Жаҳон | 18:30 / 05.04.2026
5501
2 дақиқада ўқилади

Маҳачқалъада сув тошқини туфайли уч қаватли уй қулади

Яна тўртта кўп квартирали уй аҳолиси қулаш хавфи туфайли эвакуация қилинмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Доғистон пойтахти Маҳачқалъа шаҳрида кучли ёмғирлардан кейин юзага келган сув тошқинлари натижасида уч қаватли турар жой биносининг пойдевори ювилиб кетди ва бино қулаб тушди. 

Маҳачқалъа шаҳри маъмурияти Айвазовский кўчасидаги «қулаш хавфи сақланиб қолаётган» тўртта кўп қаватли уй ўраб олингани ҳақида хабар берган. Ушбу уйларда яшовчи 300 дан ортиқ киши хавфсиз жойларга кўчирилган. 

«Аҳолининг бир қисми вақтинчалик жойлаштириш пунктларига жойлаштирилади, у ерда уларга зарур ёрдам ва кўмак кўрсатилади, қолганлари эса қариндошлариникига вақтинча жойлаштирилади», – дейилади хабарда. 

«Интерфакс» агентлиги шаҳар маъмурияти матбуот хизматига таяниб, аниқлик киритишича, Айвазовский кўчасидаги турар жой биноларидан бирига туташтириб қурилган қўшимча бино қулаб тушган. «Кучли ёмғир ёғиши туфайли сув босиши оқибатида Махачқалъанинг Айвазовский кўчасидаги кўп қаватли уйлардан бирига туташ қурилма қулаб тушган. Ҳеч ким жабрланмаган. Айвазовский кўчасидаги бир нечта кўп қаватли уйлар аҳолиси эвакуация қилинмоқда, улар ҳам сув босиш зонасида», – деган агентлик суҳбатдоши. 

Шимолий Кавказда март ойи охирида кучли ёмғирлар туфайли сув тошқинлари бошланган ва ҳамон давом этмоқда. Энг кўп зарар кўрган ҳудуд Доғистон бўлиб, у ерда ўн минглаб кишилар электр таъминотисиз қолган, автомобил йўлларида ҳаракат тўхтатилган, темирйўллар шикастланган. Маҳачқалъада кўплаб кўчаларни сув босган. Чеченистонда ҳам кучли ёмғирлар ва улар келтириб чиқарган кўчкилар 17 та кўприкка зарар етказган, ўнлаб уйлар вайрон бўлган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид