Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Теҳрон марказидаги ерости бункери Исроил ҳужумига учради
Исроилнинг қарийб 50 та жанговар самолёти Эрон пойтахтидаги ҳукумат бинолари остида жойлашган ерости мажмуасига ҳужум қилди. Гувоҳлар Теҳронда кучли портлашлар бўлганини хабар қилмоқда.
Фото: Getty Images
Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) 6 март, жума куни, ҳалок бўлган Эрон олий раҳбари Али Хоминаийнинг ерости бункери йўқ қилинганини билдирди. Исроил ҳарбийлари баёнотида айтилишича, ушбу ерости мажмуаси Теҳрон марказидаги ҳукумат бинолари остида жойлашган бўлган. Бункернинг йўқ қилиниши “Эрон раҳбариятига берилган навбатдаги зарба” бўлди, деди ЦАҲАЛ матбуот котиби Эффи Дефрин.
Али Хоминаий деярли бир ҳафта аввал Исроил—АҚШ ҳаво зарбалари чоғида ўлдирилган эди — Исроил армияси маълумотига кўра, у бункердан фойдаланишга улгурмаган. Оятуллоҳ ҳалок бўлганидан кейин ҳам мамлакатнинг юқори лавозимли раҳбарлари ушбу бункердан фойдаланишда давом этган. “Чунки улар бу ерни хавфсиз жой, у ерга кириб боришнинг иложи йўқ деб ўйлаган. Улар адашган. Ҳозир биз зарба натижаларини кутмоқдамиз”, — деди Дефрин.
Исроил армияси баёнотида айтилишича, тахминан 50 та Исроил жанговар самолёти ҳужум қилган бункер ҳукумат учун “ҳарбий фаолият базаси” бўлиб хизмат қилган. Мавжуд маълумотларга кўра, у бир нечта кўчалар остигача чўзилган ва кўплаб кириш йўлларига эга бўлган. Дефрин сўзларига кўра, бункер турар жой ҳудуди остида ҳам жойлашган.
Исроил ҳарбийлари таъкидлашича, ушбу мажмуага берилган зарба режимнинг “қўмондонлик ва назорат имкониятларини” янада заифлаштиради. Теҳрондаги гувоҳлар кўплаб уй-жойларда сезилган кучли портлашлар ва силкинишлар ҳақида хабар берган.
Ҳозирча қурбонлар ҳақида маълумот келиб тушмаган. Аввалги кунларда Исроил ҳаво кучлари, тахминларга кўра, бункер устида жойлашган муҳим ҳукумат биноларига ҳам зарбалар берган эди.