Ўзбекистон | 19:50 / 19.12.2025
8311
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллий кенгаш ва ҳокимлар фаолиятига хос бўлмаган 8 та вазифа бекор қилинади

Сенат маҳаллий кенгашлар фаолиятини такомиллаштиришга оид қонунни маъқуллади. Ҳужжат билан маҳаллий кенгаш раиси ва ҳоким лавозимларининг ажратилгани инобатга олиниб, амалдаги 9 та кодекс ва 69 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Фото: Олий Мажлис Сенати

Сенатнинг ўн иккинчи ялпи мажлисида маҳаллий кенгашлар фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, қонун билан маҳаллий кенгаш раиси ва ҳоким лавозимларининг ажратилгани инобатга олиниб, амалдаги 9 та кодекс ва 69 та қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Натижада, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юклатилган ваколатларни вакиллик ва ижро этувчи органлар ўртасида аниқ ихтисослаштириш назарда тутилган.

Муҳокамалар давомида сенаторлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вазифаларининг “кучли кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида қайта тақсимланаётганини таъкидлади.

Шунингдек, маҳаллий кенгашлар ва ҳокимликлар фаолиятига хос бўлмаган, республика ижро этувчи органлар ваколатларини такрорловчи 8 та вазифанинг бекор қилиниши муҳим янгилик сифатида қайд этилди.

Сенаторлар фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши республикада амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнинг навбатдаги босқичини таъминлайди. Ҳужжат Конституцияда белгиланган ҳокимлар ва халқ депутатлари кенгашлари ваколатларини аниқ ажратишга асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги моделини тўлиқ жорий этиш, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид