Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“5 кунлик”ка ўтаётган тиббиётчилар ва нақдсиз савдодаги янги талаблар: 1 апрелдан нималар ўзгаради?
Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.
Зўравонликка учраган аёллар учун «SOS» чақирув имконияти ишга туширилади;
Нукус шаҳрининг айрим аҳоли пунктларида яшовчиларга боғча тўловларида имтиёзлар жорий қилинади;
Кекса ёшдаги нотариус лавозимида бўлишнинг энг юқори ёш чегараси оширилади.
Алкогол ва тамаки маҳсулотларини нақд пулга сотиб олиш тақиқланади.
Kun.uz анъанага мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида кучга кирадиган айрим нормаларни эслатиб ўтади.
Давлат шифохоналари 5 кунлик иш тартибига ўтади
2025 йил 9 ноябрда президентнинг “Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. Унга кўра, 1 апрелдан давлат тиббиёт муассасаларининг иш вақти режими 5 кунлик иш ҳафтасига ўтади.
Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда узилиш бўлмаслиги учун байрам ва дам олиш кунларида навбатчилик тизими йўлга қўйилади. Бу орқали шифохоналар ва бошқа давлат тиббиёт муассасалари зарур ҳолатларда фаолиятини давом эттиради.
Мазкур тартиб тиббиёт муассасаларида иш жараёнини самарали ташкил этиш, ходимларнинг меҳнат юкини мақбуллаштириш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга қаратилган. Шунингдек, бу ўзгариш аҳоли учун тиббий ёрдам олиш имкониятларини чекламаслиги таъкидланмоқда.
Ҳужжатда тиббиёт ва фармацевтика ходимларини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳам назарда тутилган. Қайд этилишича, давлат тиббиёт муассасалари ходимлари “Тиббиёт ходимлари куни” муносабати билан Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ҳар йили меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида рағбатлантирилади.
Радарлар ҳам жарима баллари ёзади
2026 йил 1 апрелдан эътиборан радарлар қайд этган қоидабузарликлар учун ҳам ҳайдовчиларга жарима баллари ёзилади.
Ҳукумат қарори билан жарима балларини транспорт воситасининг мулкдори ва мазкур транспорт воситасидан ишончнома, суғурта полиси ёки йўл варақаси асосида фойдаланувчи бошқа ҳайдовчилар ўртасида тақсимлаш тартиби белгиланди. Унга кўра, ўзига тегишли автомобилни бошқариш учун бошқа шахсга берган мулкдорлар шахсий электрон кабинет очиб, машинани кимга топшираётганини кўрсатиши, ўша шахс эса машинани бошқариш учун қабул қилиб олганини тасдиқлаши керак. Агар қабул қилиб олувчи буни тасдиқламаса, радарлар қайд этган жарима баллари ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган тақдирда машина эгасининг ҳисобига ёзилади.
Агар қабул қилиб олувчи шахс буни тасдиқламаса, шунингдек, транспорт воситасининг мулкдорида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаса, бундай транспорт воситаларида содир этилган қоидабузарликлар учун ҳисобланадиган жарима баллари йиғиндиси 12 баллдан ошганда, жарима майдончасига жойлаштириш орқали вақтинча ушлаб турилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жарима балларини ҳисоблаш тартиби – узоқ кечикишлардан кейин – 2025 йил 1 июндан бошланди. Шундан буён фақат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими томонидан қўл режимида қайд этилган қоидабузарликларга нисбатан жарима баллари ҳисоблаб келинмоқда.
Бу тизимда қоидабузарликларнинг йигирмага яқин тури учун 0,2 баллдан 2 баллгача жарима баллари белгиланган. Хусусан, тезликни рухсат этилганидан соатига 20 километргача ошириб юборганлик учун 0,5 балл ҳисобланади. 12 ой ичида 12 балл тўплаган ҳайдовчилар 6 ойдан 3 йилгача муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлади.
Нақдсиз савдо даври бошланади
Ўзбекистонда бир қатор тўловлар фақат нақд пулсиз шаклда қабул қилина бошлайди. Бу президентнинг “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган.
Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб қуйидагилар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади:
- давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
- электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар;
- алкогол ва тамаки маҳсулотлари;
- транспортларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспортларни зарядлаш бўйича хизматлар;
- қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар;
- кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, О ва G тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш.
Фармонга кўра, ялпи ички маҳсулотга нисбатан кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 1,3 бараварга қисқартириш ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳоли томонидан тўловларни нақд пулсиз амалга ошириш улушини 75 фоизга етказиш 2030 йилгача яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланганди.
Қайд этилишича, барча савдо ва хизмат кўрсатувчи юридик шахслар томонидан электрон тўловларни қабул қилиш учун ягона QR код жорий қилинади.
Чет элликлар учун tax free тизими ишга тушади
2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда чет эл фуқароларига ҚҚСни (қўшилган қиймат солиғи) қайтариш — tax free тизими жорий этилади. Бу ҳақда президентнинг тегишли қарорида келтириб ўтилган.
Ҳужжатга кўра, ушбу тизим республиканинг барча халқаро аэропортларида амал қилади.
Янги тартибга кўра, чет эл фуқароларига уларнинг ихтиёрига асосан ҚҚСни нақд пулда қайтариб олиш имконияти яратилади. Бунда белгиланган ҚҚС ставкаси миқдорининг 85 фоизи харидорга қайтарилади, 15 фоизи эса tax free тизими операторининг хизматлари учун йўналтирилади.
Шунингдек, ҚҚСни чет эл фуқароларининг банк картасига қайтариш товарлар олиб чиқиб кетилган кундан кейин 3 иш кунидан кечиктирилмаган ҳолда амалга оширилади.
ҚҚСни қайтариш учун минимал харид қиймати, қўшилган қиймат солиғини инобатга олган ҳолда, 300 минг сўм этиб белгиланди.
Бундан ташқари, tax free тизими татбиқ этиладиган товарларнинг чегараланган рўйхати бекор қилинди. Мазкур қоида озиқ-овқат маҳсулотларига татбиқ этилмайди.
Бошқа ўзгаришлар
2026 йил 1 апрелдан бошлаб:
- давлат органлари ва ташкилотлари (ҳарбийлаштирилган тузилмалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бундан мустасно) томонидан бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳамда бюджет параметрлари доирасида зарур маблағларни киберхавфсизликни таъминлаш масалаларига йўналтирилади;
- Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан пилла етиштирувчиларга “маҳалла еттилиги”нинг коллегиал қарори асосида пиллачилик кластери ҳақиқатда пилла учун тўлаб берган маблағларнинг 35 фоизи миқдорида субсидия ажратилади;
- биологик фаол қўшимча ва косметика воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга божхона имтиёзлари татбиқ этилади;
- ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига (телефон, планшет ва бошқа қурилмалар) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари тўғрисида зудлик билан хабар бериш имконини берувчи («SOS» чақирув) «my.ihma.uz» мобил иловаси уларнинг розилиги билан ўрнатилади;
- маъмурий бошқарув жиҳатдан Нукус шаҳри таркибига кирувчи “Қаратау” ва “Бестобе” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисига давлат мактабгача таълим ташкилотларида бола таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорларига шаҳар (туман)ларнинг тоифасидан қатъи назар 50 фоиз камайтирувчи коэффициентлар қўлланила бошлайди;
- сув тежовчи технологиялар жорий қилинган ва Давлат бюджетидан субсидия ажратилган ер майдонларида сув тежовчи технологиялар ёки уларнинг асосий қисмларини ишлатмасдан, анъанавий усулда суғориш сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш деб баҳоланади ва фойдаланилган ҳар минг куб метр сув учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда молиявий санкцияларни қўллашга асос бўлади;
- ўзбек тилини билиш даражаси тўғрисида камида В1 даражадаги малака сертификатига эга чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонидан озод этилади;
- маҳаллий бюджет харажатларига биринчи ва иккинчи гуруҳ харажатлари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситаларини сотиб олиш харажатлари доирасида бюджетдан ажратиладиган маблағларни кўпайтириш ёки камайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришларни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишиш амалиёти бекор қилинади;
- экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш тартиби жорий этилади;
- ўрмон фондига кирмайдиган дарахт билан қопланган аҳоли пунктларининг ер майдонларини олиб қўйиш ва бошқа мақсадлар учун ажратишга жамоатчилик томонидан тақиқ қўйиш бўйича ташаббус киритиш имкони яратилади;
- нотариус лавозимида бўлишнинг энг юқори ёш чегараси 65 ёшдан 70 ёшга оширилади. Бунда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси томонидан ўтказиладиган суҳбат натижасига кўра нотариус ўз розилиги билан иш фаолиятини 70 ёшгача амалга ошириши мумкин бўлади;
- 2030 йил 1 январга қадар эксперимент тариқасида давлат органлари ва ташкилотларида маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланиши устидан таъсирчан назорат олиб бориш тартиби жорий этилади. Унга кўра, бир қатор давлат органлари ва ташкилотларида Ҳисоб палатасининг вакили сифатида бош инспектор фаолияти йўлга қўйилади;
- “Рақамли стартаплар” дастурида иштирок этувчи стартап лойиҳаларга IT-парк резиденти мақоми берилади ҳамда уларга қонунчиликда белгиланган экспортнинг минимал кўрсаткичлари талабисиз тегишли имтиёз ва преференциялардан фойдаланишга рухсат берилади;
- мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман (шаҳар)лардаги (Тошкент шаҳри бундан мустасно) тадбиркорлик субъектлари учун қатор имтиёзлар жорий этилади.
Мавзуга оид
14:22 / 26.02.2026
Сунъий ёмғир ёғдириш режаси, нотариусларга янги ваколат ва “меҳрли оила” хизмати: 1 мартдан нималар ўзгаради?
19:57 / 30.01.2026
Ҳажга навбат энди онлайн бўлади, 50 “ёшдан” ошган машиналар тарихга киради — 1 февралдан нималар ўзгаради?
15:57 / 27.12.2025
Ишга тушадиган “эскроу”, тиббиёт ходимларига имтиёз ва бошланадиган “эко-стикер”лар даври – 1 январдан нималар ўзгаради?
19:24 / 28.11.2025