Жамият | 14:41 / 22.01.2021
6644
7 дақиқада ўқилади

Касаба уюшмалари федерацияси: Ишчилар хавфсизлиги учун доим қайғурилади

Касаба уюшмалари федерацияси ишчилар яхши иш шароитларида ишлаши учун мeҳнатини муҳофаза қилиш йўналишида семинар-тренинглар ташкил этмоқда. Федерация ташаббуси билан ўтган йилларда меҳнат муносабатларига доир қонун ва қонуности ҳужжатлари асосида 3 томда “Ўзбекистон Республикасининг меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тўплами” ҳам ўзбек ва рус тилларида нашр этилди

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қурилиш объектлари тобора кўпайиб бормоқда ва табиий равишда қурилиш соҳасида банд бўлаётган аҳоли сони ҳам ошмоқда. Бу эса Касаба уюшмалари федерацияси зиммасига ҳам қурилиш объектларида ишлайдиган ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ҳақида кўпроқ қайғуриш масъулиятини юкламоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон республикaси қурилиш тaрмоғини модернизaция қилиш, жaдaл вa инновaцион ривожлaнтиришнинг 2021-2025 йиллaргa мўлжaллaнгaн стрaтегиясини тaсдиқлaш тўғрисидa”ги фармонида меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини қурилиш тармоғи объектларида жорий этишни таъминлаш белгиланган.

Мана шу йўналиш доирасида 21 январ куни Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Капитал Қурилиш бошқармасининг “Иш жойидаги хавфсизлик – инсон саломатлиги гарови” мавзусида семинар-тренинги бўлиб ўтди. Унда федерациянинг соҳа мутахассислари, тармоқ касаба уюшмалари ҳамда қурилиш соҳасида махсус кийим ва ҳимоя воситаларини ишлаб чиқарувчи ташкилот муассасалари ходимлари иштирок этди.

Семинарда асосий урғу иш берувчи иш жойида меҳнат муҳофазасини қандай шартлар асосида таъминлаши кераклиги, ходим эса хавфсиз шароитда ишлаши учун ҳуқуқларини яхши билиши кераклигига қаратилди.

Тадбир давомида Капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи Ҳайдар Фозилов ўтган йиллар давомида қандай қурилиш объектлари қурилганлиги ва келгусидаги режалар ҳақида ҳам тўхталди.

“Ўтган 4 йил давомида касаба уюшмалари 100дан зиёд объектларда қуриш, капитал таъмирлаш, реконструкция ишларини амалга оширди. 2021 йилнинг ўзида 20га яқин объектларда қурилиш, таъмирлаш ишларини олиб бориш режалаштирилган.

Жумладан, Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманида 200 ўринли, Жиззахнинг Зомин туманида 400 ўринли, Хоразмнинг Хонқа туманида 150 ўринли, Наманганнинг Чортоқ  туманида 200 ўринли санаториялар ва Бухоро шаҳрида 200 ўринли болалар оромгоҳи қуришни режалаштиряпмиз”, – деди Капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи.

Бу санаториялар ва болалар оромгоҳида ишчилар банд бўлмоқда, қолаверса, кейинчалик улар фаолияти давомида фуқароларга хизмат кўрсатиш орқали меҳнат муҳофазасини таъминлашга хизмат қилади.

Ишчи ва иш берувчи меҳнат муҳофазаси бўйича ҳақ-ҳуқуқ ва бурчини билиши зарур

Касаба уюшмалари Федерацияси меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Нодира Каримова семинар иштирокчиларини иш жойларидаги хавфсизликни таъминлаш, ишчиларнинг саломатлиги ва меҳнатини муҳофаза қилиш бўйича муҳим тавсиялар берди.

Унинг сўзларига кўра, бугунги семинар ҳам айнан қурилиш ташкилотларини инженер-техник раҳбар ходимлари билан ўтяпти. Ундан сўнг жойларда ишчилари билан ҳам ўтказилади. Сабаби ишчиларни қонун ҳужжатларида меҳнат хавфсизлиги ҳақида нима дейилгани, ишни қандай ташкил этиш кераклиги билан батафсил таништириш зарур.

“Чунки иш берувчининг ўзи меҳнат муҳофазасини тушунмаса, эртага ходим талаб қилингандан кейин бу нарсани ташкил этиш қийин бўлади. Қачонки, иш берувчининг ўзи меҳнат қонунчилигини яхши билса, шунда иш тўғри ташкил этилади.

Шунинг учун бугун айнан раҳбарлар, бош муҳандислар, инженер-техник ходимларга қонун талабларини тушунтиряпмиз. Чунки меҳнат муҳофазасида биринчи ўринда ходимнинг саломатлиги туради. Ходим саломатлигини таъминлаш учун аввало дастлабки тиббий кўрикларни ўтказиб, кейин ишга қўйилиши зарур ва вақти-вақти билан уларнинг саломатлигини текшириб бориш керак”, – деди Нодира Каримова.

“Меҳнат шароитини баҳолаш муҳим”

Қайд этилишича, меҳнат шароитларини баҳолаш ҳам жуда муҳим. Сабаби меҳнат шароити баҳоланар экан, у ерда хавф бор-йўқлигини текширишга имкон туғилади. Қандайдир зарар бўладиган бўлса, унга иш берувчини ҳимоялаган ҳолда иш ташкил этиб берилади. Натижада, шу зарар инсонга зарар етказиши мумкинлигини билиб, инсонга кийим-бош, махсус пойабзал, шахсий ҳимоя воситалари бериш ёки жамоавий ҳимоя воситалари билан таъминлаш мумкин.

“Шу масалаларни ҳам биз алоҳида тушунтириб бердик. Ходимлар хавфсиз шароитларда ишлашлари учун уларни ишга қўйишдан олдин, дастлабки йўриқ жуда ҳам муҳим. Масалан, касблар жуда кўп ва хилма-хил. Ҳар бир касбнинг ўзининг йўриқномаси бор ва у йўриқномалар иш берувчи томонидан ишлаб чиқилиши ва тегишли мутасаддилар бунга масъул эканлиги, ишлаб чиқилган ҳужжатлар билан ходимлар таништирилиши зарур эканлиги ва бу билимларни олган ходимлари билимини синаб, кейин ишга қўйиш керак эканлиги муҳимлигини таъкидладик”, – деди Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи.

Касаба уюшмалари федерацияси ишчилар хавфсизлиги учун доим қайғуради

Таъкидланишича, ишчи саломатлиги, унга махсус кийимлар бериш, хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш билан бир қаторда ходимларга раҳбарнинг руҳий ҳолати ҳам муҳим.

Бу ўринда касаба уюшмаларининг ўрни катта. Уюшма жамоатчилик назорати орқали камчиликларни аниқлайди ва уларни бартараф этиш бўйича иш берувчиларга тақдимномалар киритади. Боқувчисини йўқотган бахтcиз ҳодисага учраган, жабрланганларга ёрдам кўрсатиб келади. Касаба уюшмалари ходимларининг вакиллик органи сифатида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Ходимнинг жамоага, яъни касаба уюшмасига бирлашиши, бевосита ўзининг орасидан лидер сайлаб, унга ўз фикрини тўғри тушунтириши ва у иш берувчига ишчилар фикрини тўғри етказиши каби масалаларда ҳамиша кўмаклашади.

Ўтган йилларда федерация ташаббуси билан меҳнат муносабатларига доир қонун ва қонуности ҳужжатлари асосида 3 томда “Ўзбекистон Республикасининг меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тўплами” ўзбек ва рус тилларида нашр этилган. Шунингдек, соҳага оид 100га яқин қўлланма, китоб ва брошюралар тайёрланган. Aлбатта, буларнинг барчаси ишчиларнинг хавфсиз муҳитда фаолият юритишлари учундир.

Меҳнат муҳофазасига бағишланган семинар ҳам хавфсиз меҳнат шароитларини ташкил қилишга эришиш учун муҳим қадам бўлди. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид