Иқтисодиёт | 21:12 / 20.09.2023
20703
3 дақиқада ўқилади

Электр тақсимлаш тизимини рақамлаштириш учун 275 млн доллар қарз жалб қилинади

Ўзбекистон бўйлаб 26 та электр тақсимлаш подстанциясини рақамлаштириш учун Осиё тараққиёт банки 200 млн доллар, Франция тараққиёт агентлиги эса 70 млн евро ажратади.

Фото: Хоразм ҳудудий электр тармоқлари корхонаси

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон энергия тақсимлаш тизимини модернизация қилиш ва рақамлаштириш учун 200 млн доллар пул ажратади. Бу ҳақда ОТБ расмий сайтида хабар берилди.

“Тақсимлаш тармоғини рақамли трансформация қилиш ва барқарорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида республика ҳудудларидаги 26 та тақсимловчи подстанциялар рақамли подстанцияларга, жумладан, диспетчер назорати ва маълумотларни йиғиш (SCADA) тизимига модернизация қилинади.

“Ўзбекистоннинг эскириб қолган тақсимлаш тармоғини модернизация қилиш мамлакатнинг узоқ муддатли яшил ва кам углеродли стратегияси учун муҳим аҳамиятга эга, – деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков. – Биз нафақат энергия хизматлари сифатини яхшилаш, балки иссиқхона газлари чиқиндиларининг кўпайишига олиб келадиган электр энергия йўқотишларини камайтириш орқали тоза энергияга ўтишни осонлаштирадиган ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз”.

Прогнозларга кўра, Ўзбекистонда энергияга бўлган талаб 2019 йилдаги 67 TWh'дан 2030 йилда 120,8 TWh'гача ошиши кутилмоқда. Ҳукумат 2030 йилга қадар мавжуд 12,9 GW қувватга қўшимча равишда 17 GW миқдорда электр энергияси ишлаб чиқариш салоҳиятини қуришни, жумладан, 8 GW қувватга эга қайта тикланадиган энергия лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирмоқда.

“Ушбу лойиҳа Ўзбекистонга мамлакатнинг ортиб бораётган талабини қондириш учун зарур бўлган қўшимча энергияни ишончли етказиб бериш имконини беради, – деди ОТБнинг Энергетика бўйича бош мутахассиси Сун Дак Ким. – Шунингдек, етказиш ва тақсимлаш тизимларини модернизация қилиш, ақлли ва мослашувчан тизимлар қуёш ва шамол каби қайта тикланадиган энергия манбаларининг ўзгарувчанлигини яхшироқ бошқариш имконини беришини ҳисобга олсак, мамлакатга қайта тикланадиган энергияни тармоққа кўпроқ интеграция қилиш имконини беради”.

Шунингдек, Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) Ўзбекистонга қисман ОТБ томонидан бошқариладиган 70 млн евро (тахминан 75 млн АҚШ доллари) миқдорида қўшма молиялаштиришни тақдим этади.

Маълумот учун, ОТБ 1966 йилда ташкил этилган ва унинг аъзолари сони 68 та, шундан 49 таси Осиё-Тинч океани минтақасида жойлашган. Ўзбекистон ташкилотга 1995 йилда аъзо бўлган. Бугунги кунга қадар банк томонидан мамлакатга 10,8 миллиард доллар миқдорида қарзлар, грантлар ва техник кўмак тақдим этилган.

Аввалроқ, ОТБ Ўзбекистонга иқтисодий бошқарувни яхшилаш учун 150 млн доллар, “Ўзбекистонда шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастури” лойиҳасини амалга ошириш учун 59 млн доллар, инсон капиталини ривожлантириш учун 93 млн доллар, еттита вилоят: Бухоро, Фарғона, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Навоий ва Тошкентдаги умумий узунлиги 359 км бўлган 12та электр узатиш линияларини қайта таъминлаш учун 125 млн доллар қарз бериши хабар қилинганди.

Мавзуга оид