Жамият | 08:20 / 27.09.2023
30440
3 дақиқада ўқилади

Организмда йод танқислиги оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин

Йод микроэлементига бўлган кунлик эҳтиёж ўсмирлар ва катталарда кунига 150 микрограммни ташкил қилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда 665 миллион нафардан ортиқ одам эндемик буқоқ ва қалқонсимон безнинг бошқа касалликларидан азият чекмоқда. Қарийб 1,5 миллиард кишида эса йод танқислиги ривожланиши хавфи мавжуд.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу модда нима учун муҳим аҳамиятга эга экани ҳақида тиббиёт фанлари номзоди Севара Фахрутдинова изоҳларини келтирди.

— Йод микроэлементини инсон организми ишлаб чиқара олмайди. Шу сабабли уни фақат ташқи муҳит орқали қабул қилиши мумкин, деди шифокор. — Бу модда организмда қалқонсимон без гормонларининг нормал синтезланиши учун керак. Агар етарли даражада йод истеъмол қилинмаса, қалқонсимон без функцияси бузилиши кузатилади.

Қайд қилинишича, йод микроэлементига бўлган кунлик эҳтиёж чақалоқларда 50 микрограмм, 1-6 ёшли болаларда 90 микрограмм, 7-10 ёшли ўғил-қизларда 120 микрограмм, ўсмирлар ва катталарда 150 микрограммни ташкил қилади. Ҳомиладорлик ва эмизиклилик даврида эса аёлларнинг йодга бўлган кунлик талаби 200-300 микрограммгача ортиб кетади.

«Бироқ, ҳозир юртимизда деярли барча аҳоли вакиллари рационида мазкур микроэлемент танқислиги кузатилади. Ваҳоланки, бунинг асоратлари ёмон», деди Фахрутдинова.

Шифокор сўзларига кўра, йод танқислиги ақлий заифликнинг асосий омили. Бу модда етишмаслиги қалқонсимон без ва овқат ҳазм қилиш органлари фаолияти билан боғлиқ турли жиддий касалликларни келтириб чиқаради. Шунингдек, тирноқларнинг табақаланиши, соч тўкилиши, тери қуруқлашуви, уйқучанлик, чарчоқ ҳам организмда йод тақчиллиги аломатларидан.

«Бу муаммо болаларда эндемик буқоқ, жисмоний ва руҳий жиҳатдан ривожланишдан орқада қолишга сабаб бўлади», деди мутахассис.

Унинг таъкидлашича, президент қарори асосида Ўзбекистонда аҳолининг касалликка чалиниш хавфи юқори бўлган гуруҳлари, жумладан, болалар, ўсмирлар, ҳомиладор ва эмизикли аёлларни йод препаратлари билан бепул таъминлаш амалиёти йўлга қўйилган. Шунингдек, республикада ишлаб чиқарилаётган ва сотилаётган ош тузини истисносиз 100 фоиз йодлаштиришни таъминлаш қатъий назорат қилиб бориляпти.

Мавзуга оид