Ўзбекистон миллий қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқда “мажбурий меҳнат” атамаси қандай изоҳланган? Бунинг учун белгиланган жарима ва жазо нималардан иборат? Уни аниқлашда ёрдамчи индикаторлар борми? Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияда бўлиб ўтган семинар-тренингда айни шу каби саволларга жавоб берилди.

ЎзКУФ ходими Хушнудбек Худайбердиев “мажбурий меҳнат” тушунчасининг миллий қонунчиликдаги ҳуқуқий изоҳига тўхталар экан, Ўзбекистон Конституциясининг алоҳида бир моддаси билан бу нарса тақиқланганини билдирди.
“Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида қуйидаги қоидалар белгиланган:
«Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.
Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади”.
Қолаверса, Меҳнат кодексининг 7-моддасига биноан, бирор-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали (шу жумладан, меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажариш тушунилади.

Бундан ташқари, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасида:
“Мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно”, - дейилади.

Шу билан бирга, Х.Худайбердиев қайси ҳолатлар қонунчилик бўйича мажбурий меҳнат сирасига ҳам кирмаслигини маълум қилди. Меҳнат кодексига кўра, қуйидаги ишлар мажбурий меҳнат ҳисобланмайди:
- ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида;
- фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда;
- суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан;
- қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди.











