Ўзбекистон | 00:31 / 19.07.2020
38812
5 дақиқада ўқилади

Бир кунда тўртта ўлим ҳолати қайд этилди. Қурбонлар камида 83 нафарни ташкил этмоқда

18 июль куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19 оқибатида рўй берган 4та ўлим ҳолати (уларнинг барчаси эркаклар) ҳақида хабар берди. Сўнгги беш кундан буён кунлик ўлим кўрсаткичи тўрттани ташкил этмоқда.

Расмий статистикага асосан, жами қурбонлар 83 нафар етди. Сирдарёда ҳам илк қурбон берилди ва вирус оқибатида ўлим юз бермаган ҳудуд сифатида фақатгина Андижон вилояти қолмоқда.

Биринчи ўлим

Тошкент шаҳри Миробод туманида яшаган 67 ёшли Н.С.да (эркак) 14 июль куни коронавирус тасдиқланган ва у Вирусология илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган.

Унга COVID-19 касаллигининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги билан кечган.

Шунингдек, гипертония, артериал гипертензия ҳамроҳ касалликлари билан ҳам оғриган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.

Иккинчи ўлим

Шайхонтоҳур туманида яшаган 49 ёшли А.А. (эркак)да 14 июль куни коронавирус тасдиқланган ва у Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Беморда гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар ҳам аниқланган.

17 июль куни мутахассислар томонидан тўлиқ ҳажмда, стандарт асосида ўтказилган реанимацион чораларга қарамасдан, гипертония ва артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар фонида беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигининг 4-даражаси ҳамда полиорган етишмовчилигидан вафот этди.

Учинчи ўлим

Гулистон туманида яшаган 69 ёшли Т.С. (эркак)да 11 июль куни коронавирус тасдиқланган ва Сирдарё вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Беморга миокард инфаркти, COVID-19 инфекцияси, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Бемор бундан аввал 29 июнь куни миокард инфаркти ташхиси билан Гулистон тумани марказий шифохонасида даволанган. Шунингдек, беморда гипертония касаллигининг ва семизликнинг 3-даражалари борлиги аниқланган.

Ушбу ҳамроҳ касалликлар фонида ташхис қўйилган касаллик асоратлари ҳисобига аҳволи кескин оғирлашган бемор, мутахассислар томонидан тўлиқ ҳажмда, стандарт асосида ўтказилган реанимацион чораларга қарамасдан, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган.

Тўртинчи ўлим

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида яшаган 55 ёшли У. А. (эркак) 16 июль куни Зангиота туманидаги «Назарбек» юқумли касалликлар шифохонасига ўта оғир аҳволда олиб келинган.

Беморда COVID-19 касаллигининг ўта оғир кечиши ва икки томонлама пневмониянинг ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, полиорган етишмовчилиги асоратлари кузатилган.

17 июль куни ҳамроҳ касалликлар фонида касаллик асоратлари ҳисобига аҳволи кескин оғирлашган бемор, мутахассислар томонидан тўлиқ ҳажмда, стандарт асосида ўтказилган реанимацион чораларга қарамасдан,  ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигининг 4-даражаси ҳамда полиорган етишмовчилигидан вафот этган.

ССВ хабарларида вафот этган тўрт нафар беморнинг барчасига мутахассислар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар ўтказилгани, даволаш жараёни белгиланган стандартлар асосида олиб борилгани айтилади.

Бундан ташқари, 18 июль куни Маданият вазирлигининг коронавирус юқтириб олган 32 ёшли ходими ҳам вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди, ССВ мазкур ўлимни расман қайд этганича йўқ.

«Бугун Маданият вазирлиги жамоаси заҳматкаш, ёш ходимларидан бирини йўқотганидан чуқур қайғуда.

1988 йилда туғилган Ирисов Акмал Бахтиёрович оламдан ўтди. Айни пайтгача у Маданият вазирлигининг Иқтисодий таҳлил, молия ва бухгалтерия бошқармаси бош мутахассиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

Шифокорлар томонидан унга ўткир нафас етишмовчилиги, икки томонлама пневмония, COVID-19 ташхислари қўйилган.

Маданият вазирлиги томонидан унинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия изҳор этиб, чуқур ҳамдардлик билдирамиз», дейилади вазирлик хабарномасида.

Шунингдек, 15 июль куни Давлат хизматлари агентлиги Навоий вилояти бошқармасининг масъул ходими Адҳамжон Деҳқонов 61 ёшида коронавирусдан вафот этгани хабар қилинган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирга қадар бу ўлим ҳолатини ҳисобга киритмади.

17 июль куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Санжар Абдуқодиров 40 ёшида ҳаётдан кўз юмган эди. Қўмита ўз таъзияномасида ўлим сабабига аниқлик киритмагани коронавирус деган тахминни юзага келтирганди, аммо ССВ бу борада маълумот берганича йўқ.

Мавзуга оид