Қоғоз сарфи чекланади
2026 йил 1 майдан бошлаб кейинги 5 йил давомида давлат ташкилотларида қоғоз харажатлари камайтириб борилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг 2026 йил 18 мартдаги тегишли қарорида белгилаб қўйилган.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 майдан республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида:
- келгуси 5 йилда харажатлар сметасини тузиш жараёнида қоғоз, сиёҳ, принтер ва нусха кўчириш ускуналарини харид қилиш харажатлари миқдори ҳар йили 15 фоизга камайтирилган ҳолда режалаштирилади;
- принтерлардан марказлашган ҳолда умумий фойдаланиш тизими жорий қилинади. Бунда умумий фойдаланишдаги очиқ офисда фаолият юритувчи ҳар 20 нафар ходим учун 1 дона принтер ажратилади;
- ҳар ойда 1 маротаба «Қоғозсиз бир кун» экоакцияси ўтказилади.
2026 йил 1 июнга қадар ишлатилган қоғозларни йиғиш учун махсус чиқинди қутилари ташкил этилади ва уларни қайта ишлаш корхоналарига етказиш тизими йўлга қўйилади. Шунингдек, ҳар бир таркибий бўлинмадаги ходимлар сони, иш ҳажми ва ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда қоғоз сарфи учун чеклов жорий қилинади.
Бундан ташқари, 1 майдан ҳар ойда бир маротаба «Қоғозсиз бир кун» экоакцияси ўтказилади. Ушбу кун давомида ходимларнинг ҳужжатларни тўлиқ электрон шаклда юритиши ташкил этилади.
1 майдан идоравий архивлардаги ҳужжатларни тўлиқ рақамлаштириш ҳамда уларни давлат архивига электрон шаклда топширишни йўлга қўйиш ҳам назарда тутилган.
Домофонсиз рухсат йўқ
2026 йил 1 майдан бошлаб янги қуриладиган кўп квартирали уйлар учун айрим талаблар қўйилмоқда. Бу давлат раҳбарининг 2026 йил 5 февралдаги тегишли қарорида қайд этилган.
Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 майдан янги қуриладиган кўп квартирали уйларнинг лойиҳа ҳужжатларида ҳар бир подъездга, лифтларга ва туташ ҳудудга кузатув камералари, шунингдек, кириш эшикларига домофон комплекслари ўрнатиш назарда тутилади:
Бунда:
- ушбу объектлар лойиҳа ҳужжатларига киритилмаганда лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш тақиқланади;
- мазкур мулклар умумий мол-мулк ҳисобланади ва улар сақлаш учун белгиланган тартибда бошқарувчига топширилади ҳамда тегишли маълумот «Менинг уйим» АБТнинг «Турар жой» ахборот бўлимига киритилади.







