Ўзбекистон | 22:59 / 19.08.2020
14788
2 дақиқада ўқилади

Россияда қонуний ишлаш учун талаб этиладиган рус тили сертификатини Ўзбекистонда олиш мумкин бўлади

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов АОКАдаги брифингда фуқаролардан келиб тушган саволларга жавоб берди.

Мурожаатлардан бирида Россия ҳудудида ишлаш ҳуқуқини берувчи патент олиш учун рус тилини билиш талаб этилиши сабабли бугунги пандемия шароитида рус тилини масофадан ўрганиш ва тегишли сертификатни олиш имконияти бор-йўқлиги ҳақида сўралган.

«Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги юртдошларимизнинг рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида Россия Халқлар дўстлиги университети билан ҳамкорлик келишувини имзолаган.

Университет пандемия сабабли эълон қилинган карантин чекловлари тугатилганидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун рус тили, Россия Федерацияси қонунчилиги ва тарихи бўйича масофадан ўқитишни бошлайди.

Демак, фуқаролар ўз уйларидан туриб билим олиши ва мазкур университет сертификатига эга бўлиши мумкин.

Ўқиш истагидаги фуқаролар Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва унинг ҳудудий филиалларига мурожаат қилишлари мумкин», – деди агентлик ахборот хизмати раҳбари.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид