Ўзбекистон | 17:04 / 08.08.2020
37431
2 дақиқада ўқилади

Арипов: «Раис маҳалладошларига ўз уйида хизмат кўрсатса, ўз уйида фуқароларни қабул қилса, ахир бу – шармандалик-ку»  

Вазирлар Маҳкамасида бош вазир Абдулла Арипов раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолияти танқидий муҳокама қилинди.

Вазирлик томонидан ҳужжатлар билан ишлаш ва ижро интизомини мустаҳкамлаш борасида тизимли иш мавжуд эмаслиги, маҳаллаларда амалга оширилиши лозим бўлган  “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонларини амалиётга жорий этиш бўйича ҳам кўзга кўринарли ишлар қилинмаётгани, маҳаллаларда жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар талаб даражасида ташкил этилмаётгани, фуқаролар йиғинларининг моддий-техник ҳолати талаб даражасида эмаслиги, маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш масалаларида ҳам маҳалла раислари ва ходимлари томонидан қонун бузилиш ҳолатлари қайд этилаётгани жиддий танқид қилинди.

Маълум бўлишича, 39та маҳалланинг идораси мавжуд бўлмагани сабабли маҳалла раиси ўз хонадонида фаолият юритиб келмоқда. Туман (шаҳар) ҳокимлари, сектор раҳбарлари ушбу маҳаллаларни ҳудуддаги бўш бинога жойлаштириш бўйича ҳеч қандай чоралар кўрмаган. Бу эса маҳалланинг фаолият самарадорлигига ўзининг салбий таъсирини ўтказибгина қолмай, аҳоли учун ҳам ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Бош вазир ушбу ҳолатни шармандалик, деб атади.

“Маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг эгаллаб турган вазифасига муносабати қандайлигини шундан ҳам билса бўлади. Гўё уларнинг маҳаллага ҳеч қандай алоқаси йўқ, худдики улар маҳаллада яшамайди. Раис маҳалладошларига ўз уйида хизмат кўрсатса, ўз уйида фуқароларни қабул қилса, ахир бу – шармандалик-ку. Жойлардаги ўз идорасига эга бўлмаган маҳаллаларга замонавий ва барча қулайликларга эга бино қуриб бериш бўйича Қурилиш вазирлигига топшириқ бўлади. Бу масалани тезроқ ҳал қилиш керак”, - дея бош вазирнинг сўзларини келтирган Kun.uz мухбири. 

Аввалроқ, бош вазир раислигида видеоселектор ўтказилаётгани, айрим маҳаллалар раислари кескин танқид қилингани хабар берилганди.

Мавзуга оид