Ўзбекистон | 16:55 / 28.03.2022
6405
7 дақиқада ўқилади

Денов бозорида дўконлари бузилган тадбиркорларга компенсация пули тўлаш нега пайсалга солинмоқда?

Деновдаги марказий деҳқон бозори бузилди ва савдогарлар ҳамда дўкондорлар янги бозорга кўчирилди. Маълум бўлишича, дўконларнинг катта қисми белгиланган тартибларга зид равишда, компенсация пули олдиндан тўланмасдан бузилган.

Денов — Сурхондарёнинг иккинчи йирик шаҳри. Савдо ва саноат марказлашган шаҳар. Денов бозорлари билан ҳам машҳур. Айниқса «Бободеҳқон бозори» билан халқ орасида машҳур Денов деҳқон (озиқ-овқат) бозорига нафақат деновликлар, бутун Сурхондарёдан тижоратчилар ва харидорлар келишади.

Деҳқон бозори бузилгач, Интернетда жуда кўп норозилик чиқишлари бўлди. Мурожаатларнинг аксарияти мулки бузилаётган дўкондорлар етарли тарзда компенсация олмаётгани билан боғлиқ эди.

Хўш, Денов шаҳридаги марказий бозор нега бузилди?

Тўғрисини тан олиш керак, Деновдаги бозор ва унинг атрофидаги кўчаларда тирбандлик ва тартибсизлик ҳукмрон эди. Машиналар оқимини светофор билан ҳам тартибга солиб бўлмаётган эди. Биз бу ҳақда 2017 йилда лавҳа тайёрлаган эдик.

Шу сабаб деҳқон бозорини шаҳардан четроққа кўчиришга қарор қилинди. Денов туманининг ўша пайтдаги ҳокими Улуғбек Қосимов бизни янги бозор қад ростлаётган жойга олиб бориб, келгусидаги режалар билан таништирган эди.

Ҳозир янги деҳқон бозори ишга туширилган. Тадбиркорларнинг кўпчилиги кўчиб ўтишди. Гарчи, эски деҳқон бозори атрофида ва кўчаларда деҳқонлар ва сотувчилар ҳали ҳам савдо қилишда давом этишаётган бўлса ҳам.

Биз ана шундай сотувчилардан бир нечтасидан нега янги бозорга кўчмасдан тупроқ ва чанг ичида савдо қилиб ўтирганини сўрадик. Сабзавот ва кўкатлар билан савдо қилиб турган опахонлар, онахонлар янги бозор узоқлиги, харидорлар шу жойга кўникишгани, ҳали кўпчилик кўнгил узиб бироз олисдаги янги деҳқон бозорига боришга жазм қилмаётгани ҳақида гапира бошлашди.

Аллақайдан қони қайноқ бўз болалар пайдо бўлди. Бирови онамни, бошқаси опамни нега тасвирга оласан, дея эътироз қилди ва тасвирларни ўчиришни талаб қила бошлашди. Ноилож, ўчирдик.

Яъни уларнинг ўзлари ҳам бу ишлари сиртдан қараганда хунуклигини, фаолияти ноқонунийлигини ич-ичидан ҳис қилади. Бозорнинг бузилишида ҳокимият айбдор деб билишади, қасддан кўчада савдо қилишади. Улар бу иши овоза бўлмаслигини, ҳеч ким монелик қилмаслигини исташади.

 

Хуллас, Бободеҳқон бозорида дўконлари бузилган. Тадбиркор ва сотувчилар пароканда. Кимдир янги бозорда, кимдир ноилож кўчада савдо қилмоқда.

Боз устига, бозор ичидаги дўконлари бузилган тадбиркорларнинг ҳаммасига ҳам компенсация пули берилмагани маълум бўлди. Шундай тадбиркорлардан бири Охунжон Мадалиев бизга мурожаат қилди.

Охунжон уруғчилик билан шуғулланган. Бозордаги дўкони бузилгач, баҳолатилган суммада компенсация ваъда қилинган ва битим тузилган. Бироқ ҳанузгача унга компенсация суммаси тўлаб берилмаганини билдирди.

