Жаҳон | 13:28 / 23.08.2022
14268
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Эрдўған ва Асад Ўзбекистондаги ШҲТ саммитида учрашиши мумкин

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Сурия етакчиси Башар Асад Самарқандда икки томонлама учрашув ўтказиши мумкин. Икки давлат раҳбарлари 2011 йилдан бери гаплашмаяпти.

Фото: Tasnim

Россия президенти Владимир Путин Ражаб Тоййиб Эрдўғанни сентябр ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитига таклиф қилди, деб хабар бермоқда Эроннинг Tasnim агентлиги манбаларга таяниб. Путин саммитга Сурия президенти Башар Асадни ҳам таклиф қилди.

Матбуот хабарларига кўра, Туркиянинг «Ватан» партияси раҳбари Дўғу Перинчек яқин орада делегация таркибида Сурияга жўнаб кетади ва у ерда Башар Асад билан учрашиб, музокаралар ўтказади. Перинчек билан бир қанча собиқ вазирлар ва «турк дипломатияси фахрийлари» сафарга чиқади. Иштирокчиларнинг аниқ сони ва делегация таркиби келтирилмаган. Сафар ҳисоботи Туркия расмийларига тақдим этилади. 

Учрашувда алоқаларни тиклаш, Сурия шимолида терроризмга қарши биргаликда курашиш ва қочқинларни қайтариш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган. Tasnim хабарига кўра, агар бу учрашув «ижобий» бўлса, Туркия ва Сурия президентлари ШҲТнинг бўлажак йиғилиши доирасида учрашиши мумкин. 

Туркиянинг Turkiye газетаси август ойи бошида Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Башар Асад телефон орқали мулоқот қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Икки давлат раҳбарлари 2011 йилдан бери гаплашмаяпти. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги бўлажак музокаралар ҳақидаги маълумотни рад этди. Дипломатик идора раҳбари Мавлуд Чавушўғли Сурия билан тўғридан тўғри алоқалар ҳақида ҳозир «гап-сўз ҳам бўлиши мумкин эмас» деди. 

Мавзуга оид