Ўзбекистон | 14:14 / 07.02.2024
16542
3 дақиқада ўқилади

Навоийда “Шарманда доскаси” пайдо бўлди

Жиноят содир этган шахсларнинг сурати илинадиган ана шундай деворий пешлавҳалар Навоийдаги маҳаллаларга тарқатиш учун тайёрлаб қўйилгани айтилади Kun.uz манбаси маълумотида.

Навоийдаги маҳаллаларда “Шарманда доскаси” пайдо бўлди. Kun.uz манбасига кўра, ана шундай “Шарманда доскаси” Кармана туманидаги маҳаллаларга тарқатиш учун тайёрлаб қўйилган.

Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Навоий вилояти Маҳаллалар уюшмаси раиси Ғофур Алиев билан боғланди.

“Бундай турдаги тахтадан хабарим йўқ. Бизга бу борада бирор топшириқ ҳам берилмади. Ўзим ҳам энди эшитиб турибман. Менимча, “Шарманда доскаси” бўлишининг ўзи унчалик тўғри эмас”, дея маълум қилди уюшма раиси Kun.uz журналисти билан суҳбатда.

Kun.uz Кармана тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Набижон Чўлиев билан боғланиб, ҳолатга изоҳ олди. Унинг таъкидлашича, тахтанинг номланиши хато кетган.

“Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган Низомда суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахснинг фотосурати у томондан содир этилган жиноят тўғрисидаги маълумот билан бирга маҳалла фуқаролар йиғинидаги барчага кўринадиган эълонлар тахтасига бир ойлик муддатга жойлаштирилиши белгиланган.

Жойларда фирибгарлик ҳолатлари кўпаймоқда. Айрим маҳаллаларда одамлар ўша маҳаллада яшовчи, фирибгарлик жиноятини содир қилган шахсни танимасдан, унга алданиб қолишяпти. Шунинг учун, Низом талабларини бажариб, шундай шахслар ҳақидаги маълумотни белгиланган тартибда эълонлар тахтасига илдириб қўямиз.

Аслида эълонлар тахтаси бўлиши керак эди, уни тайёрлашда хатоликка йўл қўйилган. Ҳозирда хатоликни тузатиб, маҳаллаларга шундай эълонлар тахтасини ўрнатиб чиқяпмиз”, дейди Набижон Чўлиев.

Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Низомда келтирилишича, суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахс суднинг оқлов ҳукмини тақдим қилган тақдирда, унинг фотосурати ва содир этилган жиноят тўғрисидаги маълумот профилактика инспектори томонидан маҳалла фуқаролар йиғинидаги эълонлар тахтасидан дарҳол олиб ташланади. Шунингдек, ушбу ҳолат бўйича аввал ўтказилган муҳокама юзасидан уч кун муддатда раддия тайёрланиб, эълонлар тахтасига бир ойлик муддатга жойлаштирилади.

Мавзуга оид