“Меҳрли оила” хизмати ташкил этилади
2026 йил 1 мартдан бошлаб “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ота-оналари учун «меҳрли оила» хизмати ташкил этилади. Бу ҳақда президентнинг тегишли фармонида келтириб ўтилган.
“Меҳрли оила” хизмати Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Болаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий интеграция маркази томонидан ташкил этилади. Хизматга ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) комиссияларининг қарори асосида жалб қилинади.
Шунингдек, “меҳрли оила” хизматига жалб қилинган ота-оналарга фарзандларининг психофизик хусусиятларини инобатга олган ҳолда оиласи билан бузилган муносабатларни тиклаш ва уларнинг ижтимоийлашувига кўмаклашиш учун “оилавий терапия” хизматлари бепул кўрсатилади.
Сунъий ёмғир ёғдириш бўйича тажриба лойиҳаси яратилади
Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдириш технологиясига илмий асосланган ҳолда, амалий пилот лойиҳа ишлаб чиқилади. Бу – 2026 йилги давлат дастурида кўрсатилган.
Лойиҳа устидаги ишлар 2026 йил 1 мартдан бошланади. Сунъий ёмғир ёғдириш учун Франция, Хитой, Саудия Арабистони каби хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилади.
Пилот тажрибалар доирасида камида 3–5 та амалий синов ўтказилади. Бу орқали ёғингарчилик ўзгариши табиий фонга нисбатан 10–20 фоизга ўсиши таъминланади.
Вазифа ижрочилари – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Фанлар академияси ва Тошкент вилояти ҳокимлиги.
Маълумот учун, 2025 йил апрел ойида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда илк марта ёмғир ёғдириш технологияси жорий этилганини хабар қилганди. Хабарда айтилишича, Навоий вилоятининг Конимех туманига ёғингарчиликни сунъий равишда юзага келтирувчи замонавий аппарат олиб келинган бўлиб, лойиҳа Қозоғистоннинг “International Centre of Climate Change Technologies” (ICCT) компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилган.
Нотариусларга янги ваколатлар берилади
















