Eurasianet.org ўзбекистонлик олимлар чет элда обрўйи йўқ бўлган «йиртқич» журналларда ўз ишларини нашр этаётгани ҳақида таҳлилий мақола эълон қилди.
Таҳририят Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ходими — Бахтиёр Эшчанов, шунингдек, Кабулбек Абдураимов, Мавлуда Ибрагимова ва Рўзимбой Эшчановнинг «Нашр этинг ёки йўқ бўлиб кетинг» - Ўзбекистон тажрибасига асосланган баъзи мулоҳазалар» сарлавҳали мақоласига эътибор қаратган.
Ушбу мақолада бу муаммонинг келиб чиқишига икки сабаб борлиги, булардан бири маҳаллий, бошқаси глобал тенденциядан юзага келганига урғу берилган.
Биринчи омил – мамлакатдаги бюрократия. Илмий ишлар тарихан илм-фан тараққиётининг пойдевори бўлиб келган. Сўнгги 5-10 йилликда мақолалар сони илмий салоҳиятни аниқлашнинг умумий кўрсаткичига айланди. Ҳукуматлар ва муассасалар ушбу кўрсаткични лавозимга кўтарилиш ва ишга қабул қилишнинг муҳим мезони сифатида тобора кўпроқ қўлламоқда. Хусусан, Ўзбекистон Олий Аттестация Комиссияси, Фанлар Академияси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги академиклардан илмий мавқейини ва рақобатбардошликни сақлаб қолиши ва юқори лавозимларни эгаллашни хоҳласа, тез-тез ўз мақолалари хорижда нашр этилишини талаб қилади.
Аттестация комиссиясининг «амалда имконсиз» талабларидан яна бири шундаки, докторантлар камида 10та мақола (шу жумладан, чет элда) чоп эттиришлари керак. «Нашр эт ёки йўқ бўл» тамойили илмий муҳитнинг асосий тенденциясига айланди. Энг яхши ва савияли журналларда нашр этиш қийин ва кўп вақт талаб қиладиган жараён. Бу жуда катта меҳнат талаб қилади.
Муаллифлар таъкидлаганидек, талаб сифатга эмас, сонга ва хорижда нашр этилишига боғлиқ бўлиб қолган. Бунга 2010 йилда киритилган талаблар асосий сабаблардан бири сифатида кўрсатилган. Илмий муҳитда қолиш, маълум лавозимни эгаллашни хоҳлаган тадқиқотчилар сифатга эмас, сонга ишлаши, сохта тадқиқотларга берилиб кетиши кучайган. Шунингдек, мамлакатдаги бирорта илмий муассасада тадқиқотларни осонлаштириш сиёсати йўлга қўйилмаган.
Иккинчи омил — глобал миқёсида очиқ журналларга ўтиш. Бу нисбатан янги ҳодиса эди. Натижада «йиртқич» журналлар пайдо бўла бошлади.
Муаммони очиб бериш учун, 2016 йилдан 2019 йилгача ўз мақолаларини чет элда нашр қилган ўзбек олимларининг миқдори кўрсатилган. Ушбу давр мобайнида 1110 нафар ўзбекистонлик олимлар 610та халқаро журналда 2500та мақола ёзган. Кейин мақолалар нашр этилган журналлар кўриб чиқиш давомийлиги, топшириш жараёни, таҳрирловчилар учун алоқа маълумотлари мавжудлиги, нашр этиш харажатлари (баъзи «йиртқич» журналлар 80 доллар атрофида), журналлар қаерда жойлашгани (ажабланарлиси шундаки, кўпчилик «йиртқич» ноширлар Европа мамлакатларида ва АҚШда рўйхатга олинади, чунки тадқиқотчилар бу мамлакатларда жойлашган нашриётларни ишончли деб ҳисоблашади) нуқтайи назаридан ўрганиб чиқилган.









