Жамият | 12:03 / 30.10.2025
10420
3 дақиқада ўқилади

Иситиш мавсуми қачон бошланади?

Амалдаги тартибга кўра, суткалик ҳарорат 5 кун давомида кетма-кет 8 даражадан паст бўлгандан кейин иситиш мавсуми бошланиши керак. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг айтишича, бу қоида шу пайтгача ишламаган, чунки суткалик 10 даражанинг ўзидаёқ уйлар совиб кетади. “Бу ўзгартирилиши керак бўлган стандарт”, дейди у Kun.uz'га. Ўзгидромет прогнозига кўра, 30 октябрдан тунги ҳарорат +8 — +10 даражагача тушади.

Фото: DimaBerlin / Shutterstock / FOTODOM

Ўзбекистонда марказлашган иссиқлик тизимига уланган кўп қаватли уйларда иситиш даври ташқи ҳароратнинг ўртача суткалик ҳарорати 5 кунлик давр мобайнида 8 даражадан паст бўлган кундан кейинги кундан бошланиши, 8 даражадан юқори бўлганда эса тамомланиши белгиланган.

Хонадонларни иситиш эҳтиёжларига асосан иссиқлик энергиясини беришда иситиш даври ҳокимликлар томонидан белгиланган муддатларда бошланади ва тамомланади.

Норма аниқ бўлса-да, ҳар йили бир хил савол такрорланади: уйларга қачон иссиқлик берилади? Чунки суткалик 8 даражага етиб бормасдан кўп қаватли уйлар совиб қолади.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг Kun.uz'га айтишича, бу қоида ҳеч қачон ишламаган ва уни ўзгартириш керак.

“Иситиш даври бошланиши учун ўртача суткалик ҳарорат 8 даражани ташкил қилиши керак. Бу – ҳарорат кундузи 15–16 даража, кечқурун эса 0–2 даражага пасайиши керак дегани. Лекин биз ҳеч қачон бу нормадан келиб чиқиб иссиқликни тармоққа уламаганмиз. Шу сабабли бу ўзгартирилиши керак бўлган стандарт. Суткалик ҳарорат 10 даражага тушиши билан аҳоли дод деб юборади, чунки бино ва иншоотларимиз совет давридан қолган, янги қурилганларининг изоляция тизими ташқари совуқ бўлса, ички томонни иситиб берадиган қурилмалар билан таъминланмаган. Бу қоида шу пайтгача ишламаган, ишламайди ҳам”, – дейди мутахассис.

Унинг қўшимча қилишича, келаётган 7–8 кунликда ҳарорат кечқурунлари нол даражагача тушиб кетиши кутилмоқда. Бу тахминан 7 ноябрларга тўғри келади.

Ўзгидромет матбуот котиби Нигора Тошхўжаеванинг Kun.uz'га маълум қилишича, 30 октябрдан тунги ҳарорат +8 — +10 даражагача пасайиши ва бу ҳолат давом этиши кутилмоқда. Бироқ кундузги ҳарорат +18 — +22 даражада сақланиб туради. У “бу ҳарорат иситиш мавсумини бошлашга асос бўладими?” деган саволга қуйидагича жавоб берди:

“Биз тегишли ташкилотларга ҳар куни маълумот киритиб борамиз. Фактик ҳолат тасдиқланса, албатта, бу асос бўлади. Лекин ўртача суткалик ҳарорат 8 даражадан ошиқроқ бўлиб турибди”, – дейди у.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда иситиш мавсуми 2024 йилда 7 ноябрдан, 2023 йилда 6 ноябрдан, 2022 йилда 22 октябрдан, 2021 йилда 12 октябрдан, 2020 йилда эса 15 октябрдан бошланган.

Мавзуга оид