Хонанда Анвар Ғаниев муаллифлик ҳуқуқини бузгани маълум бўлди
Оғир хасталик билан курашаётган шоира Гулчирой Дилкушо Анвар Ғаниев унинг учта шеърини муаллифлик ҳуқуқини бузган ҳолда қўшиқ қилгани учун 300 млн сўм товон пули талаб қилган. Суд қарори билан хонандадан 85 млн сўм ундириш белгиланган. Анвар Ғаниевнинг апелляция шикояти асосида апелляция инстанцияси товон пулини 18,7 млн сўмга туширган.

Анвар Ғаниев
Таниқли хонанда Анвар Ғаниев навоийлик шоира Гулчирой Дилкушонинг (Гулчирой Сайилова) учта шеърини муаллифлик ҳуқуқини бузган ҳолда қўшиқ қилиб, омма эътиборига етказгани аниқланди. Иш суд тартибида кўриб чиқилган.
Маълум бўлишича, Анвар Ғаниев шоиранинг “Соғинтириб қўйдингиз-ку”, “Соғинмадингми?” ва “Муҳаббатнинг қадри арзон бўлди-ку” номли шеърларини муаллифлик шартномаси тузилмасдан ижро этган. Қолаверса, хонанда ушбу қўшиқларни интернет тармоғи орқали омма эътиборига ҳавола қилган.
Ушбу ҳаракатлари учун хонанда жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2024 йил 7 февралдаги қарори билан МЖтКнинг 177-1-моддаси (муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни бузиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган. Суд МЖтКнинг 21-моддасини қўллаган ҳолда хонандани маъмурий жавобгарликдан озод қилган ва огоҳлантириш билан кифояланган.
Шоира Гулчирой Дилкушо муаллифлик ҳуқуқи бузилгани учун Анвар Ғаниевдан 300 млн сўм миқдорида товон пули ундиришни сўраб, судга даъво аризаси киритган. Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2024 йил 24 июлдаги ҳал қилув қарори билан хонандадан шоира фойдасига 85 млн сўм товон пули ундириш белгиланган.
Хонанда апелляция шикояти киритган ҳамда суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони рад этиш ҳақида янги қарор чиқаришни сўраган. Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2024 йил 15 октябрдаги ажрими билан апелляция шикояти қисман қаноатлантирилган. Яъни дастлабки суд қарори ўзгартирилиб, товон пули 85 млн сўмдан 18 млн 750 минг сўмга туширилган.
“Оғир хасталик бўйича даволаниб келаман. Бир куни пулга муҳтож бўлиб, Анвар Ғаниевдан 1 млн сўм сўрадим. У банк картамга ўтказиб беришини айтди. Аммо бироздан сўнг пул топилмаганини билдириб, “сизни намозларимда дуо қиламан”, деди. Менинг шеърларим асосида куйлаган қўшиқларини ижтимоий тармоқлардаги кўплаб мусиқий каналларда эълон қилган”, дейди Kun.uz журналисти билан суҳбатлашган шоира Гулчирой Дилкушо.

Ижодкорнинг қўшимча қилишича, ҳозирда у бузилган ҳуқуқлари оқибатида етказилган зарар етарлича баҳоланмагани учун тафтиш тартибида шикоят киритган.
Олдинроқ шоира Маҳлиё Аҳророванинг “Гўзал ёрим” шеърини унинг рухсатисиз йиллар давомида “Севар ёрим” номи остида куйлаб келгани учун хонанда Авазбек Олимовдан суд қарори билан шоира фойдасига 150 млн сўм товон пули ва 20 млн сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланганди.
Мавзуга оид

08:30 / 26.03.2025
Хато туфайли ўлимга ҳукм қилинган япониялик чол рекорд миқдорда товон пули олди

11:52 / 22.03.2025
АҚШда суд сунъий интеллект томонидан яратилган асар муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланмаслигини тасдиқлади

18:15 / 14.06.2024
“Қарор чиққан кундан тўловни бошлайман” – Мунира Кариева товон пулини қоплаб бериш борасида сўзида туришини маълум қилди

20:41 / 16.05.2024