Соғлом ҳаёт | 20:34 / 29.10.2025
1831
3 дақиқада ўқилади

Ҳашарот чақиши оқибатида юзага келадиган оғир аллергик ҳолатларга қарши иммунотерапия муолажаси йўлга қўйилди

Мазкур терапия Марказий Осиё миқёсида илк бор қўлланаётган бўлиб, унинг ёрдамида организмда ҳашарот заҳрига нисбатан иммунитет ҳосил қилинади. Яъни тана ари ва бошқа ҳашаротлар нишига аста-секин мослашади, оқибатда ички тизим заҳарни “душман” сифатида қабул қилиб, кучли аллергик реакциялар кўрсатмайди. Шу тариқа инсон ҳаётини хавф остига қўювчи анафилактик шок каби ҳолатларнинг олди олинади.

Фото: Shutterstock

Анафилактик шок деб аталадиган оғир ҳолатларнинг 20–30 фоизи ҳашарот чақиши сабабли юз беради. Бу жуда хавфли аллергик реакция бўлиб, ўз вақтида ёрдам кўрсатилмаса, инсон ҳаёти хавф остида қолади, баъзи ҳолларда ўлим билан якунланиши ҳам мумкин.

Унинг асосий сабаби инсект аллергия, яъни ҳашарот чақишига нисбатан танада пайдо бўладиган аллергик реакциядир. Тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикованинг сўзларига кўра, бундай аллергия асосан пардақанотли ҳашаротлар чақишидан кейин пайдо бўлади. Улар қаторига асалари, оддий ари, қовоқари (қизил ари), тупроқ ариси ва баъзан чумолилар киради.

Ушбу ҳашаротлар чаққанда заҳри танага киради ва айрим инсонларда иммун тизими мазкур моддаларга ҳаддан ташқари кучли реакция билдиради. Оқибатда танада кучли ҳолсизланиш, тери оқариши, қичишиш, тошма ёки қаварчиқ пайдо бўлиши, юз ва томоқ соҳасида шиш кузатилади. Оғир ҳолатларда эса бемор нафас ололмай қолади, қон босими кескин тушади ва ҳушдан кетади, бу эса анафилактик шокнинг энг хавфли кўринишларидан бири ҳисобланади.

Кузатувларга кўра, ҳашарот чаққанда юзага келадиган оғир аллергик реакция болаларга қараганда катталарда кўпроқ учрайди. Чунки улар ҳаёт давомида ҳашарот заҳарига бир неча бор дуч келган бўлиши мумкин, бу эса организмни кучлироқ жавоб беришга мойиллаштиради.

Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт марказида Марказий Осиё бўйича илк бор бундай ҳолатларга қарши янги иммунотерапия усули жорий қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида айтилишича, ҳаёт учун хавфли бўлган шу каби ҳолатларнинг олдини олиш имконини берувчи ягона самарали усул аллерген специфик иммунотерапия (АСИТ) ҳисобланади. Ушбу муолажа турида аллергенлар (масалан, ари заҳри, ўсимлик чанги)нинг тузли-сувли эритмаси бемор организмига кичик дозаларда титрлаб юборилади. Шундан сўнг специфик антитана миқдори камайиши, яъни аллергенга нисбатан жавоб реакцияси пасайиши кузатилади.

Натижада қондаги умумий IgE миқдори озайиб, блокловчи антитана, яъни IgG4 кўпаяди ва касаллик симптомлари озаяди, айрим ҳолларда хасталик беморни умуман безовта қилмаслиги ҳам мумкин.

Жорий йил марказимизда Марказий Осиёда илк бор ари заҳри асосида тайёрланган махсус иммунотерапия препарати ёрдамида беморларни даволашни йўлга қўйдик. Эътиборли жиҳати, ҳозиргача бу муолажа усули дунё бўйича атиги икки мамлакат – Грузия ва Туркияда амалга ошириб келинаётган эди. Эндиликда улар сафига Ўзбекистон ҳам қўшилиб, мазкур илғор технологияни жорий этган учинчи давлат сифатида жаҳон тиббиёт ҳамжамияти эътиборига тушди”, – дейди Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбари Илмира Разикова.

Диёрахон Набижонова
Тайёрлаган Диёрахон Набижонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид