Ўзбекистон | 19:33
1056
3 дақиқада ўқилади

Тиббиёт ходимларига имтиёзли ипотека кредити бериш тартиби жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

Тартибга кўра, ариза берувчининг бир вақтнинг ўзида ҳозирги вақтда давлат тиббиёт муассасасида ишлаётганлиги ҳамда давлат тиббиёт муассасаларида камида ўн беш йил иш стажига эга эканлиги тасдиқланиши шарт.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларини уй-жой билан таъминлаш учун ипотека кредити асосида сотиб олинадиган уй-жойнинг дастлабки бадал тўловининг 25 фоизини қоплаб бериш тартиби ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳада белгиланган тартибга кўра, ариза берувчи ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки ЯИДХП давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади. Бунда бир ЖШШИР бўйича бир чорак доирасида фақат битта ариза қабул қилинади.

Ариза берувчининг бир вақтнинг ўзида ҳозирги вақтда давлат тиббиёт муассасасида ишлаётганлиги ҳамда давлат тиббиёт муассасаларида камида ўн беш йил иш стажига эга эканлиги тасдиқланиши шарт ҳисобланади.

Ҳар чоракнинг охирги иш куни соат 16:00 да онлайн тарзда рандом танлов ўтказилади. Танловга фақат “Танловга қўйилди” мақомидаги аризалар киритилади, бунда мезонларга тўлиқ мувофиқ иштирокчилар орасидан ҳар чорак учун белгиланган квота доирасида 125 нафар ғолибни random.org сайти орқали Соғлиқни сақлаш вазирлигида ташкил этилган ишчи комиссия иштирокида тасодифий усулда аниқлаб олинади.

Танловнинг онлайн трансляцияси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ижтимоий тармоқлардаги расмий каналлари орқали амалга оширилади ва ёзуви архивланади. Ҳар бир иштирокчи шахсий кабинет орқали ўз натижасини кўради ҳамда натижа ҳақида электрон хабарнома олади.

Танлов натижасига кўра квота доирасида 125 нафар иштирокчига “Ғолиб” мақоми, қолган иштирокчиларга “Танловдан ўтмади” мақоми берилади. “Танловга қўйилди” мақомидаги аризалар сони 125 нафардан кам бўлган ҳолатда мезонга тўлиқ мувофиқ келган барча иштирокчилар “Ғолиб” деб топилади ва кейинги босқичга, яъни ҳужжатларни тақдим этиш жараёнига ўтади.

“Ғолиб” мақоми берилган ариза берувчи ғолиблик мақоми берилган санадан бошлаб 6 ой мобайнида дастурий таъминот тизими орқали ипотека шартномаси нусхасини ва паспорт (ID-карта) нусхасини электрон шаклда тақдим этади.

Ғолиб олти ойлик муддатда ипотека шартномаси ва шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхасини тақдим этмаса ёки ипотека шартномаси амалда тузилмаганлиги тасдиқланса, ариза “Бекор қилинди” мақомига ўтказилади ва тўлов жараёни ушбу ариза бўйича тўхтатилади, бу ҳақда ариза берувчига асоси кўрсатилган электрон хабарнома юборилади.

Мазкур ҳужжат лойиҳаси муҳокамаси 2026 йил 9 апрелга қадар давом этади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид