Жаҳон | 18:01 / 04.02.2026
14648
4 дақиқада ўқилади

Роғун ГЭС Амударё экотизимлари таназзулини юз йилга узайтиради – экологлар

Экспертлар хулосасига кўра, улкан ГЭС лойиҳасининг трансчегаравий таъсирини баҳолаш Жаҳон банкининг экологик ва ижтимоий стандартларига «тўлиқ мос келмайди ва фундаментал камчиликларга эга».

Фото: fb.com/khadamotimatbuot

Тожикистондаги Роғун сув омборидан фойдаланиш Амударё қуйи оқимидаги ноёб экотизимларнинг таназзулини 60-100 йилга узайтиради. Бу ҳақда «Чегара билмас дарёлар» (Rivers without Boundaries) халқаро экологик коалицияси ўз ҳисоботида маълум қилди.

Экспертлар хулосасига кўра, улкан ГЭС лойиҳасининг трансчегаравий таъсирини баҳолаш Жаҳон банкининг экологик ва ижтимоий стандартларига «тўлиқ мос келмайди ва фундаментал камчиликларга эга». Ҳисоботда таъкидланишича, баҳолаш 2014 йилдаги эскирган маълумотлар ва статик сценарийларга асосланган. Улар иқлим ўзгариши динамикасини ва Амударё ҳавзасидаги реал гидрологик вазиятни ҳисобга олмаслиги таъкидланмоқда.

Экологлар фикрига кўра, Роғун ГЭС лойиҳасини ишлаб чиқувчилар асосий ташқи омилларни эътиборсиз қолдирган. Улар орасида Афғонистондаги Қўштепа канали қурилиши ҳам бор бўлиб, у минтақанинг сув мувозанатига сезиларли таъсир кўрсатади.

«Экологик рухсатномалар ва сунъий сув тошқинлари бўйича қатъий мажбуриятларни жорий этмасдан, лойиҳа ноёб табиий мажмуаларнинг таназзулини аслида бир асрга узайтиради, бу эса халқаро молия институтларининг табиатни муҳофаза қилиш тамойилларини бевосита бузишдир», деди «Чегара билмас дарёлар» коалициясининг халқаро координатори Евгений Симонов.

Ҳисоботда Амударё дельтасининг Рамсар конвенцияси билан муҳофаза қилинадиган биологик хилма-хиллик ва сув-ботқоқ ерлари учун хавф-хатарларга алоҳида эътибор қаратилган. Роғун ГЭС таъсирини баҳолашда қурғоқчил даврларда ушбу муҳим ҳудудларга сув етиб боришини кафолатлайдиган аниқ механизмлар мавжуд эмас. Коалиция экспертлари қуйи минтақа мамлакатларида жамоатчилик ва манфаатдор томонлар билан маслаҳатлашувлар жараёнида жиддий бўшлиқлар мавжудлигини таъкидламоқда. Бу лойиҳанинг ижтимоий мақбуллиги тўғрисида чиқарилган хулосаларнинг қонунийлигини шубҳа остига қўяди.

«Биз қуйи ҳудудларда жойлашган аҳоли ва экотизимлар манфаатларини эътиборсиз қолдиришнинг хавотирли тенденциясини кузатмоқдамиз», деди «Чегара билмас дарёлар» коалициясининг минтақавий координатори Александр Колотов.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Туркманистонда лойиҳанинг таъсир зонасида маслаҳатлашувлар ўтказилмаган. Оқимнинг мавсумий қайта тақсимланиши ва Қўштепа каналининг ишга туширилиши билан боғлиқ хавфлар умуман эътиборсиз қолдирилган.

«Бу минтақадаги энг йирик инфратузилма лойиҳаси трансчегаравий ҳамкорликнинг ишончли пойдеворисиз ва қўшниларнинг фикрини ҳисобга олмасдан илгари сурилаётган хавфли прецедентни яратади», деди Колотов.

Вазиятни ўнглаш учун «Чегара билмас дарёлар» коалицияси бутун Амударё ҳавзаси миқёсида тўлақонли стратегик экологик баҳолаш (СЭБ) ўтказишни тавсия қилмоқда. Экологлар оқимни бошқаришнинг қонуний мажбурий режаларини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидламоқда. Улар иқлим ўзгаришига мослашиш ва биохилма-хилликни сақлаш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олиши керак.

Экспертларнинг таъкидлашича, таъсирни баҳолаш ёндашувларини тубдан қайта кўриб чиқмасдан ва зарарни камайтириш ва қоплаш механизмларини жорий этмасдан туриб, Роғун ГЭС лойиҳаси Марказий Осиёда узоқ муддатли экологик ва ижтимоий кескинлик манбасига айланиш хавфи мавжуд.

Роғун ГЭС – Тожикистондаги энг йирик энергетика лойиҳасидир. Лойиҳа қуввати 3600 МВт бўлиб, ГЭС олтита агрегати йилига 13,1 млрд кВт·соатдан ортиқ энергия ишлаб чиқариш имконини беради. Ҳозир объектда ҳар бирининг қуввати 600 МВт бўлган иккита агрегат ишлаб турибди. Гидроэлектрстанция қурилишининг барча босқичларини 2031 йил охиригача якунлаш режалаштирилган. Бунинг учун тахминан 6,29 миллиард доллар керак бўлади.

2008-2024 йилларда Тожикистон Роғун ГЭС қурилишига 42,5 миллиард сомоний (тахминан 4 миллиард доллар) йўналтирган. Жаҳон банки 2024 йил декабрь ойида қурилишни якунлаш дастурининг биринчи босқичи учун 350 миллион доллар миқдорида грант ажратишни маъқуллади. Бу жараёнга Саудия тараққиёт жамғармаси, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) ва бошқа қатор муассасалар ҳам жалб этилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид