Жамият | 11:50 / 24.05.2019
56362
12 дақиқада ўқилади

Нега ёш олимларимиз ватанга қайтмаяпти?

Минглаб юқори малакали ватандошларимиз чет элда ўқиб, чет элда ишлашяпти. Уларнинг орасида хорижда илмий тадқиқот ўтказаётганлар ҳам, нуфузли илм даргоҳларида ўқитувчилик қилаётганлар ҳам бор. Шубҳа йўқки, бундай – халқаро билим ва тажрибага эга ёшларнинг Ўзбекистонга қайтиши ижтимоий-иқтисодий, демократик ислоҳотлар учун кучли суянчиқ вазифасини ўташи мумкин. Шу билан бирга, бу мамлакатимиз илмий салоҳияти юксалишига хизмат қилади.    

Нега кўплаб ёш олим-ватандошларимиз ўз юртига қайтмаяпти?

Ҳаммаси маошга бориб тақалади, дейиш адолатсизлик бўлади. Ҳа, Ўзбекистонда ойлик маошлар ривожланган давлатлардагига нисбатан анча паст, аммо, бу қанчалик баландпарвоз гап бўлиб эшитилмасин, аксар ёш олимлар учун биринчи ўринда моддий манфаатдорлик эмас, балки ўз ватанида эътироф топиш, билимларини рўёбга чиқариш, илм-фан ривожига, халқ фаровонлиги ортишига, ёшлар тарбиясига ҳисса қўшиш туради.

Мазкур мақола доирасида биз бу, том маънода ачинарли ҳолатнинг сабабларини, хусусан ёш олимларнинг қайтиб келиши йўлида ётган ғовларнинг асоси бўлмиш маъмурий тўсиқларни баён қилишга уринамиз.

Ғовлардан бири – нострификация (эквивалентлигини қайд этиш) 

Мазкур термин билан таниш бўлмаганлар учун: нострификация – хорижда олинган диплом, илмий даража, унвоннинг маҳаллий давлат томонидан тан олиниши. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, хорижда олинган диплом, илмий даража, унвон давлат томонидан тан олинмаса ҳақиқий ҳисобланмайди. Бошқача қилиб айтганда, сиз АҚШ ёки Европадаги нуфузли университетда докторлик даражасини олган бўлсангиз, Ўзбекистонга келишга шошилманг – нострификациясиз бу ерда ҳеч қанақа доктор эмассиз.

Нострификация жараёни енгил бўлганида ҳам майли эди. Аммо, ундай эмас. Бу эскидан қолган, мураккаб, ноаниқ, бюрократлашган жараён бўлиб, ёш олимларнинг Ўзбекистонга қайтиши йўлида ётган асосий ғовлардан биридир.

Ҳозирги кунда нострификация Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Олий аттестация комиссиясининг (ОАК) вазифасига киради. Агарда ОАК илмий даражаларни тасдиқлашнинг холис тизими сифатида ўзини кўрсатганда эди, ҳозир муаммо ҳақида гапириб ўтирмаган бўлардик. Аммо, амалда илмий унвон талабгорлари ОАКнинг сабабсиз вақт чўзишига, илмий иш ҳимояси кунини ноаниқ муддатга кўчиришига, кераксиз ҳужжатларни талаб қилишига дуч келишмоқда. Расмиятчилик ва одам ажратиш (субъективлик) – ҳозирда ОАКнинг асосий иш услуби. Бунинг устига ўтказилган сўров коррупция ҳолатларига ишора қилди.

Илмий даражаларни тасдиқлашда ишлар қандай?

Ўзбекистонда иккита докторлик даражаси бор: таянч – фалсафа доктори ва олий – фан доктори. ОАК мазкур соҳада охирги 7 йил ичида 2 бор ислоҳот ўтказди. Бошида, 2012 йилда биз бир босқичли докторлик тизимига ўтдик. Бунда базавий докторантура «номзодлик» деб аталарди.

Кейин, 2017 йилда, яна икки босқичли тизимга қайтдик. Гўёки халқаро стандартларга мувофиқлаштириш учун қилинган бу тадбир аслида бир ном алмаштириш – «фан номзоди»ни «фалсафа доктори»га алмаштириш бўлди, холос – номдан бошқа ҳеч нарса ўзгармади. Аксинча, тушунмовчилик келиб чиқди. Зеро, халқаро амалиётда фан номзоди даражаси ва фалсафа доктори даражаси – бир-бирига мос келмайдиган тушунчалар. Бунинг устига бундай бирин-кетин қилинган «ислоҳот»лар маҳаллий – мамлакат ичидаги илмий унвон талабгорларига салбий таъсир кўрсатди, уларда илмий иш қилишга бўлган рағбат пасайиб кетди.

Бошқаларда-чи?

Халқаро тажрибада олийдан кейини таълимда бир босқичли докторантура тизими амал қилади: бакалавр-магистр-фан доктори. Юқори поғона – фалсафа доктори (PhD).

Шуни таъкидлаш керакки, ҳозирда фалсафа доктори даражасининг фалсафага умуман алоқаси йўқ (алоқаси фақат тарихий) ва бу унвон турли илмий соҳаларда берилади. Бу Европа ўрта аср университетларида юзага келган анъана билан боғлиқ бўлиб, уларда философия, юриспруденция, теология ва тиббиёт факультетлари бўлиши назарда тутилар эди. Шунинг учун ҳам чет давлатларда фалсафа доктори даражасидан ташқари бошқа, бир қатор нуфузи тенг бўлган докторлик даражалари бор. Масалан, шифокорларга «тиббиёт доктори» (Doctor of Medicine), юристларга «ҳуқуқ доктори», теологларга «теология доктори» (Doctor of Theology), бошқаларга «фалсафа доктори» (PhD) унвони берилади. Баъзи давлатларда табиий фанлар билан шуғулланувчи докторларга Doctor of Science (DSc) даражаси берилади. АҚШ ва Канадада юқори илмий даража «фалсафа доктори». Яъни, докторлик даражаси фан соҳаси ёки мамлакатга қараб номланишида (PhD, DSc) фарқ қилади, холос.

Демак, Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, халқаро илмий ҳамжамияти «фалсафа доктори» (PhD) ва «фан доктори» (DSc) даражаларини фарқламайди ва ҳеч бир соҳада иккита докторлик илмий унвони йўқ. «Фалсафа доктори» (PhD) унвони кўплаб давлатларда фан докторларига бериладиган, оммалашган унвон. Хулоса шуки, бундай – 2017 йилда Ўзбекистонда жорий қилинган икки босқичли докторантура (фалсафа доктори ва фан доктори) тизими халқаро амалиётда мавжуд эмас. Хоҳлаган хорижий университетга боринг, кўрасиз – кўзга кўринган профессорлар у ерда PhD ёки DSc даражасига эга.

Биздаги олийдан кейинги таълим тизими

Ҳозирда Ўзбекистонда эски, совет давридан қолган икки босқичли олийдан кейинги таълим тизими халқаро номлар – «бакалавр-магистр-фалсафа доктори (фан номзоди)-фан доктори» – билан амалда қўллаб келиняпти. Бир «армия» номзодлар билан – фалсафа докторларидан камдан-ками фан докторликка ўтади, кўплари умр бўйи фалсафа докторилигича қолади.

Номзодлик стажи бир йил эмас, кўплаб йилларни ташкил этади. Мансабдорларнинг фикрича, олимларни номзодликда узоқ муддат ушлаб туриш керак, май каби. Шунинг учун докторликка уринган ёш талабгорга, ўз вақтида ўзлари кўп йиллар давомида номзод бўлиб юрган фан докторлари ола қарашади. Президентнинг 2019 йил 27 февралдаги 5445-сонли қарорида келган маълумотга қарайдиган бўлсак, ўз вақтида ҳимоя этилган диссертацияларнинг салмоғи жуда паст бўлиб, атиги 16,8 фоизни ташкил қилади.

Икки босқичли докторантура тизими тарафдорлари ўз қарашларини асослаш учун баъзи мамлакатларни, хусусан Германияни мисол қилиб келтиришади – Германияда фалсафа докторидан кейин келадиган юқори илмий даража – «Doctor habilitatus» («ҳабилитлаштирилган доктор») ҳам бор бўлиб уни олиш учун «ҳабилитация»дан ўтиш лозим. Уларнинг айтишича, бизда, Германиядаги каби, иккита докторлик даражаси бор эмиш. Аммо улар хато қилишади – ҳабилитация бу бор-йўғи университетда профессор-ўқитувчи квалификациясини берувчи махсус жараён, холос. Шу сабабдан, Ўзбекистондаги фан доктори даражасига тўғри келмайди. Яна шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Германиянинг илмий жамиятида ҳабилитация жараёнига қарши қизғин мунозаралар мавжуд бўлиб, ҳабилитация жараёни кераксиз ва бюрократик тизим сифатида танқид қилинади.

Бу шуни яна бир бор исбот этадики, бизнинг «Хориж давлатларида берилган илмий унвонларни нострификация қилиш (эквивалентини ўрнатиш) ҳақидаги» Йўриқномамизда фан доктори (DSc) илмий даражаси мавжуд эмас. Унда «... чет элда қўлга кирилган фалсафа доктори ёки унга тенглаштирилган илмий унвонлар Олий аттестация комиссияси (ОАК) томонидан нострификация қилинади», дейилган.

Шундай қилиб, йўриқномада фан доктори (DSc) илмий даражаси келтирилмаган, фақатгина фалсафа доктори (PhD) келтирилган, бу эса бизда фалсафа доктори ва фан доктори ўзаро тенг деганидир. Бу амалда нимага олиб келмоқда? Бу чет элда қўлга киритилган фалсафа доктори даражаси аслида Ўзбекистонда фан доктори даражасига тенг илмий даража бўлсада, нострификациядан сўнг фан номзодига тенглаштирилади, дегани. Бошқача қилиб айтганда, нострификациядан ўтётганингизда сизнинг докторлик даражангизни ОАК пасайтириб қўяди.   

Яна бир муаммо

Бизда фан доктори даражаси илм толибининг истак чўққиси бўлиб қолган. Фан докторини олдими, бўлди, унинг илмий фаолияти аксар ҳолатда тугайди, киши илм билан шуғулланмай қўяди. Зеро, у ўз мақсадига – юқори илмий мақомга эришди ва энди у фақат фан докторларигагина бериладиган имтиёз ва устунликларга даъво қила олади. Бошқа сўз билан айтганда, фан доктори унвони кўплаб талабгорлар учун устуворликларга эга бўлиш воситасидир. Бу эса илм-фаннинг моҳиятига – илм аҳлидан доимий ривожланишни талаб қилувчилигига мутлақо зиддир.    

Тан олиш керак, баъзи, кекса ёшдаги, собиқ совет даврида билим олган фан докторларимиз ҳанузгача ўша эски билимларини «ушлаб» олишган. Шу боис, янгилик ва ўзгача қарашларни олқишлашмайди, нуфузли чет журналларида чиқишлар қилишга уринишмайди, кўплари чет тилини билишмайди, ривожланган давлатлар олимлари билан илмий баҳсларга киришишмайди.

Энг ачинарлиси, бу олимлар замонавий билимларга эга бўлган ёш олимларнинг докторлик даражалари олишларига тўсқинлик қилишади. Чамаси бу олимларнинг фан докторлиги «бозори»да монополияни эгаллаб туришдан бошқа ташвишлари йўқ. Мамлакат фанини ривожлантириш каби ташвишлар эса уларга ёт.  

Аммо уларнинг акси бўлмиш – ёшлар учун очиқ, ёш истеъдодларни ва уларнинг ташаббусларини доим қўллаб-қувватлашга интилувчи, инсофли, ҳурматга лойиқ ҳақиқий олим устозларимиз ҳам бор. Кўплаб фан докторларини етиштириб чиқарганларига қарамасдан бу кишилар олимликни монополия қилишга интилишмайди. Афсуски, бундай олимлар кам.

Яхши томонга ўзгариш ва каттагина «аммо»

Ўрта ва олий таълим дипломларини нострификация қилиш муаммоси бизда ҳал бўлган. Жорий йилнинг январь ойида Президентнинг 2019 йил 1 мартдан чет эл давлатларида берилган таълим ҳужжатларини тан олиш ҳақидаги қарори чиқди. Янги тартибга асосан, халқаро миқёсда тан олинган ташкилотлар рейтингида (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education, Academic Ranking of World Universities) биринчи 1000 ўринни эгаллаб турган олий таълим муассасаларида таълим олган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг дипломлари тўғридан-тўғри, синовларсиз тан олинади.

Аммо, афсуски, мазкур тартиб докторлик даражаларини тан олишга татбиқ қилинмайди ва олимлар ҳамон ОАКга мурожат этишларига тўғри келяпти. ОАКнинг дастидан Ўзбекистонда «миялар оқиб кетиши» ҳолати давом этяпти. Ёш тадқиқотчиларга фан доктори даражасини олиш ва соҳалари бўйича ишлаш чет элда осонроқ, Ўзбекистонда эмас. Чет давлатларида ёш олимлар учун барча шароитлар яратилган, бюрократия йўқ, нострификация йўқ ва бундан илм-фан оқсаётгани йўқ, аксинча, гуллаяпти.

Ва мазкур муаммоларга фақатгина чет элдан қайтмоқчи бўлган ватандош олимларимиз эмас, балки маҳаллий талабгорлар ҳам дуч келишяпти.  

Юқоридагиларни ҳисобга олиб, қуйидагиларни таклиф этмоқчимиз:

  • биринчидан, «бакалавр-магистр-фан доктори» халқаро стандартларга мос бир босқичли докторантура тизимига ўтиш лозим;
  • иккинчидан, халқаро миқёсда тан олинган ташкилотлар рейтингида биринчи 500 ўринни эгаллаб турган олий таълим муассасалари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларига берилган докторлик даражалари тўғридан-тўғри тан олиниши, хориж докторлик даражасининг номидан қатъи назар уни фан докторига тенглаштириш лозим.   

 

Бахшилло Ходжаев

Адлия Вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти Директори ўринбосари в.б., «Buyuk Kelajak» эксперт кенгаши аъзоси.

Хусаин Раджапов

Япониянинг Кобе университети ҳуқуқ доктори.

 

Мавзуга оид