Ўзбекистон | 12:22 / 15.06.2021
2911
2 дақиқада ўқилади

Навоийда икки йилда 11 минг га ер ноқонуний берилган

Навоий вилоятида сўнги икки йилда ҳокимларнинг 303 та қарори билан 11 минг га ер майдони ноқонуний ажратилган. Бу ҳақда кеча, 14 июнь куни вилоят прокуратурасида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Президентнинг 2021 йил 8 июндаги фармони мазмун моҳиятига бағишланган матбуот анжуманида вилоят прокурори Бахтиёр Аҳмедов, вилоят ҳокими ўринбосари Саъдулло Истамов, адлия бошқармаси бошлиғи Аъзамжон Сарабеков ва тегишли масъуллар иштирок этди.

Таъкидланишича, вилоятда прокуратура органлари томонидан олиб борилган назорат тадбирлари давомида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишда кўплаб қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган. 

Жумладан, сўнги икки йилда ҳокимларнинг 303 та қарори билан 11 минг га ер майдони ноқонуний ажратилган. Бундай ноқонуний қарорлар Навбаҳор туманида 6 та, Нуротада 21 та, Конимехда 27 та, Қизилтепада 56 та, Карманада 90 та, Хатирчида 103 та қабул қилинган.


 
Шунингдек, назорат тадбирларида 177 та ҳолатда 41 га ер майдони ўзбошимчалик билан эгалланганлиги ҳамда 361 та ҳолатда жами 20 га ер майдонида ноқонуний қурилишлар қилинганлиги аниқланган.

Кўрилган чоралар натижасида ўзбошимчалик билан эгалланган ерларнинг барчаси захирага қайтарилган ҳамда 13 га ер майдонидаги ноқонуний қурилишлар буздирилган.

Прокуратура органлари томонидан 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган даврида вилоятда ноқонуний қарорларга нисбатан 303 та протест, 15 та тақдимнома, 278 та огоҳлантирув киритилган ҳамда 58 та интизомий ва маъмурий, 5 та жиноят иш қўзғатилган.

Матбуот анжуманида эндиликда аукцион ва танловлар орқали ер олишда қонунийликни таъминлаш бўйича тегишли масъулларга кўрсатмалар берилди.

Мавзуга оид