Жамият | 20:00 / 14.01.2019
40394
9 дақиқада ўқилади

«Биз ҳам курсдошларимиз каби рағбатни истаймиз»​. Ўзбек ОТМларида таҳсил олаётган хориж талабалари нимадан норози?

Фото: Sputnik

Ўзбекистонда таҳсил олаётган хорижий талабалар жуда кам: 2017 йил ҳолатига кўра, атиги 709 нафарни ташкил этган. Ҳозирда кўрсаткич узоғи 1000 нафарга етган бўлса керак. Қўшни мамлакат – Қозоғистон олий таълим даргоҳларида чет элликларнинг салмоғи қарийб 14 мингни (15.02.2018 га кўра) ташкил этади. 2020 йилга бориб, ушбу кўрсаткич, 50 минг нафар хорижий талабани қамраб олган ҳолда, яна юқорилаши кутилмоқда. Бунинг устига, қўшни республикада олий таълим сифати нисбатан юқори. Демак, ҳар бир университет обрўсини, жумладан унда таҳсил олаётган халқаро талабаларнинг сони ҳам омил сифатида белгилаб беради.

Хўш, Ўзбекистон олий таълим тизимида нега бу кўрсаткич бунчалик паст? Қидирсак, сабаблар сон мингта. Тўғри, сўнгги 2 йил ичида дунё рейтингига киришга ҳаракатлар сезиляпти. Қабул квоталари эркинлаштирилиши, қўшма факультетлар, иқтисодий мустақиллик ва бошқалар мисол бўла олади. Лекин барибир ҳам бу тизимда давлатнинг йиллар давомида якка монопол бўлиб келгани, натижада ислоҳотларни эркин тарзда амалга оширишга тўсқинлик қилинаётгани, айниқса, ОТМ ректорларига жуда ҳам билинса керак, чунки «мустақил» қарор қабул қилаётганда, албатта, вазирлик билан маслаҳатлашилади. 

Kun.uz'га мурожаат қилган хорижлик талабанинг айтишича, у хориж фуқароси бўлгани учун контракт тўловини маҳаллий талабалар учун белгиланган миқдордан деярли 3 баравар кўп тўлайди. Шунингдек, у барча маҳаллий талабалар сингари стипендия олмайди. Масалани чуқурроқ таҳлил қилиш учун соҳа вакилларига юзланиб, иккита муҳим савол билан мурожаат қилдик: хориж талабалари контракт суммасини нима сабабдан оширилган суммада тўлашади ва нима учун стипендия берилмайди?

Молия вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, вазирлик Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги белгилаб берган суммани фақатгина ҳисоблаб бераркан (масалан, нима учун айнан 3 баравар қимматроқ, деган савол уларни қизиқтирмайди ёки уларда бундай маълумот йўқ). 

Молия вазирлиги 2008 йилнинг 4 августидаги Вазирлар Маҳкамасининг «Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан иш кўради. Унда тўлов миқдорини реал харажатлардан келиб чиқиб, 2 минг АҚШ долларидан 4 минг АҚШ долларигача белгилаш назарда тутилган.

Лекин реал харажатлар қайси мезон билан аниқланади, деган саволга қарорда якдил жавоб йўқ. 

Стипендия белгилаш бўйича саволга келадиган бўлсак,  Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 17 августдаги «Олий ўқув юртлари талабаларига стипендиялар тўлаш тартиби ва миқдори тўғрисида»ги қарорида тўлов-контракт ва давлат грантлари асосида кундузги таълим шаклида ўқиётган талабалар (хорижий мамлакат талабаларидан ташқари) стипендия билан таъминланиши айтилган.

Олий таълим сифатини ошириш, тўғри бошқарувни йўлга қўйиш, кўп ҳолларда, ректорларга боғлиқ. Шу мақсадда Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети ректори Ғанишер Раҳимов мулоҳазаларини ҳам келтириб ўтамиз:

«Хориж талабалари учун контракт тўлови миқдори Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан белгиланган. Бу сумма халқаро шартномаларга мувофиқ, 2000 – 4000 АҚШ доллари деб тасдиқланган.

Эътибор берсангиз, ҳеч қайси давлатда хориж фуқаросига олий таълим муассасасида стипендия берилмайди, балки ўқишда яхши натижа кўрсатган иқтидорли талабаларга грант ажратиб берилади. Шу орқали университетлар хорижликларни ўзига жалб этади. Ўзбекистон ОТМларида хорижликлар учун контракт-тўловига келадиган бўлсак, бунда уларга енгилликлар берилган. Хориж фуқаросини 2 хил: хорижда доимий яшаш паспортига эга бўлган ва республикада доимий яшаш учун гувоҳномаси бўлган хориж фуқароси тоифасига ажратилади. Бунда иккинчи тоифадаги хориж фуқаросининг контракт тўлови маҳаллий суммага бироз яқинроқ бўлади. Хорижда доимий яшайдиган, Ўзбекистонга фақат ўқиш учун келганлар учун эса юқоридаги нарх (йўналишга қараб) белгиланади.

Стипендия ҳақида тўхталадиган бўлсам, бу талабаларнинг ижтимоий ҳимояси ҳисобланади ва айни пайтда бу тизим кўп муаммоларни ҳам келтириб чиқаряпти. Жумладан, талаба ва ўқитувчи муносабати кескинлашувига, ўқиш сифатининг тушишига, ёшларда боқимандалик кайфияти кучайишига олиб келди. Таклифим шундан иборатки, хориждаги олий таълим муассасалари каби стипендиялар фақат иқтидорли талабалар учун ажратилсин. Шунда талабалар ўртасида рақобат кучаяди, таълим сифати бирмунча ошади ва стипендияга нисбатан ижтимоий ҳимоя эмас, балки рағбат деган қараш юзага келади»​.

Хорижлик талабалар қандай фикрда?

Тошкент Давлат стоматология институти талабаси, Тожикистон фуқароси шундай дейди:

«Кўп йиллардан буён Ўзбекистонда яшайман. Шу ерда улғайдим ва таълим олмоқдаман. Университетда тўлов-шартнома асосида таҳсил оламан. Ҳар йили 3 баравар оширилган суммадаги шартнома пули тўлайман. Бунисига розиман, лекин биз каби чет эл фуқароларига стипендия берилмаслиги жуда қизиқ ҳолат. Биз ҳам курсдошларимиз (Ўзбекистон фуқаролари) каби тенг ҳуқуқли талабамиз ва бир хил шаклда таълим оламиз. Стипендия биз учун нафақат ижтимоий ёрдам, балки рағбат ҳам-ку? Бизда сал бўлса-да умид пайдо бўлармиди? 

Ота-онам Россияда ишлайди. Улардан кундалик харажатлар учун ҳадеб пул сўрайвериш ноқулай. Ишлай десам, ўқишдан ортолмайман (тиббиёт соҳасида масъулиятли бўлиш шарт). Стипендия масаласи қайта кўриб чиқилса, чет эллик талабалар сони ҳам ортади. Бу эса давлат бюджетига катта фойда келтириши ҳеч кимга сир эмас»​.

Тошкент Тиббиёт институтига хорижий фуқаролик паспорти билан, тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинган бошқа талаба ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди:

«Тўлов-шартнома қимматроқ. Стипендия эса умуман берилмайди. Бу масалада деканатга мурожаат қилганимда, ҳеч қандай асосли жавоб беришмаган. Ҳозирда йилига 20 млн. сўм контракт тўлайман. Ота-онам ҳам қийналишмоқда. Мен каби хорижлик талабалар учун нега бундай тизим қўлланилмоқда?»​.

Гулистон Давлат университети хорижий талабаси эса ҳозирги вазиятни Қозоғистон билан солиштирган.

«Мен қозоғистонликман. Курсдошларимга ўхшаб стипендия олиб ўқишни истайман. Бу ерда контракт асосида ўқийман, чунки биз учун давлат гранти ажратилмаган. Ўз юртимда хориж талабаларига турли грантлар ажратилган. Уларни университетларга жалб қилиш учун ҳар хил дастурлар ишлаб чиқилган. Турли давлат фуқаролари бўлсак-да, биз, ёшлар, тенг ҳуқуқлимиз. Шуни унутмаслик лозим. Ҳар ойда курсдошларим стипендия олганида,  ўзимни улардан ажралиб қолгандай ҳис қиламан. Бу, қайсидир маънода, дискриминацияни ҳам вужудга келтиради, деб ўйлайман»​.

Олий таълим вазирлиги томонидан тайёрланиб, лойиҳа сифатида кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган «Олий ва ўрта махсус таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»​​ги Президент қарорининг 10-бандида 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари ректорларига (филиаллар директорлари) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда, хорижий фуқароларни тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини тегишли таълим йўналиши ёки мутахассислик бўйича Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тўлов миқдоридан кам бўлмаган миқдорда, мустақил белгилаш ваколати берилади, деб айтилган.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, ректорлар хориж талабалари учун тўлов-шартномани ҳозирги нархидан ошириши ёки пасайтириши мумкин. 

Ушбу бандда эса стипендия жорий этиш масаласи кўрсатиб ўтилмаган. Демак, бу ҳали реалликда бўлмайди. 2018 йилнинг 17 декабрида муҳокамага қўйилиб, 2019 йил 1 январда тугалланиши режалаштирилган қарор лойиҳаси тез орада қабул қилиниши кутилмоқда. 

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг Kun.uz мухбирига билдиришича, келгусида Ўзбекистон Марказий Осиё таълим хабига айланиши лозим. Ушбу ташаббуснинг ижобий жиҳатлари шундаки, келажакда Ўзбекистон сиёсатига садоқатли, мамлакат ҳақида етарли маълумотга эга хориждаги ёш кадрлар альма матер билан алоқаларни ривожлантиришга интилади. Энг камида – минтақада сифатли таълим шароити ва рақобат муҳитини яратишга ёрдам беради.

Ўйлаймизки, қарор лойиҳаси кутилганидек, хорижий талабаларни ҳам хурсанд этувчи бандлар билан қабул қилинади. ​

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид