 25х21 метрли сувга сакраш ҳавзаси мавжуд. Бундан ташқари, спортчиларнинг тайёргарлиги учун машғулот бассейни ва тренажёр заллари ҳам барпо этилган. Бутунжаҳон сув спорти федерацияси (World Aquatics) делегацияси саройни кўздан кечириб, унинг тўлиқ халқаро талаблар даражасида эканини тасдиқлаган. Бу эса Ўзбекистонга илк бор қитъа ва жаҳон чемпионатларини ўтказиш имконини беради.

Саройнинг универсал дизайни бир нечта спорт йўналишларини қамраб олади. Бу ерда:

  • сузиш,
  • сувга сакраш,
  • синхрон сузиш,
  • сув полоси мусобақалари ўтказилиши мумкин.

Томошабинлар учун мўлжалланган жой 2 мингдан ортиқ мухлисни сиғдира олади. Аренанинг ёритиш, ҳавони шамоллатиш ва хавфсизлик тизимлари ҳам халқаро трансляция ва томоша талаблари асосида лойиҳалаштирилган.

Жамоавий ва яккакураш спорт турлари мажмуалари

Ҳар иккала мажмуа ҳам уч қаватли қилиб қурилган бўлиб, 2 минг нафардан ортиқ томошабинни сиғдира олади. Биноларда спортчилар учун машғулот заллари, ҳакамлар хоналари, тиббий пунктлар, кийиниш ва дам олиш жойлари замонавий стандартларга мос равишда жиҳозланган. Муҳандислик ечимлари томоша жараёнининг сифатини, спортчиларнинг хавфсизлиги ва қулайлигини таъминлайди.

Жамоавий ўйинлар мажмуаси волейбол, баскетбол ва гандбол мусобақаларини ўтказиш учун мўлжалланган. Томошабинлар учун панорамали ўриндиқлар ва халқаро талабдаги ёритиш тизими ўрнатилган. Яккакураш спорт турларига иқтисослашган мажмуада дзюдо, бокс, таэквондо каби йўналишлар учун махсус ринг ва татамилар, хавфсизлик талабларига мос қопламалар ўрнатилган.

15 та очиқ майдон

Олимпия шаҳарчасида футбол, волейбол, теннис, чим устида хоккей, енгил атлетика кабилар бўйича 15 та очиқ майдон ҳам қурилган. Улар орасида чим устида хоккей майдонининг барпо этилиши Ўзбекистон спорт тизими учун янгиликлардан бири бўлди. Бу спорт тури мамлакатимизда кенг ривожланмаган бўлса-да, янги база унинг оммалашувига замин яратиши, шу орқали Ўзбекистон қитъа ва халқаро мусобақаларда қатнашиш имкониятларини кенгайтириши мумкинлиги таъкидланган.

Иклюзив спорт муҳити

Шаҳарча инфратузилмаси лойиҳаланаётганда Паралимпиада ўйинлари талаблари ҳам инобатга олинган. Шаҳарчада ногиронлиги бўлган спортчилар эркин ҳаракатланиши учун кенг ва қулай йўлаклар, пандуслар, махсус лифтлар барпо этилган. Стадион ва спорт мажмуаларида эса жисмоний имконияти чекланган мухлислар учун алоҳида секторлар ташкил қилинган. Бу секторлар томоша жараёнидан четда қолмаслик, барча воқеаларни қулай шароитда кузатиб бориш имконини беради.

Паралимпия спортчилари учун машғулот заллари ҳам индивидуал мослаштирилган бўлиб, бу уларга юқори даражада тайёргарлик ўташ имконини беради.

Мутахассисларнинг айтишича, иншоотлар энергия жиҳатидан тежамкор технологиялар асосида қурилган. Автотураргоҳлар устига қуёш панеллари ўрнатилган.

Маълумот учун, мажмуалар спорт вакиллари учун машғулот майдони сифатида хизмат қилади. Шунингдек, шаҳарчада Спорт вазирлиги, Антидопинг агентлиги, Давлат спорт академияси, Жисмоний тарбия илмий-тадқиқот институти ва Спорт турларини ривожлантириш маркази фаолият юритади.

Диёрахон Набижонова,
Боймирза Халилов

Мавзуга оид