Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш борасида Саудия Арабистони билан музокараларни якунлади
Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг 7-йиғилиши арафасида, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида аъзолик бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисида баённома имзоланди. Бу билан, Ўзбекистон ЖСТга кириш борасида якуний келишув имзолаган давлатлар сони бештага етди.
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши доирасида Саудия Арабистони билан товар ва хизматлар бозорига чиқиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисидаги баённома имзоланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири Женевадан хабар бермоқда.
Баённомани 15 ноябр куни ЖСТнинг Женевадаги бош штаб-квартирасида Ўзбекистон президентининг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азиз Урунов ва Саудия Арабистонининг ЖСТдаги элчиси Сақер Алмоқбел имзолади.
Маросимда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, ЖСТ билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия раиси Жамшид Хўжаев ҳам иштирок этди.
Хўжаев раислигидаги ўзбек делегацияси 16 ноябр куни Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг 7-йиғилишида иштирок этади. Шу куни Жамшид Хўжаев ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун аризани 1994 йилда берган, ишчи гуруҳ ҳам ўшанда тузилган. Ишчи гуруҳнинг 2005 йилдаги 3-йиғилишидан кейин жараён 15 йилга тўхтаб қолган, 2020 йилга келибгина 4-йиғилиш бўлиб ўтган эди.
Ортда қолган уч йиллик муддат музокараларни якуний босқичга киритиш учун етарли бўлмади. Кузатувчилар Ўзбекистоннинг аъзо бўлиб кириши 2025 йилдан олдин рўй бермаслиги эҳтимоли юқорилигини айтади.
ЖСТга аъзо бўлиш учун мамлакат қонунчилигини ташкилот битим ва қоидаларига уйғунлаштириш, аъзо давлатлар билан ўзаро савдо шартлари бўйича келишувларга эришиш керак. Ўзбекистон ҳозирга қадар 5 та давлат: Грузия, Нигерия, Туркия, Мўғулистон ва Саудия Арабистони билан музокараларни якунлаб, тегишли баённомаларни имзолаган.