Жаҳон | 18:49 / 05.08.2025
9694
3 дақиқада ўқилади

Трамп: агар нефт нархи яна 10 долларга тушса, Путин одамларни ўлдиришни тўхтатади

Оқ уй раҳбари Россиянинг иқтисодиёти аянчли аҳволда эканини, агар нефт нархи арзонлашаверса, Путинда бошқа чора қолмаслигини айтди.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трампнинг айтишича, нефт нархи тушишда давом этса, Россия президенти Владимир Путин Украина билан урушни тўхтатади. Бу ҳақда у CNBC эфирида айтиб ўтди, унинг сўзларидан The Guardian иқтибос келтирди.

«Агар энергияташувчилари нархлари етарлича пасайса, Путин одамларни ўлдиришни тўхтатади. Агар энергияташувчилари бир баррел учун яна 10 долларга арзонлашса, унда шунчаки танлов қолмайди, чунки унинг иқтисодиёти даҳшатли аҳволда», деди Трамп.

Шунингдек, у Россия нефтини сотиб олишда давом этаётган Ҳиндистон учун божларни оширишга ваъда берди.

«Биз 25 фоизга келишиб олдик, лекин ўйлайманки, кейинги 24 соат ичида мен бу миқдорни сезиларли даражада ошираман, чунки улар Россия нефтини сотиб олмоқда, улар ҳарбий машинани озиқлантирмоқда. Ва агар улар шундай қилишда давом этса, бундан жуда норози бўламан», деди АҚШ президенти.

5 август куни Лондоннинг ICE биржасида Brent нефтининг октябр фючерслари нархи 1,19 фоизга тушиб, бир баррел учун 67,94 доллардан пасайди. Brent маркали нефт нархи 28 июлдан бери биринчи марта бир баррел учун 68 доллардан паст нархда сотилди. РБК таъкидлаганидек, ОПЕК+ давлатлари сентябр ойида нефт қазиб олишни яна сезиларли даражада оширишга келишиб олганидан сўнг, «қора олтин» котировкалари бир ҳафта ичида энг паст даражага тушди. Таҳлилчиларга кўра, ОПЕК+ қарори туфайли нефт нархи босим остида қолмоқда.

8 август куни Трамп Путинга қўйган ултиматум муддати тугайди. Бу муддатгача АҚШ президенти Украинада ўт очишни тўхтатишни талаб қилган. Россия президенти бу талабга тўғридан-тўғри жавоб бермади. АҚШ президенти бу муддат тугагач, Вашингтон Москвага нисбатан «божлар ва бошқа чоралар» жорий этишини айтган.

Reuters хабарига кўра, Путин Трампни «ғазаблантиришни» истамайди ва Вашингтон ва умуман Ғарб билан муносабатларни яхшилаш имкониятини қўлдан бой бераётганини тушунади, аммо унга «ҳарбий мақсадлар муҳимроқ».

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид