Жаҳон | 12:30 / 26.12.2025
2499
7 дақиқада ўқилади

АҚШ Нигерияда ИШИД объектларига зарба берди

​​​​​​​АҚШ президенти Доналд Трамп ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида америкалик ҳарбийлар унинг буйруғига биноан ИШИД гуруҳининг Нигерия шимоли-шарқидаги позициялари бўйлаб зарба берганини маълум қилди.

Фото: US Department of Defense

Трамп ўзи «террорчи чиқиндилар» деб атаган жангарилар «кўп йиллар ва ҳатто асрлар давомида мисли кўрилмаган даражада асосан бегуноҳ насронийларга ҳужум қилишгани ва шафқатсизларча ўлдириб келишгани»ни айтган.

«Мен олдинроқ бу террорчиларни огоҳлантирган эдим: агар улар насронийларни қириб ташлашни тўхтатмаса, бу жуда қимматга тушади. Бугун кечқурун шу нарса рўй берди. Уруш вазирлиги [Трамп АҚШ мудофаа вазирлигини шундай қайта номлаган] кўп сонли идеал зарбалар йўллади, бунақасини фақат Қўшма Штатлар қила олади», – дея ёзди Оқ уй раҳбари.

«Парвардигор бизнинг ҳарбийларимизни ёрлақасин ва барчага РОЖДЕСТВО МУБОРАК бўлсин, жумладан, агар насронийларни ўлдиришни тўхтатмайдиган бўлса, кўпроқ бўладиган ўлик террорчиларга ҳам», – деган Трамп.

У айнан қайси объектлар зарбага учраганига аниқлик киритмаган.

АҚШ Қуролли кучларининг Африка қўмондонлиги (AFRICOM) Х ижтимоий тармоғидаги хабарида зарбалар «Нигерия ҳукумати сўрови билан йўллангани»ни маълум қилган.

Шу билан бирга, Америка ҳарбийларининг дастлабки хабарида нишонлар «Собото» деб номланган штатда жойлашгани айтилганди. Нигерияда бундай номли регион йўқ, аммо Сокото штати бор ва у мамлакатнинг шимоли-ғарбида жойлашган бўлиб, у ерда асосан мусулмон аҳоли истиқомат қилади; бу регионда жангариларнинг ҳужумлари тез-тез содир бўлиб туради.

Кейинроқ америкалик ҳарбийлар дастлабки хабарини ўчириб ташлади ва янги постда штат номи тўғри кўрсатилди.

AFRICOM баёнотига кўра, зарба оқибатида «„ИШИД“нинг кўплаб террорчилари» ўлдирилган.

«„ИШИД“га қарши берилган ажалвор зарбалар армиямиз қудратини ҳамда мамлакат ичкарисида ва ташқарисида америкаликларга қарши террорчилик таҳдидларини йўқ қилишга содиқлигимизни намойиш этди», – дея ёзган AFRICOM.

Доналд Трамп Мар-а-Лагодаги Рождество зиёфатида

Нигерия ҳукумати нима дейди?

Нигерия Ташқи ишлар вазирлиги зарбалар АҚШ билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик доирасида берилганини маълум қилди.

«Натижада Нигериянинг шимоли-ғарбий ҳудудида юқори аниқликдаги ҳаво ҳужумлари амалга оширилди», – дейилади мамлакат ташқи сиёсат идораси хабарида.

Нигерия ташқи ишлар вазири Юсуф Майтама Туггар BBC’га берган интервюсида бу террорчиларга қарши қаратилган «қўшма операция» бўлгани ва унинг «ҳеч қандай дин билан алоқаси йўқлиги»ни айтди.

Туггар янги зарбалар берилишини истисно қилмади, бироқ «бу борадаги қарорларни икки давлат раҳбарлари қабул қилиши кераклиги»ни таъкидлади.

Бу орада Пентагон ҳарбий кемадан камида битта ракета учирилгани акс этган видеони эълон қилди.

Reuters агентлиги АҚШ мудофаа вазирлигининг исми ошкор этилмаган ходимига таяниб ёзишича, зарбалар «ИШИД» ҳарбий лагерларида бўлган жангариларга қарши қаратилган.

Ноябр ойида Трамп Нигерия ҳукумати ўз ҳудудидаги христианларни жиҳодчилар ҳужумларидан ҳимоя қилишга қодир эмаслигини айтиб, Америка армиясига ушбу мамлакатдаги жангари гуруҳларга қарши ҳарбий ҳаракатларга тайёрланишга чақирганди. Декабрда эса у ушбу мамлакат фуқароларининг АҚШга киришига қисман тақиқ жорий қилди.

Американинг CNN телеканали хабар беришича, 2025 йилда Нигерияда бир неча оммавий қотилликлар содир бўлган. Масалан, апрел ойида Нигерия президенти Бола Тинубу мамлакат шимолидаги насроний деҳқончилик жамоасига жангарилар ҳужуми оқибатида камида 40 киши ҳалок бўлганини маълум қилган. Июн ойида эса ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотига кўра, аҳолисининг асосий қисмини насронийлар ташкил этадиган Йелват қишлоғида 100 дан ортиқ одам ўлдирилган.

22 ноябр куни Нигерия насронийлари ассоциацияси Нигер штатидаги Папири аҳоли пунктида жойлашган интернат-мактабдан 303 нафар ўқувчи ва 12 нафар ўқитувчи ўғирлаб кетилганини маълум қилганди. Кейинроқ 50 нафар асир жангарилар қўлидан қочиб қутулгани маълум бўлди. 7 декабр куни AFP агентлиги 100 нафар бола озод этилганини хабар қилди. Кейинроқ болаларнинг барчаси қайтарилган.

Шу билан бирга, халқаро ҳуқуқ ташкилотларига кўра, Нигерияда христианлар мусулмонларга қараганда кўпроқ ўлдирилади деб ҳисоблаш учун асос йўқ – икки динга эътиқод қилувчилар орасидаги қурбонлар сони деярли бир хил.

Нигерияда қандай жангари гуруҳлар мавжуд?

«Боко Ҳарам» ва «Ғарбий Африкадаги ИШИД» ҳарбийлашган гуруҳлари ўн йилдан ортиқ вақтдан бери мамлакат шимоли-шарқидаги аҳолини террор қилиб келмоқда. Расмий маълумотларга кўра, ўтган йиллар давомида жангарилар қўлида ўн минглаб одамлар ҳалок бўлган.

Жангарилар мамлакат шимоли-шарқида ҳарбий ҳаракатларни бошлаганидан бери 15 йил ичида миллионлаб одамлар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Acled мониторинг гуруҳи маълумотларига кўра, 2024 йилдан бери жангариларнинг фермерларга ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони икки баравардан кўпроқ ошган.

Нигерия марказий қисмида ҳам асосан мусулмонлардан иборат бўлган чўпонлар ҳамда асосан насронийлардан иборат бўлган деҳқонлар ўртасида сув ва яйловлар учун тўқнашувлар бўлиб туради.

«Қонга қон» тамойили асосидаги бундай тўқнашувлар оқибатида ҳам минглаб кишилар ҳалок бўлади, аммо ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, шафқатсизликлар можаронинг барча томонлари томонидан содир этилган бўлиши мумкин ва ҳужумлар асосан насронийларга қаратилгани ҳақида маълумотлар йўқ.

Суриядаги ишидчиларга зарба

АҚШ ҳарбийлари 20 декабр куни ИШИДнинг Суриядаги объектларига ҳам зарба берганди. ИШИД жангарилари, шунингдек гуруҳнинг инфратузилма объектлари ва қурол омборлари ҳужумга учраганини Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет X ижтимоий тармоғида ёзди. Ҳужумга учраган нишонлар Суриянинг марказий минтақаларида жойлашган бўлиб, Мудофаа вазирлиги вакилига таяниб AFP агентлиги ёзишича, жами 70 дан ортиқ объект нишонга олинган.

Ҳегсетнинг айтишича, АҚШнинг бу ҳужуми 13 декабр куни Палмира шаҳрида Сурия хавфсизлик хизматлари ва америкалик ҳарбийлар иштирокидаги қўшма патрулга ИШИД жангариси томонидан қилинган ҳужумга жавоб бўлган. ОАВ маълумотларига кўра, ўша пайтда АҚШ армиясининг икки нафар ҳарбий хизматчиси, таржимон ва икки нафар суриялик ҳалок бўлган.

Бундан олдин Доналд Трамп гуруҳга ҳужум учун «жуда жиддий» жавоб беришини ваъда қилганди. У, шунингдек, Вашингтон Дамашқ билан алоқада эканини таъкидлаган унинг баёнотларидан Сурия ҳукуматлари АҚШнинг жангарилар ҳаракатларига жавоб беришига тўсқинлик қилмаслиги маълум бўлган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид