Жаҳон | 07:23 / 07.02.2026
3400
2 дақиқада ўқилади

Рейтинг: тадқиқот ва ишланмаларга энг кўп пул сарфлайдиган давлатлар

Ўнлаб йиллар давомида АҚШ тадқиқот ва ишланмаларга йўналтириладиган инвестициялар ҳажми бўйича дунёда етакчи бўлиб келди. Бироқ бугун Хитой тобора фаол равишда шаклланган илмий-технологик кучлар мувозанатида жиддий рақобатчига айланмоқда.

Фото: iStock

Тез суръатдаги иқтисодий ўсиш ва мақсадли давлат сиёсати фонида Хитойнинг жаҳон бўйича тадқиқот ва ишланмалар харажатларидаги улуши 2000 йилдаги 4 фоиздан 2024 йилда 27,4 фоизгача ошди. Жанубий Корея ва Ҳиндистон ҳам тадқиқот соҳасидаги иштирокини кучайтирмоқда — бу эса Осиёни глобал инновациялар марказига айлантиришга хизмат қилмоқда.

Янги инфографикада Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) маълумотлари асосида мамлакатларнинг тадқиқот ва ишланмаларга сарфлаган харажатлари кўрсатилган. Хитой 2024 йилда R&D'га 785,9 миллиард доллар инвестиция киритиб, дунёда биринчи ўринни эгаллади.

Бу миқёсдаги сармояларнинг муҳим қисми марказлашган молиялаштириш модели билан изоҳланади: тадқиқотларнинг салмоқли қисми давлат лабораториялари орқали амалга оширилади ва улар миллий устувор йўналишлар — энергетика, биотехнология ва илғор технологиялар асосида ишлайди.

АҚШ 781,8 миллиард доллар кўрсаткичи билан иккинчи ўринда. Хитойдан фарқли ўлароқ, АҚШда тизим асосан хусусий секторга таянади: Amazon, Alphabet ва бошқа компаниялар дунёдаги энг йирик корпоратив R&D инвесторлари қаторига киради. Умуман олганда, Хитой ва АҚШ ҳиссасига жаҳондаги тадқиқот ва ишланмаларга сарфланадиган барча инвестицияларнинг 54,7 фоизи тўғри келади.

Япония катта фарқ билан учинчи ўринда бўлиб, 2024 йилда 186 миллиард доллар сарфлаган. 2000 йилдан бери унинг жаҳон R&D харажатларидаги улуши 7,2 фоиз пунктига камайган — бу пасайиш миқдори бўйича АҚШдан кейин иккинчи. Японияда корпоратив инвестициялар бўйича анъанавий етакчи Toyota ҳисобланади, Honda ҳам фаол иштирок этади.

Европа ҳам биринчи ўнликда учта давлат билан қатнашган: Германия (4-ўрин), Буюк Британия (6-ўрин) ва Франция (8-ўрин). Бироқ уларнинг ҳар бири 2000 йилдан бери жаҳон тадқиқот харажатларидаги улушининг бир қисмини йўқотган. Россия ушбу кўрсаткич бўйича дунёда 11-ўринни эгаллайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид