Ўзбекистон | 19:06 / 19.11.2025
7868
2 дақиқада ўқилади

Ногиронлиги бор шахслар камбағаллар реестридан чиқарилади ва тўлиқ давлат томонидан қўллаб-қувватланади – президент

Президент раислигида ўтган йиғилишда қайд қилинишича, 2026 йилдан ногиронлар учун «Тенг имкон – инклюзив бандлик» лойиҳаси жорий этилади. Бандлик жамғармасидан уларга 30 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратиш йўлга қўйилади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Унда эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

«Ҳамма эшитиб олсин, бундан буён даромад топиш имконияти чекланган ва ногиронлиги бор шахслар камбағаллар реестрида бўлмайди. Уларни қўллаб-қувватлашни давлат зиммасига олади», деди президент.

2026 йилдан «Тенг имкон – инклюзив бандлик» лойиҳасини жорий этиб, ногиронлиги бўлган 40 минг одамни ишли қилиш муҳим экани таъкидланди. Бандлик жамғармасидан уларга 30 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратиш йўлга қўйилади.

Камбағалликка қайта тушиш хавфи мавжуд оилаларга ижтимоий ёрдам ва имтиёзлар сақлаб қолинади.

Уларга 6 ой мобайнида моддий ёрдам ва болалар нафақаси тўланиши давом эттирилади, боғча ва тўгарак харажатини қоплаш, даволаниш ордери каби 110 та ижтимоий хизмат ва ёрдамдан 12 ой давомида қўшимча фойдаланиш имкони берилади.

Бундан ташқари, оғир ҳаётий вазият сабабли камбағалликка тушиб қолиши хавфи юқори бўлган оилаларни олдиндан аниқлаб, уларга манзилли ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилади.

Бу вазифалар устидан назорат ҳамда вилоят ҳокимлари билан ижросини ташкил қилиш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева зиммасига юклатилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид