Ўзбекистон | 21:24 / 11.09.2021
24455
7 дақиқада ўқилади

Qalampir.uz журналистига таҳдид қилган прокуратура ходимига чора кўрилмади. Унга “одоб дарси” ўтилган

Qalampir.uz сайти журналистига таҳдид қилган прокуратура вакили узр сўраш билан қутулиб қолган. Таҳририят бу ҳақда ўз баёнотида маълум қилди.

Фото: Qalampir.uz

Нашрнинг қайд этишича, 6 сентябр куни таҳририят аъзолари – бош муҳаррир ўринбосари Феруза Нажмиддинова, тасвирчи Хўжамиёр Холмуродов ва юрист Шоҳрух Олимжонов Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 2-мавзеда қурилиши якунланмаган 14 та бино прокуратура ва ички ишлар ходимлари иштирокида бузиб ташланаётгани ҳақидаги мурожаат юзасидан ўрганиш ўтказиш учун воқеа жойига етиб боради.

Улар журналист эканликларини тасдиқловчи ҳужжат билан “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда белгиланган тартиблардан четга чиқмаган ҳолда журналистик фаолиятини амалга оширишга киришади.

Шу вақтда журналист Ф.Нажмиддинова ва тасвирчи Х.Холмуродовнинг журналистик фаолиятига Юнусобод тумани прокуратураси ходими Умид Азизов томонидан тўсқинлик қилинади. Азизов ёнидаги ички ишлар посбонларига ОАВ ходимлари тартибсизлик келтириб чиқараётганини айтиб, уларни ички ишлар бўлимига олиб боришни буюради. Бунинг учун махсус автобус ҳам чақиртирилади.

Шунингдек, журналистларнинг тасвирга олишига ҳам тўсқинлик қилинган. У.Азизов тасвирчи Х.Холмуродовни ёнига чақириб, тасвирларни ўчириб юборишни ва воқеа жойидан кетишни талаб қилган.

Таҳририят бўлиб ўтган воқеа ҳақида 7 сентябр куни мақола ва видеони эълон қилди. Ҳолат бўйича ўтказилган ўрганишлар натижаси юзасидан 11 сентябр куни Бош прокуратура Qalampir.uz'га расмий баёнот берди. Унда қайд этилишича, Умид Азизов прокуратура органлари тизимида 2019 йилдан, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Юнусобод тумани прокурори сектори котиби вазифасида 2020 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.

Бош прокуратуранинг тасдиқлашича, 2-сектор котиби У.Азизов томонидан мазкур сайт тасвирчисига олинган видеоларни ўчириб кетишини айтиб, журналистик фаолиятга тўсқинлик қилгани аниқланган.

“Текшириш натижасига кўра, У.Азизов билан Тошкент шаҳар прокурори ҳузурида профилактик суҳбат ўтказилиб, келгусида оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид қонунчиликка ҳамда прокуратура органлари ходимларининг “Касб одобномаси”га қатъий риоя қилиш, акс ҳолда интизомий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилди”, – дея Бош прокуратура ахборотидан иқтибос келтирган Qalampir.uz.

Нашрнинг эътибор қаратишича, бугунгача журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилиш, тазйиқ ўтказиш, таҳқирлаш каби бир неча ҳолатлар юз берган бўлса-да, биринчи марта журналист фаолиятига тўсқинлик қилингани аниқланиб, мансабдор шахснинг айби тан олиняпти. 

“Албатта, Qalampir.uz таҳририяти Бош прокуратуранинг журналист фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолати бўйича ўтказган ўрганишлари ва адолатни тиклаш борасидаги хатти-ҳаракатларини олқишлайди. Бироқ, танганинг иккинчи тарафи ҳам бор.

Ўзбекистонда юқоридаги каби ҳолатлар бир неча бор кузатилди ва жуналист дахлсизлигини таъминлаш, унинг касбий фаолиятини амалга ошириш жараёнида тўсқинлик ўтказиш ҳолати бўйича жавобгарликка тортиш масаласи долзарб бўлиб бораётгани таъкидлаб келинмоқда. Бироқ, мавжуд қонунларимизда журналист фаолиятига тўсқинлик қилиш учун жавобгарлик белгиланмаган. Шу боис ҳар қайси мансабдор қилмиши учун жавобгарликдан узр-маъзур билан қутулиб қоляпти.

Оқибатда журналистларга нисбатан тазйиқ, босим, таҳдид, сўз ва матбуот эркинлигига ғов бўлиш ҳолатлари ортса ортяптики, камаймаяпти. Бундан азият чекаётган журналистлар эса ўзига кўрсатилган босим, тазйиқ, таҳдид, тўсқинлик қилиш ҳолатларига бугунгидек “одоб дарслари”ни ўтиш билан жавоб қилинаётганини кўриб, билиб турибди. Хўш, бундан кейин журналист кимга, қайси қонунларга ишониб қалам тебратсин? 

Журналистларга қайта-қайта қонунларга итоат қилиш, этика қоидаларини бузмаслик, ахборот олиш ва тарқатишда холислик принципига амал қилиш эслатилади. Бунга риоя қилмаган журналист ва блогерлар жавобгарликка тортилганига ҳам гувоҳ бўлдик. Kun.uz ва Azon.uz билан шундай ҳолатлар кузатилганидан кўпчиликнинг хабари бор. Лекин журналистнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлар қачонгача узр ва “одоб дарслари” билан қутулади?

Президент Шавкат Мирзиёев журналистларни ўзининг яқин дўсти деб билишини бир неча бор таъкидлади. Шунга қарамай, айрим ижро ҳокимияти органларида оммавий ахборот воситаларига нисбатан нафрат сақланиб қолмоқда.

Qalampir.uz ва Юнусобод тумани прокуратураси ходими, шунингдек кўплаб журналистлар билан рўй берган ана шундай ҳолатлар қонунларимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, хусусан журналист фаолиятига тўсқинлик қилиш бўйича жиноят кодексида жавобгарлик белгилаш зарурати ортиб бораётганини кўрсатади.

Айни ҳолатда журналистнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлар “одоб дарси” билан қутулиб қолиши қанчалик тўғри? Нега қонун ҳимоячиси бўлган мансабдорга қонунга ва “касб одобномаси”га риоя қилиши эслатиб турилиши керак?! Бу уларнинг бурчи ва мажбурияти эмасми? Бой жиноят қилса шўхлик, камбағалники жиноятми? Ҳолбуки, Qalampir.uz ходимлари билан содир бўлган ҳолат Жиноят кодексининг 206-моддаси – Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш билан малакаланиши ва У.Азизов жавобгарликка тортилиши мумкин эди. Аммо, бундай бўлмади”, – дейилади баёнотда.

Сайт таҳририяти Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, сиёсий партиялар, журналистлар ва блогерлар жамиятини, сўз ва матбуот эркинлигига бефарқ бўлмаган жамоатчилик вакилларини ушбу масалани атрофлича муҳокама қилишга чақирган.

Қайд этиш лозим, Ўзбекистонда журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари учраб туради. 2019 йилда Kun.uz журналисти Раҳматилла Исроилов Олмазор тумани ҳокимлигида таҳдидга учраган, сўнг ҳоким ўринбосари унга нисбатан туҳмат қилгани оқибатсиз қолган эди.

Бир ой олдин Qalampir.uz журналистига нисбатан интернетда туҳмат тарқатилган, бироқ видеони тарқатган шахслар аниқланмай қолганди. Шу йил апрелда Қарши шаҳрида ИИБ мансабдори Daryo.uz журналистига таҳдид қилганди.

Мавзуга оид