Жаҳон | 21:58 / 20.02.2026
15279
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Эрон қирғоқлари яқинида йирик ҳарбий гуруҳни тўплади

АҚШ 2003 йилда Ироққа бостириб киришдан олдин Яқин Шарқда деярли шунча қўшин тўплаган эди. Тўпланган кучлар Эронга қарши ҳаво урушини кўп ҳафталар давомида олиб бориш имконини беради - агар уни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинса.

Фото: U.S. Navy

Meduza нашрига кўра, минтақада аллақачон «Авраам Линколн» авиаташувчи ҳужум гуруҳи жойлашган, «Жералд Форд» авиаташувчи гуруҳи ҳам яқинлашмоқда. Арабистон денгизида, Эронга бевосита яқин жойда, шунингдек, Қизил ва Ўртаер денгизларида камида 13 та кема, шу жумладан баллистик ракеталарни тутиб олиш ва Tomahawk қанотли ракеталари билан зарба бериш қобилиятига эга еттита «Арли Бёрк» эсминецлари мавжуд.

Бир неча ўнлаб самолётлардан иборат авиация гуруҳига бешинчи авлод F-22 ва F-35 қирувчи самолётлари киради, улар радарларга сезилмаслиги туфайли Эрон ҳаво мудофаасига қарши муваффақиятли ҳаракат қила олади. Улар аллақачон 2025 йил ёзида Американинг Эрон ядровий объектларига берган зарбалари пайтида B-2 стратегик бомбардимончи самолётларига ҳамроҳлик қилиш учун ишлатилган.

«Арли Бёрк» эсминеци. Фото: U.S. Navy
F-35 қирувчи самолёти. Фото: U.S. Navy

EA-18G радиоэлектрон кураш самолётлари Эрон ракета тизимларини бостириш учун мўлжалланган, F-15E ва F-16 қирувчи самолётлари эса жавоб ҳужумлари, жумладан Исроил ва Америка базаларига ҳужум қилинган тақдирда Эрон ҳаво кемаларини тутиб олиш учун мўлжалланган.

Самолётлар гуруҳи Қатар ва Баҳрайндаги Америка базаларида, Форс кўрфази орқали Эроннинг шундоққина қаршисида ва Иорданиядаги базада жойлаштирилган. Саудия Арабистонидаги бир нечта базаларда ҳам катта кучлар мавжуд. Аммо қироллик АҚШга ўз ҳаво ҳудудидан Эронга зарба бериш учун фойдаланишга рухсат бермади. Бу кучларни энг яқин резерв сифатида қараш мумкин.

Бундан ташқари, Ҳинд океанида, Эроннинг марказий қисмидан тахминан беш минг километр узоқликда АҚШ-Буюк Британия авиабазаси жойлашган бўлиб, у ерда 2025 йил ёзида Эроннинг Фордо ядровий объектига ташланган ўта кучли бункерга қарши бомбаларни олиб юришга қодир B-2 ва B-52 стратегик бомбардимончи самолётлари жойлашган.

Ёрдамчи кучлар таркибига камида 39 та KC-135 ёқилғи қуйиш самолётлари, узоқ радиолокацион аниқлаш самолётлари, камида 29 та транспорт воситаси, жумладан C-17 ва C-5 таъминотчиси, шунингдек, орқа таъминот кемалари киради.

KC-135 ёқилғи қуйиш самолёти ва B-2 бомбардимончи самолёти.
Фото: U.S. Air Force
THAAD ракеталарга қарши мудофаа тизими.
Фото: U.S. Air Force

Базалар ва иттифоқчиларни ҳимоя қилиш учун АҚШ минтақада қўшимча THAAD ва Patriot ракеталарга қарши мудофаа тизимларини жойлаштирди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа бригадаси жойлашган Форт-Ҳуд базасидан камида битта самолёт Иорданияга етиб келди.

Reuters нашрининг таъкидлашича, АҚШ ҳарбийлари Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий операцияга тайёр. АҚШ Эроннинг юқори мартабали амалдорлари ва қўмондонларини йўқ қилиш учун аниқ зарбалар бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Шунингдек, АҚШ президенти Доналд Трампнинг буйруғи билан Эронда раҳбарият алмашиши ҳам муҳокама қилинмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид