Ўзбекистон | 12:02 / 20.04.2021
36956
7 дақиқада ўқилади

Тошкентда юзлаб реклама баннерлари ҳеч қандай ҳуқуқий асос кўрсатилмасдан бузиб юборилмоқда

Kun.uz'га мурожаат қилган бир гуруҳ тадбиркорларнинг айтишича, Тошкент шаҳрида уларга тегишли ташқи реклама объектлари маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ҳеч қандай ҳужжатсиз бузиб ташланмоқда.

Бир неча ҳафта аввал бошланган ушбу ҳаракатларда дастлаб туман ҳокимликлари тадбиркорга қўнғироқ қилиб, реклама баннерини ихтиёрий равишда олиб ташлашни сўрайди.

«Агар биз реклама баннерини олиб ташлаш учун қандайдир асоси борми, нимага асосан бундай иш қилиняпти, деб сўрасак, юқоридан шунақа буйруқ берилганини айтишмоқда. Лекин бизга ҳеч қанақа «буйруқ» кўрсатилмаяпти», дейди тадбиркорлардан бири.

Тадбиркорлар ушбу масала юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳузурига ҳам киришган. Пойтахт ҳокими маҳаллий ҳокимликларга бундай буйруқ берилмаганини, тадбиркорлар ИИО ходимларини чақириб ёки прокуратура ва суд орқали ўз мулкларини ҳимоя қилиб олишлари мумкинлигини айтган.

«Масалан, Мирзо Улуғбек, Шайхонтоҳур, Чилонзор, Юнусобод ва Олмазор туманларида маҳаллий ҳокимлик ходимлари келиб реклама конструкциялари бузилишини айтади. Биз ҳамма ишимиз қонуний эканлигини айтиб, ҳужжатларини кўрсатсак, улар ҳужжатга қараб ҳам ўтиришмайди. Ўз мулкимизни ҳимоя қилиб ИИВ ходимларини чақирсак, ҳокимият вакиллари билан баннерни бузиш учун келган ГОММ бошлиғи чақирув билан келган ИИВ ходимларини қайтариб юбормоқда», – дейди яна бир тадбиркор.

Маълум қилинишича, шу вақтгача тадбиркорларга тегишли 203та ташқи реклама конструкциялари ҳокимлик вакиллари томонидан ҳеч қандай асос кўрсатилмасдан бузиб ташланган. Конструкцияларнинг нархи уларнинг сифати ва шаклига қараб 20 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача боради. Шунингдек, асоссиз бузиб ташланган конструкциялар Мирзо Улуғбек тумани ободонлаштириш бўлимига олиб бориб қўйилган ва бўлим бошлиғи уларни тадбиркорларга қайтариб бермаслигини билдирган.

«Барча реклама баннерларимизнинг ҳужжатлари жойида. Солиқларни ўз вақтида тўлаб ишлаб келаётгандик. Бундан ташқари, 5-6 нафардан ходимларимиз бор, уларга ҳам ишчи ўрни яратганмиз. Бизга реклама берган тадбиркорларнинг аҳволи нима бўлади? Нега бундай қонунсизлик ва ўзбошимчалик билан тадбиркорларнинг ҳуқуқларини бузишаётганидан ҳайронмиз, мулкларимизни кечаси билан ҳимоя қилиб чиқишга мажбур бўляпмиз», – дейди яна бир тадбиркор.

Биз ҳолатга изоҳ олиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғландик. Пойтахт ҳокимлиги ходими тадбиркорлар Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан келиб гаплашиб олганини тасдиқлади, лекин учрашув тафсилотларини унда қатнашмагани учун билмаслигини айтиб ўтди.

Шунингдек, у туман ҳокимликлари ва тадбиркорлар ўртасида бўлаётган воқеа юзасидан қисқа фурсатларда аниқ изоҳ олиб беришини маълум қилди.

Ҳолатга шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳам изоҳ берди.

Агентликнинг маълум қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида» 2020 йил 20 февралдаги 104-сонли қарорининг 7-бандида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, ташқи реклама операторлари манфаатларини ифода этувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича махсус ишчи гуруҳлар тузган ҳолда, барча турдаги ташқи реклама объектларини ушбу қарор талабларига мувофиқлиги юзасидан хатловдан ўтказиш;

- ташқи реклама объектларини жойлаштириш учун паспортлари, гувоҳномалари, сертификатлари, рухсатномалари ва ҳуқуқни белгиловчи бошқа ҳужжатлари бекор қилинган ёки ушбу ҳужжатлар мавжуд бўлмаган (рухсатсиз ўрнатилган) ташқи реклама объектларини ўттиз календарь кун ичида демонтаж қилиш бўйича зарур чоралар кўриши белгиланган.

Шунга мувофиқ, Тошкент шаҳрида жойлашган ва хатловдан ўтказилган 6 630та ташқи реклама объектларининг 3 207таси (қарийб 50 фоизи) қарор талабларига мувофиқ эмаслиги аниқланган.

Қарор талабларига номувофиқ деб топилган ташқи реклама объектларида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва қарор талабларига мослаштириш, агар мослаштириш имкони бўлмаган тақдирда ихтиёрий равишда демонтаж қилиш юзасидан тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан конструкция эгаларига 571та (2034та конструкция бўйича) кўрсатма хатлари берилган.

Бироқ, берилган кўрсатмаларга асосан 330та ташқи реклама объектлари эгалари томонидан мавжуд камчиликлар ихтиёрий равишда бартараф этилган бўлса, қолган ташқи реклама объектларида аниқланган камчиликлар бугунги кунга қадар уларнинг эгалари томонидан бартараф этилмаган.

Қарор билан тасдиқланган Низомнинг 94-бандига асосан, ташқи реклама объекти Низом талабларига мос келмаган ҳолда жойлаштирилган бўлса ёки ташқи реклама объектини мазкур Низом талабларига мослаштириш имкони мавжуд бўлмаган тақдирда, ваколатли орган - туман (шаҳар) ҳокимликларининг кўрсатмасига асосан қонун ҳужжатларига мувофиқ ташқи реклама объектларини ўрнатиш учун аввал тузилган шартномалар, берилган паспортлар, гувоҳномалар, сертификатлар, рухсатномалар ва ҳуқуқни белгиловчи бошқа ҳужжатлар ҳокимларининг тегишли қарорларига асосан бекор қилиниши, ташқи реклама объекти эгаси қарордан рози бўлмаган тақдирда, судга шикоят қилиниши мумкинлиги;

95-бандига мувофиқ, ушбу Низом талабларига жавоб бермайдиган ташқи реклама объекти, шу жумладан қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда жойлаштирилган ташқи реклама паспорти, гувоҳнома, рухсатнома ва ҳуқуқни белгиловчи бошқа ҳужжатлар бекор қилинган тақдирда ташқи реклама объекти қиймати қайтарилмаслиги белгиланган», – дейилади агентлик берган муносабатда.

Лекин, Kun.uz билан мулоқот қилган кўплаб тадбиркорлар уларга ҳеч қандай кўрсатма ва огоҳлантириш берилмаганини ва реклама баннерларидан ҳеч қандай камчиликлар топилмаганини айтиб ўтди.

Бундан ташқари, ички ишлар органлари ходимларининг тадбиркорларнинг чақирув асосида келиб, уларга ёрдам бермаётгани юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ҳам изоҳ берди. Пойтахт ИИББ вакили бундай ҳолатда ҳар бир вазиятга алоҳида ёндашиш керак бўлишини айтиб ўтди.

«Ҳокимлик ва тадбиркорлар ўртасидаги масала фуқароликка доир масала бўлиши ёки ҳеч қандай жамоат тартибини бузиш ҳолати кузатилмаган бўлиши ҳам мумкин. Лекин, ҳар қандай ҳолатда ҳам тадбиркор ўша ҳудуддаги ички ишлар бўлинмаси раҳбари ёки прокуратурага ариза билан мурожаат қилиши керак. Шунда унинг аризаси асосида иш ўрганиб чиқилади», деди у.

Гувоҳи бўлганингиздек, тадбиркорлар пойтахтдаги қонунсизликлар туфайли шунча мулкидан айрилиб улгурди. Бир неча ҳафтадан буён ижтимоий тармоқларда айланаётган ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмасдан бузилаётган тадбиркорларнинг реклама баннерларидан пойтахт ҳокимлигининг «хабари йўқ» экан, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши керак бўлган Бизнес омбудсман, Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура каби ташкилотларнинг жим турганини қандай тушуниш мумкин?

Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид