Жаҳон | 14:16 / 22.06.2024
6676
9 дақиқада ўқилади

Исроилнинг қочқинлар лагерига ҳужуми, Фаластинни тан олган Арманистон ва Россияда мигрантларга чеклов лойиҳаси — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазодаги чодирлардан иборат шаҳарчага Исроил томонидан берилган зарба қурбонлари 25 кишини ташкил этди. Ярадорлар 50 кишидан ошган.

Воқеа, Ғазо секторининг жанубидаги Ал-Мавасий мавзесида рўй берган. Бу ерда кўчирилган оилалар учун чодирлардан тикилган шаҳарча барпо этилган эди.

Фаластин Қизил яримой жамиятининг хабарига кўра, ўт очиш артиллерия қуролларидан амалга оширилган. Ўт очилиши туфайли чодирларда ёнғин келиб чиққан.

Бундан бир неча соат ўтиб Исроилнинг зарбаси Ғазодаги маҳаллий муассасага тўғри келган ва камида етти киши ҳалок бўлгани хабар қилинган. Уларнинг беш нафари сув қудуқларини созловчи усталар бўлган.

7 октябрдан буён давом этаётган қонли урушда Исроил томонидан камида 640 нафар фаластинлик болалар ўғирлаб кетилган ёки ҳибсга олинган, деб хабар беради TRT.

Фаластинлик болалар Исроил қамоқхоналарида қийналиб яшашмоқда, қийноқларга дучор қилинмоқда. Исроил болаларни ҳарбий суд орқали таъқиб қиладиган дунёдаги ягона давлат ҳисобланади ва 12 ёшдан 15 ёшгача бўлган юзлаб фаластинлик болаларни тош отгани учун ёки ҳеч бир айбловларсиз қамоқхоналарга ташлаган.

Арманистон Фаластинни тан олди

Шундай қилиб, Фаластин суверенитети БМТга аъзо 193 мамлакатдан 147 таси томонидан тан олинди.

Шунингдек, Арманистон БМТ Бош Ассамблеясининг Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюциясини қўллаб-қувватлаганини, шунингдек, «Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишидан, яҳудий ва Фаластин халқлари ўртасида мустаҳкам тинчлик ўрнатилишидан манфаатдор эканлигини» эслатди.

«Турли халқаро форумларда биз ҳар доим Фаластин муаммосини тинч ва кенг қамровли ҳал этиш тарафдори бўлиб келганмиз ва Исроил-Фаластин можаросининг «икки давлат» тамойили асосида ҳал қилинишини қўллаб-қувватлаганмиз, бу фаластинликлар ва исроилликлар орзусини амалга оширишни таъминлашнинг ягона йўли эканига аминмиз», дейилади баёнотда.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Арманистоннинг Фаластинни тан олиш қарорини «терроризм учун мукофот» деб атади. Исроил Ташқи ишлар вазирлиги эса Арманистон элчисини чақириб, эътироз билдирган.

Туркия эса Арманистоннинг ушбу қарорини олқишлаган. Ўзининг баёнотида Туркия расмийлари Фаластиннинг тан олиниши халқаро ҳуқуқ, адолат ва виждон талаби, деб аташган.

«Туркия Фаластинни имкон қадар кўпроқ давлатлар тан олиши учун саъй-ҳаракатларини давом эттиради», — дейилади баёнотда.

Қайд этиб ўтиш керак, Арманистон бош вазири Никол Пашинян Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан суҳбатлашганидан сўнг Фаластинни мустақил давлат деб тан олиш тўғрисидаги қарорини эълон қилган.

Россияга қарши санкциялар

Финландия Украинага қарши олиб бораётган урушни ва халқаро ҳуқуқ бузилишини тўхтатмагунча Россия билан муносабатларни тикламайди. Бу ҳақда Финландия ташқи ишлар вазири Элина Валтонен айтиб ўтди.

Ҳисоботни тайёрлашга раҳбарлик қилган Финландия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Россия охир-оқибат демократик давлатга айланишига умид билдирди, бироқ ўзгаришларни тез кутмаслик кераклигини қўшимча қилди.

Фин ҳукумати маълумотларига кўра, ҳозирда Финландияга бевосита ҳарбий таҳдид йўқ. Шу билан бирга, Ҳелсинки Финландияга қарши потенциал ҳарбий куч ишлатилишига тайёр туриш зарур деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, мамлакат Россия гибрид ҳужумлари давом этишини кутмоқда, бунга мисол сифатида Финландия-Россия чегарасида Москва томонидан уюштирилган мигрантлар оқимини келтирган.

 «НАТОга аъзолик Финландия учун янги даврни англатади. Финландия энди ўз хавфсизлигига НАТОнинг жамоавий мудофааси нуқтайи назаридан қарайди, бутун иттифоқ хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшади ва умумий қадриятлар учун НАТО иттифоқчилари билан бирга ишлайди», деган у.

Жанубий Кореянинг Украинага ёрдами

Жанубий Корея Украинага артиллерия снарядлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб беришни бошлаши мумкин. Уларнинг ҳажми Россиянинг КХДРга нисбатан позициясига боғлиқ бўлади, деган Yonhap агентлигига президент Юн Сок Йол администрацияси вакили.

