Жамият | 08:00 / 10.11.2019
34243
5 дақиқада ўқилади

Қарши шаҳри ва тумани: харобада яшаётган одамлар ва қабристонда қолиб кетган хонадон

Таҳририятимизга Қашқадарё вилоятидан келадиган мурожаатларнинг аксарияти «снос» билан боғлиқ. Фуқарога тегишли уй-жой ёки бошқа мулк давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олинадими, бу ерга кўп қаватли уй қуриладими, ҳар қандай вазиятда ҳам аввал мулк эгасини рози қилиш лозимлиги кундай равшан. Аммо негадир бу вилоятда кўплаб фуқаролар йиллар давомида сарсон қилинади.

Қарши шаҳридаги «Гулшан» маҳалласида яшовчи фуқаролар нақ тўрт йилдан бери азоб чекишади. Уларнинг уйлари 2015 йил бузилишга тушган. Ҳовлилар олдидан кўп қаватли уй қурилган.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2013 йил 25 июлдаги «Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида» қарори билан шаҳардаги кўпгина кўчалар кенгайтирилди, реконструкция қилинди, кўп қаватли ва замонавий бинолар қад ростлаган. Аҳолига уйлари бузилишга тушгани ҳақда 2015 йил шаҳар ҳокимлиги томонидан огоҳлантириш хати берилган. Аммо шу вақтгача компенсация берилмаган.

Одамлар бир неча йил шундоққина қурилишлар остида яшашган. Уйлар хароб аҳволга келиб қолган, деворлар қулаб тушган, кўчалар бузилган. Ҳозирга келиб ҳам бир неча хонадон ана шу харобаларда яшаб келмоқда. Уй эгаларининг мурожаат қилмаган жойи қолмаган. Бир неча оммавий ахборот воситалари, жумладан, Kun.uz сайтида ҳам бу муаммо жорий йилда ҳам ёритилган. Аммо ҳали-ҳамон масалага ечим топилган эмас.

«Ўтган йиллар давомида биз кўрган маънавий зарарни-ку қўя туринг, наҳотки қонунларимиз аниқ қилиб кўрсатиб турган моддий зарарни ҳам ҳам ундириб берадиган ташкилот йўқ. Шунча йил «пешонамиз тагидаги» қурилишларга чидадик, уй-жойларимиз хароб аҳволга келиб қолди. Энди эса чўкиб қолган ҳовлимиз тепасида кўп қаватли турибди. Худди томошагоҳ дейсиз, тепадан ташланган чиқиндилар ҳам шамолда тўғри ҳовлига тушяпти», дейди «Гулшан» маҳалласи, Китоб кўчасида яшовчи Жасур Расулов.

Қарши шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари муаммони эътироф этган ҳолда, яшовчилар номидан ҳуқуқ-тартибот идоралари номига хат чиқаришларини маълум қилишди. Аммо хонадон эгалари бу гапни кўп эшитишгани, ҳокимлик тўрт йилдан бери муаммога ечим топа олмаганини айтишмоқда. Хўп, Қарши шаҳри ҳокимлиги муамммога ечим топмаётган экан, ким ечим топади? Одамлар шу саволга жавоб кутмоқда.

Қарши шаҳри Насаф кўчасидаги уйи бузилган яна бир фуқаро эса 2016 йил бузилган уйи учун ҳалиям компенсацияни тўлиқ ололмаётгани юзасидан шикоят қилган. Бу уй ўрнида ҳам кўп қаватли уй қурилган. Мулк уй эгаси томонидан тегишли тартибда баҳолатилган. Мулк қиймати 333 миллион сўмдан зиёдроққа баҳоланган.

«Аммо менга баҳоланганидан 66 миллион сўм кам компенсация берилди. Янги кўчиб чиққан уйимда қурилиш ишлари тўрт йилдан бери чала қолмоқда. Ўз вақтида босим билан, уйимиз бошига техникалар билан келишганида мажбур бўлиб турмуш ўртоғим қурувчи билан тузилган шартномага қўл қўйгач, чиқиб кетганмиз. Аммо шунча вақтдан бери пулимизни тўлиқ ололмадик. Шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари «эрта-индин», деб бизни алдашди. Мулк меники, қонуний равишда баҳолатилган, аммо компенсация менинг эмас компенсация тўловчиларнинг баҳолатиши асосида чиқарилгани қайси қонунга тўғри келади?», — дейди уй эгаси Раъно Баланова.

Компенсацияда тўламасликнинг Қарши туманидаги «методи»

Қарши туманидаги аҳвол бунинг бутунлай тескариси. Яъни, тумандаги Юқори Бешкент қишлоғида яшовчи Шомурод Мустаевнинг уйи бузилишга тушмаган, аммо уй қабристон яқинида қолиб кетган. Ҳокимлик ҳам анойимас, агар уй бузилишга тушса компенсация тўлаш керак. Шу сабабдан ҳам фуқаронинг уйи бузилмасдан туриб қабристон кенгайтирилган. Ҳозирги аҳвол шуки фуқаронинг уйининг икки томонида қабристон бор.

Туман давлат санитария ва эпидемиология маркази мутасаддилари билан жойида муаммони ўрганганимизда мутахассислар мазкур ҳолат меъёрий қоидаларга тўғри келмаслигини билдиришди. Яъни, қабристонга бу даражада яқин яшашга рухсат берилмайди.

Уй эгаси Шомурод Мустаев ногиронлиги сабабли ишлай олмайди. Ўзига янги уй сотиб олишга қурби етмайди. Кенгайтирилиши лозим бўлган кўҳна қабристон тупроғи техникалар билан Мустаевлар уйига 20 метр қолгунча сурилгач, қабристондан турли ҳашаротлар уйга ҳам кўчиб ўтиб, хароб ҳолга келтириб ташлаган. Айни кунда Мустаев ёш болалари билан қабристон яқинида, харобада қолиб кетмоқда.

Қизиғи, Мустаевнинг юқори идораларга ёрдам сўраб қилган мурожаатига жавобан туман ҳокимлиги «Мустаевнинг уйи бузилмагани, яшаётгани аниқланди», қабилида жавоб берган.

«Бу жавобга кулайми йиғлайми ҳамма бало менинг ана шу қабристонда ичида яшаётганимда-ку?», дейди Шомурод Мустаев.

Ҳокимликни тушунамиз, фуқарони кўчириш «ортиқча харажат». Аммо фуқарони, унинг фарзандларини тушунадиган одам топилмаяпти.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид