Ўзбекистон | 14:48 / 08.11.2025
5301
2 дақиқада ўқилади

Президент: шифокорлар меҳнати муносиб рағбатлантирилади, шароитлар янада яхшиланади

Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан йўлланган табрикда президент Шавкат Мирзиёев соҳа вакилларининг хизматлари юксак баҳоланишини, улар учун моддий ва ижтимоий шароитлар босқичма-босқич яхшиланишини таъкидлади. Табрикда молиялаштиришни ошириш, рақамлаштириш ва кадрлар тайёрлашга доир устувор вазифалар белгилаб берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари мурожаатида инсон қадри ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши экани қайд этилди. Сўнгги йилларда соҳага ажратилаётган бюджет маблағлари 6 каррага ошгани, юқори технологияли тиббий хизматлар марказдан ҳудудларга кенгайтирилгани билдирилди.

Бирламчи бўғинни кучайтириш мақсадида халқаро тажрибага асосланган янги модель жорий этилди: қисқа муддатда 490 та муассаса қайта ташкил этилди, 350 та мустақил оилавий поликлиника фаолият бошлади. Рақамлаштириш йўналишида DMED ягона платформа ишга туширилиб, унга 36 млн+ фуқаронинг тиббий маълумотлари интеграция қилинди, тез тиббий ёрдам чақириқларини электрон бошқариш амалиёти йўлга қўйилди.

Тиббиётда хусусий сектор улуши ортиб, клиникалар сони 3,5 мингдан 9 мингга етди, хизмат турлари 50 тадан ~130 тагача кўпайди. Фармацевтика ишлаб чиқариши 1,4 трлн сўмдан 6,3 трлн сўмга, экспорт ҳажми 6,3 млн доллардан 250 млн долларга ўсгани таъкидланди.

Соғлиқни сақлашда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида 2017-йилдан буён оналар ўлими 21 фоиздан 11 фоизга, чақалоқлар ўлими 11,5 фоиздан 7,8 фоизга камайгани, ўртача умр кўриш 73,8 ёшдан 75,1 ёшга узайгани қайд этилди.

Президент шифокорлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш ва малакасини оширишни изчил давом эттиришини маълум қилди. Шунингдек, инновациялар, сунъий интеллект асосидаги ташхис ва муолажаларни кенгайтириш, халқаро стандартларни жорий этиш вазифаси қўйилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид