Хави «Камп Ноу»даги илк класикосида ғалаба қозонди. Чемпионлик деярли чўнтакда
Бу иш чиройли ва жамоанинг ўзига хос услубида амалга оширилди. Энди «Реал» 12 очкога ортда қолиб кетди.
Ла Лига. 26-тур
Барселона — Реал 2:1
19 март, «Камп Ноу»
Голлар: Роберто (45), Кессиэ (90+2) — Араухо (9, автогол).
Барселона – тер Стеген, Араухо, Кристенсен, Кунде, Балде, Роберто (Кессиэ, 77), Бускетс, де Йонг, Гави (Фати, 90+1), Рафиня (Ферран Торрес, 83), Левандовски.
Реал – Куртуа, Карвахал, Рюдигер, Милитао, Начо (Менди, 62), Модрич (Себалйос, 76), Кроос (Родриго, 62), Валверде (Асенсио, 76), Камавинга (Тчуамени, 76), Винисиус, Бензема.
Огоҳлантиришлар: Начо (18), Рафинья (33), Роберто (65), Модрич (69), Балде (90), Себалйос (90+7), Фати (90+7).
Хави «Барселона»да ишлаётганига бир ярим йил ҳам бўлмади, аммо якшанба кунги класико унинг учун еттинчиси эди. Шунга қарамай, қанчалик ҳайратланарли бўлмасин, бу унинг учун илк уй класикоси бўлди. «Реал»га ўйинларнинг учтаси Мадридда, иккитаси — Саудия Арабистонида ва бир ўйин АҚШда ўйналган. Бу ўйинларда умумий устунлик кўк-анорранглилар фойдасига — тўрт ғалаба ва икки мағлубият.
Аммо бу даврдаги динамикани кузатиш қизиқ. Барчаси 2022 йил январида Испания Суперкубогидаги 2:3 ҳисоби ҳамда «Барселона» ҳали тириклиги ва тез орада тиклана бошлаши ҳақидаги умумий баҳо билан бошланди. Кейин март ойида «Бернабеу»да 4:0 ҳисобида ғалабага эришилди ва «улар қайтгани» ҳақида баралла айтила бошланди. Октябр ойида Мадридда кечган ўйиндаги 1:3 ҳисобидаги мағлубият каталонияликлар мухлисларининг кайфиятини бироз туширди: «Реал» принципиал рақибини максимал даражада сурбетлик билан — Чемпионлар лигаси ғолиблигини келтирган ўз услубида мағлубиятга учради. Бир неча ой ўтиб, 2023 йил январида барчаси остин-устун бўлди: энди «Барселона» рақибни парчалаб ташлади — Суперкубокда 3:1 ҳисобидаги ғалаба. Ва ниҳоят Испания кубоги яримфиналининг Мадридда кечган биринчи учрашувида ҳам меҳмонлар устун келишди — 1:0.
Олдинги беш ўйин учун барқарор тенденцияни қайд этиш қийин – бу ўйинларда нотинчлик ҳукмрон эди. Аммо март ойи бошида «Бернабеу»да ўтган ўйин бир жиҳати билан диққатни тортади, ўшанда «Барселона», оддий қилиб айтганда, дарвозаси атрофида автобус ўрнатди. Ва бу амалда огоҳлик қўнғироғи эди. Хави Каталонияга мураббий сифатида қайтганидан кейин клуб анъаналари, унинг маданияти ва ўзига хослиги, футболчилар буни доимо ёдда тутиши ва бошқа шу каби жиҳатлар ҳақида кўп гапирди. Оддий ва қисқача қилиб айтганда шундай: «Барселона» барселонача футбол ўйнаши керак. Совринлар эса – шундан келиб чиқади. Мадридда кечган сўнгги ўйин эса бу парадигмага умуман мос тушмасди, худди Хавининг ўйиндан кейин айтган сўзлари каби: уларда Лука Модрич ва Тони Кроос бўлганида яна қандай ўйнаш керак – улардан тўпни қандай қилиб олиб қўйиш мумкин?
Бундан ҳам ёмонроғи - Хави жамоасида ўзига хос трендни кузатиш мумкин: агар ла лигада ЖЧ-2022 танаффусидан кейин ўтказилган ўйинларга қаралса, «Барселона» 11 турда қаторасига олти ўйинда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганини кўриш мумкин. Бу даврдаги ўйинлардан фақат учтасида каталонияликлар биттадан ортиқ гол уришган ва фақат бир марта – иккитадан ортиқ (5 феврал куни «Севилья» 3:0 ҳисобида мағлуб этилган). Умумий рақамлар шундай: +9=1-1, тўплар нисбати – 14-2. Натижа борасида барчаси аъло кўринишда, аммо барчаси ҳисобга олинса, бу Диего Симеоненинг энг яхши пайтлардаги «Атлетико»сига жуда ўхшаб кетади. Ҳа, бу рақамлар бир жиҳатдан вазиятлардан фойдалана олмаслик натижасида юзага келган: «Барселона» xG бўйича қарийб 54 голга ўйнаган бўлса-да (Understat маълумоти), амалда 45 гол урган, яъни муқаррардек кўринган 9 гол урилмаган. Аммо мунтазам 1:0 ҳисобидаги ғалабалар қарийб уч ой давомида қайд этилаётган бўлса, буни фақат вазиятлардан фойдалана олмаслик билан изоҳлаш тўғри эмас.
Шу туфайли биринчи уй класикоси Хави учун фақатгина турнир аҳамиятига эга эмасди (ғалаба қозониш ва чемпионлик масаласини амалда ҳал қилиш) — шунчаки ғалаба қозониш етарли эмас, буни жамоа ўз услубида амалга ошириши талаб этиларди. Шу куни «Камп Ноу»га келган ва ўйинни трибунада туриб кузатган Пеп Гвардиола кўз ўнгида ҳам барселонача ўйнаш керак эди. Ой бошида «Бернабеу»да кўрсатилган ўйин билан 1:0 ҳисобида ғалаба қозониш мағлубиятга тенг кўриларди. Ахир «Барселона»да мафкурани клуб музейидаги кубоклардан кўпроқ қадрлашади.
Ўйин стартидаёқ тўп Рональд Араухога тегиб, дарвоза тўрига бориб тушганида руҳий императив ҳаётий вазифага айланди — 9-дақиқадаёқ ҳисоб 0:1 кўринишини олгач, Симеонега хос ўйин кўрсатиш маъносини йўқотди. Бу эпизодда ўзига хос тақдир ҳазили ҳам бор. Араухо — «Барселона»нинг бу мавсумдаги энг кучли ҳимоячиси ва Хави уни Винисиусни персонал таъқиб қилиш учун туширганди (бошқа ўйинларда ўнг қанот ҳимоясида Жюл Кунде ҳам ўйнаши мумкин эди). Аммо айнан Винисиуснинг ҳаракатларидан кейин «Реал» ҳисобда олдинга чиқиб олди, бразилиялик футболчи эса ўзининг тўғридан тўғри рақибининг фамилиясини протоколда автогол муаллифи сифатида қайд этилишига эришди.
Аммо ўйиннинг илк дақиқаларидан, ҳисоб ҳали 0:0 эканида, «Барселона» бу оқшом ўйин айнан унинг шартлари асосида кечишини намойиш этишга улгурди — худди энг яхши даврлардагидек. Тўп назорати ва ҳужум чизиғи вакилларининг ўта юқори индивидуал маҳорати билан қоришган юқори прессинг — каталонияликлар ўзларининг барча асл фазилатларини астойдил намойиш этишди. Тибо Куртуа илк дақиқалардан ўйинга киришишга мажбур қилинди.
Тўхтовсиз равишда бундай ўйнаб бўлмаслиги кўриниб турарди. «Реал» вақти-вақти билан тўпни ўзига олар, баъзида «Барселона» ҳимоясини таҳликага солар, аммо асосийси, мезбонлар майдонда шундай дея олишди: «Биз — «Барселона»миз ва биз устунлик қилишни хоҳлаймиз». Буни жавоб голи яққол кўрсатиб берди: урилган гол ҳужумнинг учинчи тўлқинида рўй берди, ҳимоячилар тўпни қайтараверишди, ҳужумчилар тўпни ўзига бўйсундириб зарба бераверишди ва охири тўп дарвоза тўрига бориб тушди.
«Барселона» танаффусдан кейин, ҳисоб тенг ҳолатида ҳам тўла куч билан ўз ўйинини намойиш этишда давом этди. Бу дақиқалардаги ҳужумлар чиндан ҳам чиройли кўриниш олди, гарчи Куртуа биринчи бўлимдаги каби ёрқин сэйвлар амалга оширишига тўғри келмаган бўлса ҳам — мезбонларнинг зарбалари кўп ҳолларда хато кетди.
Шу билан бирга, рақиб ўтган йилги Чемпионлар лигаси ғолиби экани ёдга солиб турилди. Рақиб ўйинни ва майдондаги вазиятни назорат қиляпман деб ўйлаши мумкин, лекин амалда бу иллюзия бўлиб чиқиши ва бошқарув пулти аслида «Реал»да турган бўлиши мумкин. Ўйиннинг якуний қисмида «Реал» яхшироқ ҳаракатланди — бу ҳам жамоа тажрибаси ҳисобига, ҳам захира кучлар эвазига бўлди: Карло Анчелотти 76-дақиқага келиб беш футболчини алмаштириб улгурди. Марко Асенсио дарвозани ишғол қилганида эса, майдонда бир йил олдин «ПСЖ» ёки «Манчестер Сити»га қарши кечган ўйинлар ремейки қўйиб берилаётгандек туюлди.
Лекин микроскопик даражадаги офсайд «Барселона» фойдасига ишлади, Франк Кессиэ эса қўшиб берилган дақиқаларда ғалаба голини урди — буни эса жамоанинг анъаналарга ва йиллар давомида шаклланган услубига содиқ бўлишга интилишлари учун мукофот бўлди деб баҳолаш мумкин. Дуранг ҳам кўк-анорранглиларни чемпионлик пойгасида стратегик жиҳатдан тўла қаноатлантирган бўларди — «+9» кўринишидаги қулай фарқ сақланиб қоларди. Аммо биринчи уй класикосида Хави ўзининг сўнгги бир ярим йилликда айтган барча сўзлари шунчаки қуруқ гап бўлмаганини кўрсатишга очиқчасига ҳаракат қилди. Голли ҳужум ҳам жамоа стилида амалга оширилди: Роберт Левандовскининг товон билан ўтказган паси ва Алехандро Бальденинг ақлли узатмаси.
«Барселона» — деярли чемпион, мавсум якунига 12 тур қолганида жамоа асосий таъқибчиси «Реал»ни 12 очкога ортда қолдирмоқда ва Мадриддан фарқли ўлароқ, еврокубокларга чалғишига тўғри келмайди. Аммо бу класико қандай ютилгани ҳам муҳим. Кейингиси эса (Испания Кубоги яримфиналининг жавоб ўйини) — 5 апрел куни, яна «Камп Ноу»да бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
12:13 / 29.09.2024
«Палмер»да покер, «Барса» 4 та гол ўтказди. Европада кун ўйинлари
11:33 / 27.09.2024
«Барса»да ажойиб старт ва катта муаммо: тер Стегенсиз қолган жамоанинг аҳволи қандай кечади?
12:22 / 16.09.2024
«Арсенал» ва «Барса» дербиларда ғалаба қозонди, Италияда — тартибсизлик
12:38 / 30.08.2024