Унинг сўзларига кўра, етказиб бериш учун кўриб чиқилаётган қурол-яроғлар ичида 155 миллиметрли артиллерия снарядлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бор. Бироқ Yonhap агентлигига кўра,, Жанубий Корея ҳукумати қурол-яроғ етказиб бериш масаласида «стратегик ноаниқликни сақлайди» ва ундан КХДРга ҳарбий технологиялар беришдан бош тортиши учун Москвага босим ўтказишда «дипломатик юриш» сифатида фойдаланади.

Бунгача Сеул уруш ҳолатидаги давлатларга қурол-яроғ етказиш тўғрисидаги тақиққа риоя қилиб, Киевга фақатгина ўлдириш қувватига эга бўлмаган қурол-яроғлар етказиб берган. Жанубий Корея позициясидаги ўзгаришга Россия ва КХДР ўртасида имзоланган умумқамровли стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома сабаб бўлган.

Жумладан, Сеулни ҳужжатдаги томонлардан бирига ҳужум қилинганида бир-бирига кечиктирмасдан ҳарбий ва бошқа ёрдам етказиш тўғрисидаги банд ташвишга солган. Жанубий Кореядагилар бундай шартноманинг тузилиши моҳиятан Пёнгянг ва Москванинг ҳарбий алянсини билдиради, деган фикрда.

Владимир Путин эса агар Жанубий Корея Украинага ўлдириш қувватига эга қурол-яроғларни жўнатадиган бўлса «катта хато» бўлиши ва «жавоб уларга ёқмаслиги»ни билдирган.

«Агар Жанубий Корея Украинага қирғин қуролларини етказиб берса, бизнинг жавобимиз уларга ёқмайди. Умид қиламанки, улар бу ишга қўл уришмайди, чунки бу жуда катта хато бўлар эди», — деган Путин Виетнамда ўтган матбуот анжуманида.

Россия терроризм ҳомийси?

АҚШ Сенатига Россияни терроризм ҳомийси деб тан олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилди.

АҚШ парламенти юқори палатаси икки партия томонидан тасдиқланган Россияни терроризмни қўллаб-қувватловчи давлат деб тан олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тайёрланган. Ҳужжатни республикачи сенатор Линдси Грэҳэм ва унинг ҳамкасби демократлардан Ричард Блюментал тайёрлаган. Ташаббус муаллифларининг фикрича, Россияга шу йўл билан босим ўтказиш президент Владимир Путин Украинадаги уруш ҳамда «Африкадаги деструктив хатти-ҳаракатлари» ва бутун дунёдаги қилмишлари учун «АҚШ қўллаши мумкин бўлган жазо воситаларидан тўлиқроқ фойдаланиш» имкониятини яратади.

Грэҳэмнинг айтишича, Россиянинг яқинда «сайёрдаги энг репрессив режим» бўлмиш КХДР билан ҳарбий алянс тузиши АҚШнинг сабр косасини тўлдирган сўнгги томчи бўлган ва АҚШ ортиқ ўз баҳолашини пайсалга солмоқчи эмас.

«Мен Путин 19 июн куни қилган иши учун президент администрациясини «ва-банк»ка боришга ва унинг режимини аслан қандай бўлса шундай — терроризм ҳомийси бўлган давлат сифатида тан олишга чақираман», — деган сенатор.

Ўз навбатида, Блюменталь Россия Украинада «шафқатсиз зўравонлик ва тажовузкорлик кампанияси»ни уюштириб, «инсониятга қарши сон-саноқсиз ваҳшийлик ва жиноятлар содир этиб, тинч аҳоли ўртасида даҳшат ва ўлим уруғларини сочиб», «рад этилганлар клуби»да ўз ўрнига «муносиб» жой эгаллаганини таъкидлаган.

Мигрантларга қарши Россия

Россиянинг 11 та ҳудудида 2025 йилга қадар меҳнат мигрантлари улушини камайтириш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Россия Меҳнат вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган тегишли ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Қайд қилинишича, ушбу ҳудудлар: Оренбург, Челябинск, Калуга, Магадан, Рязан, Самара ва Амур областлари, Удмуртистон ва Доғистон республикалари ҳамда Краснодар ва Красноярск ўлкаларидир.

«Масалан, Доғистон Республикаси талабига кўра, қурилишда чет эл ишчиларидан фойдаланишга 30 фоизгача чеклов жорий этилмоқда, бошқа ҳудудларда эса бундай чеклов 80 фоизни ташкил этади», дейилади хабарда.

Краснодар ўлкасида мигрантлар улуши қишлоқ ва ўрмон хўжалигида, ишлаб чиқаришда 50 фоизгача, ташиш ва сақлаш соҳаларида, меҳмонхона ва ресторан бизнесида 15 фоизгача камайтирилади, қуруқликдаги йўловчи ташиш ва автомобил юк ташиш соҳаларида бутунлай чекланади.

Таъкидланишича, чекловлар биринчи навбатда Россия фуқароларини ишга жойлаштиришдаги устуворлик учун жорий қилинмоқда. 

Мавзуга оид