Роппа-роса бир йил муқаддам Башар Асад Суриядан Москвага, Владимир Путиннинг олдига қочган, Россия эса Яқин Шарқдаги муҳим иттифоқчисидан айрилганди. Асадлар сулоласи ҳокимиятда ярим асрдан узоқроқ вақт қолди. Энди эса мамлакатни бир йил олдин ҳам террорчи ҳисобланган Аҳмад аш-Шаръа бошқармоқда.

Сурия 12 ой ичида нималар ўзгарди ва бундан кейин нимани кутиш мумкин?

Сурия муваққат президенти тезлик билан халқаро майдонга чиқиб борди, Доналд Трамп билан икки марта учрашди, Кремл ва Оқ уйда меҳмон бўлди, Европа ва араб давлатлари қўллаб-қувватловига эришди, БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлади.

Унинг ташқи сиёсатдаги муваффақиятларини мўъжиза деб аташмоқда, у террорчи тамғасидан халос бўлди, Ғарбдагилар у билан қўл бериб кўришдан тортинмаяпти ва Суриядан санкцияларни олиб ташланишига оз қолди – 13 йиллик урушдан кейин ўзини ўнглай олиши учун унинг мамлакатига хориждан пуллар оқими жуда зарур.

Аммо Сурия ичкарисида ютуқлардан кўра муаммолар кўпроқ. Уруғ-аймоқчилик, этник ёки конфессионал асосдаги қотилликлар, судсиз қатллар, одам ўғирлаш ва собиқ тузум давридаги қотилликлар учун айбдорларни судга тортишга уринишлар.

Парчаланган мамлакат

Кўплаб шаҳар ва туманлар вайронага айланган
Anadolu via Getty Images

Аш-Шаръа Асаддан хароба ҳолатдаги, давлат институтлари йўқ қилинган ва аҳолиси қашшоқларга айланган мамлакатни мерос қилиб олди.

У ҳозир ҳам мамлакат ҳудудининг учдан бир қисмини назорат қилмайди: шимоли-шарқдаги ҳудудлар курд кучлари, жануб – друзлар таъсирида, шимолда туркпараст тузилмалар ўрнашган, шунингдек, кўплаб қишлоқлар маҳаллий қабила қўмондонлари ҳукмронлиги остида.

Туркия Дамашқни ўз таъсирига олиш учун Қатар ва Саудия Арабистони билан баҳслашмоқда, Исроил Сурия жанубида операциялар ўтказмоқда ва аш-Шаръани Жўлан тепаликларидан воз кечишни назарда тутувчи тинчлик келишувига мажбурламоқда. Суриянинг ўтмишдаги асосий иттифоқчиси бўлган Россия ҳам Дамашқдаги таъсирини йўқотишни истамайди, аммо Москвага қочиб кетган Асадни янги ҳокимиятга топширишга рози эмас.