«2018 йилда Россияда ишлаб келган пулларимга мана шу дўконни 10 минг АҚШ долларига харид қилган эдим. Ўз ватанимда ишлаб пул топиш ниятида эдим. 3 йилгина ишлатишга улгурдим. 2021 йилда дўконлар бирин-кетин бузила бошлади. Уларни биз бузиб олганимиз йўқ, ўзлари бузиб, қурилиш материалларигача олиб кетишди.

Эвазига баҳолатинглар, компенсация пули берилади, дейишди. Мен дўконимни 160 млн сўмга баҳолатганман. Ҳокимият билан компенсация тўланиши ҳақида 2020 йил 7 май куни келишув битими ҳам тузилган. Бироқ ҳалигача компенсация берилгани йўқ», — дейди О.Мадалиев.

Охунжон янги қурилаётган бозордан дўкон харид қилган. Бошланғич тўловини тўлаган. Қолган суммасини тўлаш учун компенсацияни кутмоқда.

«Янги бозорда қурилаётган 18 кв.м. дўкон учун 2021 йил 20 сентябрда шартнома тузиб, 23,3 млн сўм бошланғич тўлов тўладим. Қолганини ҳам 4 ой ичида бўлиб тўлашим керак эди. Лекин тўлай олганим йўқ, чунки менда ортиқча пулнинг ўзи қолмади», — деди О.Мадалиев.

О.Мадалиев бузилган дўкони эвазига ўринма-ўрин янги бозордан янги дўкон берилмагани, янги дўконлар Денов янги бозор қурилиш дирекцияси томонидан тадбиркорлардан йиғилган пул эвазига бунёд этилаётганини таъкидлади.

Биз мазкур масала юзасидан Денов туман ҳокими ўринбосари Шуҳрат Мўминов билан учрашиб, суҳбатлашдик. Учрашувга мурожаатчи тадбиркорларнинг ўзлари ҳам келишди. Маълум бўлишича, дўкони снос қилиниб, компенсация кутаётган тадбиркор биргина Охунжон эмас экан.

Ҳоким ўринбосарининг айтишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2020–2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисида»ги 4667-сонли қарори асосида Деновда ободончилик ва қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, Денов деҳқон бозори, Қўрғон бозори, Ҳабиби бозори бузилиб, улар янги бозорга кўчирилади. Бозорлар ўрни шаҳарнинг тасдиқланган янги бош планига кўра, катта аллея барпо этилади. 957 та турар ва нотурар жойлар снос қилинади.

Уларга компенсация сифатида тўлаш учун 1,173 триллион сўм маблағ тўлаб берилиши назарда тутилган. Шаҳарда қуриладиган объектлар бўйича чора-тадбирлар режаси белгиланган.

Бузилган бозор ҳудудида 305 та тадбиркор рўйхатга олинган бўлиб, уларга компенсация сифатида 195 миллиард сўм тўланиши керак. Ва бу пуллар республика бюджетидан ажратилиши кутиб турилибди.

Ҳоким ўринбосарининг айтишича, бозордаги айрим тадбиркорларга снос учун компенсация тўлаб берилган. Снос учун компенсация республика бюджетидан тўланади, шу вақтгача 20 млрд сўм ажратилган ва у тарқатилган.

Шуҳрат Мўминов Деновдаги барча тадбиркорларнинг мурожаатлари ўрганиб чиқилгани, 200 дан ортиқ бузилган дўконлар баҳолатилгани, уларнинг ҳар бирига сўровнома тарқатилиб, эвазига ер майдони, дўкон ёки компенсация пулидан қай бирига рози эканлиги аниқлаб чиқилган.

Ҳозир барпо этилаётган янги бозордан дўкон олиш истагини билдирганларга харид қилган дўконлари доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан мулк қилиб берилади.

Мухтасар қилиб айтганда, ҳоким ўринбосари Деновда ҳеч бир тадбиркор азият чекмаслиги, барчаси назорат остида эканлигига бизни ишонтирди. Барча қурилиш ва ободончилик ишлари, янгиланишлар Президент қарори асосида олиб борилаётгани, маблағ республика бюджетидан ажратилиши, тадбиркорлар Молия вазирлиги томонидан пул ажратилгунга қадар яна бироз сабр қилишлари кераклигини айтди.

Биз эса бунга ишондик ва берилган ваъдалар қандай бажарилишини билиб туриш учун воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz журналисти

Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид