Ўзбекистон | 11:35 / 07.02.2020
40702
7 дақиқада ўқилади

«Қонунан тақиқ йўқ. Аммо умра учун виза ололмаяпмиз». Хусусий турфирмаларнинг вакиллари соҳадаги монополия зарарлари ҳақида

«Vast Travel» МЧЖ директори Мансуржон Расулжонов, «Luxe Tour» хусусий сайёҳлик фирмаси раҳбари Алихон Ҳамидов ва «Rixos Tour» оилавий корхонаси директори Шерзод Самиғжонов Kun.uz билан суҳбатда ўзбекистонликларнинг умра зиёратини амалга оширишидаги қийинчиликлар ва муаммолар ҳақида гапирди.

Дин ишлари бўйича қўмита 3 февраль куни 2020 йил учун умра зиёрати нархи 13 млн. 20 минг сўм этиб белгиланганини хабар қилди. Бунгача зиёратчилар учун умрага бориб келиш 12 млн 500 минг сўмга тушаётган эди. Нарх ошиши 2020 йил 1 январдан Саудияга борувчи барча мамлакат фуқароларига тиббий суғурта учун 189 саудия риёли (50 доллар) давлат божи жорий қилингани сабаб бўлгани айтилмоқда. Ҳаж ва умра масалалари бўйича республика жамоатчилик кенгашининг телеграм каналида келтирилишича, ушбу қўшимча тўлов умра ва ҳаж визалари учун амалда бўлади.

Бироқ Kun.uz таҳририятига мурожаат қилган хусусий турфирмалар вакилларининг айтишича, белгиланган нархни зиёратчиларга яратиладиган шарт-шароитларга қараб 11 миллиондан 8 миллионгача тушириш мумкин. Бунинг учун хусусий туризм субъектларининг умра зиёратини ташкиллаштиришларига қўйилган сунъий тўсиқлар олиб ташланса кифоя. Улар айни пайтда ушбу йўналишда рақобат йўқлиги сабабли ҳам ҳозир нархлар қўшни мамлакатлардаги билан солиштирганда нисбатан қиммат эканини таъкидлашмоқда.

«Vast Travel» МЧЖ директори Мансуржон Расулжонов бу муаммолар Дин ишлари бўйича қўмита билан боғлиқлигини маълум қилди.

«Аслида умра зиёрати билан шуғулланишимиз учун қонунан ҳеч қандай тақиқ йўқ. Туризм фаолияти билан шуғулланиш учун лицензиямиз бор. Ўзбекистондан ташқари барча мамлакатларда ҳаж ва умра зиёратини ташкиллаштириш билан туроператорлар шуғулланишади. Аммо фақат бизда эмас. Зиёратчиларни умра сафарига олиб боришимиз учун виза расмийлаштиришимиз керак. Саудия Арабистони подшоҳлигининг Ўзбекистондаги элчихонаси виза сўраб борган ҳар қандай турфирмага рад жавоби беряпти», дейди у.

«Luxe Tour» хусусий сайёҳлик фирмаси раҳбари Алихон Ҳамидов четдан қараганда жараён силлиқлиги, турфирмаларнинг умра зиёратини ташкиллаштириши учун қонунан ҳеч қандай тақиқ йўқдай кўриниши, аммо туроператорлар умра визасини олиш учун элчихонага ва Тошкент-Жидда йўналишида жорий этилган мунтазам авиақатновлардан фойдаланиш учун «Uzbekistan Airways» миллий авиакомпаниясига мурожаат қилинганда тақиқлар мавжудлигини сезишлари ҳақида айтиб ўтди.

 «2019 йил апрель ойидан Саудия Арабистони томонидан умра визалари онлайн режимда берилиши бошланган. Лекин Ўзбекистондаги турфирмалар бундан фойдалана олмайди. Бунинг сабабини билмаймиз», дейди у.

Мансуржон Расулжоновнинг қўшимча қилишича, Саудия Арабистонида бугунги кунда жорий қилинган онлайн визалар тизимида виза талабномалари элчихоналар томонидан кўриб чиқилмайди, дунё бўйлаб бу иш аллақачон туроператорларга ишониб топширилган.

«Онлайн режим очиб қўйиладиган бўлса, исталган турфирма Саудия Арабистонининг Ҳаж ва умра вазирлиги рўйхатидан ўтиб, умра визасини чоп этиши мумкин, лекин бу имконият ўзбекистонликлар учун ёпиб қўйилган. Ўзбекистонликларнинг умра визалари ҳам электрон, лекин ҳалигача офлайн режимда берилади, яъни зиёратчиларнинг паспортлари элчихонага кириб-чиқиши керак.

Масалан, сиз Қирғизистон фуқароси бўлсангиз, паспорт маълумотларингиз асосида 5 дақиқа ичида умра визасини чиқариб бера оламан. Лекин ўзбекистонликлар учун бу имконсиз. Аслида Саудияда жорий қилинган «B2C» тизимига кўра, исталган давлат фуқароси ўзи мустақил равишда хоҳлаган умра пакетини онлайн тарзда харид қилади ва визани ҳам ўзи чиқариб олади. Бу тизимдан дунё бўйлаб ўзбекистонликлардан бошқа ҳамма фойдаланяпти. Сабаби меҳмонхона, транспорт, авиачипталарни сотиб олгач, умра визасини олишга келганда «Виза талабномангиз элчихона томонидан кўриб чиқиляпти», деган мазмундаги хат келади. Элчихонага бориб, виза уриб беришни сўрасангиз, қандай ҳужжат тақдим этишингиздан қатъи назар, Дин ишлари бўйича қўмита рухсат берсагина визани уриб беришларини айтишади», дейди у.

«Rixos Tour» оилавий корхонаси директори Шерзод Самиғжонов Ўзбекистондаги туроператорлар ҳам Қозоғистон ва Қирғизистондаги каби нархларни таклиф эта олишини таъкидлади.

«Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаларининг туроператорлари томонидан умра зиёратини ташкиллаштириш учун 700 доллардан 900 долларгача нарх таклиф этилмоқда. Биз ҳам бундай қийматдаги таклифларни бериш имкониятига эгамиз. Масалан, Туризмни ривожлантириш қўмитаси мутасаддилари билан бирга ишлаб чиққан таклифимизга кўра, умра зиёратини 1190 доллар, бугунги курс бўйича 11,3 млн сўмга ташкиллаштирса бўлади. Бу пулга давлатникидан юқори савияда хизмат кўрсатиб бера оламиз», дейди у.

У умра зиёратининг 3-4 соатигина ибодат, қолган вақт эса саёҳат билан боғлиқлиги сабабли дунёнинг барча мамлакатларида ҳаж ва умра зиёратини ташкиллаштириш билан туроператорлар шуғулланишини қайд этиб ўтди.

Шунингдек, Самиғжонов айни пайтда турфирмалар томонидан таклиф этилаётган умра пакетларининг қимматлигини Саудия Арабистонига парвозлар нархи қимматлиги билан изоҳлади.

«Luxe Tour» хусусий сайёҳлик фирмаси раҳбари Алихон Ҳамидовнинг зиёратчилар умрага асосан турфирмалар орқали боришни маъқул кўришини изоҳлади.

«Ўзбекистонда умра визасини ололмаганимиз учун визани бошқа давлатлардан сотиб олишга мажбур бўляпмиз. Айни пайтда хусусий туроператорлар томонидан умрага бораётганлар учинчи давлат орқали учишларига тўғри келмоқда.

Нима учун одамлар турфирмалар орқали умрага кетишни хоҳлашади? Чунки оилавий, яъни эр-хотин, болалари билан бирга кетмоқчи бўлганлар давлат орқали кетолмайди. Сабаби 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг умрага боришига рухсат йўқ. Сурункали касалликка чалинган, аммо саломатлиги умра зиёратини адо этишга халал бермайдиган кўплаб беморлар ҳам биз орқали зиёратга боришади, давлат орқали бориш учун зиёратчилар соғлом бўлиши керак. Бундан бошқа кўплаб афзалликлар борлиги учун ҳам айни пайтдаги нархларимиз қимматроқ бўлишига қарамай туроператорлар орқали зиёратга кетаётганлар кўпчиликни ташкил этади», дейди у.

Унинг таъкидлашича, хусусий турфирмалар таклиф этаётган нархларнинг қимматлиги виза бошқа давлатдан сотиб олинаётгани ва учинчи давлат орқали Саудия Арабистонига парвоз қилинаётгани билан боғлиқ. У Ўзбекистондан хусусий туризм субъектларига умра визаси берилса ва Тошкент-Жидда йўналиши учун гуруҳли пакетлар сотилса, хизматлар учун белгиланган нархлар 10-12 млн сўм атрофида бўлиши, рақобат юзага келгандан кейин нархлар тушиб, хизматлар сифати ошиб боришини қайд этиб ўтди.

Умра зиёратини ташкил қилишнинг амалдаги тартиби ва бу фаолият билан туроператорларнинг шуғулланишига айрим тўсиқлар мавжудлиги, шунингдек, хусусий туроператорлар томонидан билдирилган фикрлар ҳамда ўрганишлар давомида туғилган саволларга изоҳ олиш мақсадида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясига расман мурожаат йўлладик.

Kun.uz мутасаддилардан расмий сўровларига жавоб ҳамда ушбу мақола ва видеоинтервьюларда ўртага ташланган маълумотлар юзасидан изоҳ кутиб қолади.

 

Жамшид Ниёзов, Kun.uz мухбири
Абдусалим Абдувоҳидов, тасвирчи

Мавзуга оид