Жаҳон | 21:56 / 30.06.2023
28520
2 дақиқада ўқилади

Нурсултон Назарбоевнинг собиқ келини иккита жиноят иши бўйича 8 йилга қамалди

Қозоғистон биринчи президентининг собиқ қариндоши аввалроқ бошқа бир жинояти учун суд томонидан 7 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Фото: Видеодан кадр

Қизилўрда шаҳар суди Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев жиянининг собиқ хотини Гулмира Сатибалдини 440 млн тенге (11,2 млрд сўм) маблағни ўзлаштиришда айбдор деб топди ва уни 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.

Ҳукм чиқаришда Гулмира Сатибалди бошқа бир жинояти учун Остона суди томонидан шу йилнинг 4 май куни 7 йилга қамалгани инобатга олинди. Ўшанда судланувчи ўзбошимчалик ва одам ўғирлашда айбдор деб топилган ҳамда Қозоғистон давлат мукофоти – «Курмет» орденидан маҳрум қилинганди. Бироқ суд аёлнинг мол-мулкини мусодара қилмасликка қарор қилганди.

Қизилўрда шаҳар суди 8 йиллик қамоқ жазосидан ташқари Гулмира Сатибалдининг 10 йил муддатга тижорат соҳасида раҳбар лавозимини эгаллашини тақиқлаб қўйди.

Гулмира Сатибалди Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалдининг собиқ хотини ҳисобланади. Қайрат 2018 йилда Қозоғистоннинг Forbes нашри томонидан мамлакатнинг энг нуфузли бизнесменлари рўйхатига киритилган, унинг бойлиги 163 миллион долларга баҳоланган.

2022 йилнинг сентябрида Остона суди Қайрат Сотиболдини давлат мулкини ўзлаштиришда айбдор деб топган ва мол-мулкини мусодара қилган ҳолда 6 йилга озодликдан маҳрум этганди. Бундан ташқари, у 10 йил давомида давлат хизматида ишлаш ҳуқуқидан ҳам айрилганди.

Мавзуга оид