Ўзбекистон | 13:25 / 30.07.2023
20663
1 дақиқада ўқилади

Томди туманида «олтин изловчилар»га «ҳомийлик» қилмоқчи бўлган профилактика инспектори қўлга олинди

ДХХ олтин қазиб олиш учун шароит яратиб бериш эвазига фуқародан 30 минг доллар талаб қилган ИИБ инспекторини қўлга олди.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Навоий вилояти Томди тумани ички ишлар бўлими профилактика инспекторининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

ИИБ ходими давлат захирасига олинган ҳудудда таркибида олтин бўлган руда қазиб олиш учун шароит яратиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бўладиган рейд тадбирларидан огоҳлантириб туриш эвазига маҳаллий фуқародан 30 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

28 июн куни Фарғона вилоятида президент раислигида ўтказилган йиғилишда жиноятчиликка қарши курашишда сусткашликка йўл қўйган ўндан ортиқ туман ИИБ бошлиқлари ишдан олинганди, улар орасида Томди тумани ИИБ бошлиғи Рустам Рўзиев ҳам бор эди.

Мавзуга оид