Ўзбекистон | 16:23 / 17.03.2026
5588
7 дақиқада ўқилади

Тадбиркорнинг “белини синдириш” — Тошкентда пешлавҳалар билан нима бўляпти?

Пойтахтда тадбиркорларнинг пешлавҳаларини мажбуран олдириб ташлаш ҳаракатлари давом этмоқда. Депутат Бобур Бекмуродов тегишли идораларни ноқонуний ҳаракатларни тўхтатишга чақирди. “Пойтахтимиз эстетикаси тадбиркорнинг “белини синдириш” эвазига бўлмаслиги керак”, – деди у. Аммо шаҳар ҳокимлиги бу ишлар қонуний тарзда қилинаётганини айтиб келади.

Мақолада Чилонзор тумани ҳокимлиги эълон қилган суратлардан фойдаланилди.

Тошкент шаҳрида дизайн-код жорий этилаётгани фонида, тадбиркорлар яна оммавий равишда реклама ва пешлавҳаларини ўзгартиришга мажбурланяпти.

Дизайн-код – шаҳарнинг умумий қиёфасини яратишга қаратилган бўлиб, у халқ депутатлари пойтахт кенгашининг 2026 йил 17 феврал кунги қарори билан тасдиқланган. Қарор эълон қилинганидан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

“Пойтахтимиз эстетикаси тадбиркорнинг “белини синдириш” эвазига бўлмаслиги керак”

Қонунчилик палатаси депутати, “Юксалиш” ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов масъул идораларни ноқонуний хатти-харакатларни тўхтатишга чақирди.

“Албатта, Тошкентнинг эстетик қиёфаси замонавий ва чиройли бўлиши керак. Бироқ бу жараён қонун устуворлиги доирасида амалга оширилиши лозим. Бу борада қуйидаги принципиал масалаларга эътибор қаратиш шарт деб ҳисоблайман:

Биринчидан, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг тегишли қарори расман эълон қилингандан уч ой ўтгач кучга кириши белгиланган. Бироқ мажбурий демонтаж ишлари ушбу қарор қабул қилинмасдан бир неча ой олдин бошланган эди. Қонун ҳужжатларининг орқага қайтиш кучи йўқ. Илгари ўрнатилган ва ўша давр талабларига жавоб берган пешлавҳаларнинг дахлсизлиги ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланиши лозим.

Иккинчидан, давлатимиз раҳбари томонидан бизнес учун янги мажбуриятларни юклашга мораторий жорий этилган. Дизайн-код талаблари шаҳарсозлик қоидалари сифатида талқин қилинса-да, амалда тадбиркор учун янги стандартдаги воситаларни сотиб олиш – бу қўшимча молиявий юкламадир.

Учинчидан, ҳар қандай мажбурлов чораси, айниқса хусусий мулкка оид бўлса, фақатгина қонуний кучга кирган суд қарори асосида бўлиши шарт. Тадбиркорга “икки кун ичида демонтаж қил” деб талаб қўйиш – бу маъмурий буйруқбозликнинг кўринишидир. Бундай ёндашув бизнес муҳитига ва инвесторларнинг ишончига салбий таъсир ўтказади.

Тўртинчидан, ривожланган давлатларда дизайн-код кескин ўзгарган тақдирда, маҳаллий ҳокимият тадбиркорларга мослашиш учун муддат – “ўтиш даври” беради ёки харажатларнинг бир қисмини субсидия ҳисобидан қоплайди. Бизда эса барча юклама фақат тадбиркор зиммасига тушмоқда.

Биз масъул идораларни ноқонуний хатти-ҳаракатларни тўхтатишга ва қонунийликни таъминлашга чақирамиз. Пойтахтимиз эстетикаси тадбиркорнинг “белини синдириш” эвазига бўлмаслиги керак.

Шаҳар маъмурияти бизнес билан “буйруқбозлик” тилида эмас, балки тенг ҳуқуқли шериклик ва очиқ мулоқот асосида ишлаши лозим”, – деди Бобур Бекмуродов.

Тадбиркорлар нима деяпти?

Kun.uz Муқимий кўчасида савдо ва хизмат кўрсатиш билан шуғу лланувчи қатор тадбиркорларга қулоқ тутди. Уларнинг сўзларидан шаҳар расмийлари бизнес билан коммуникацияни тўғри йўлга қўймагани маълум бўлади:

“Олдиндан огоҳлант ирмасдан, шартта келиб олиб ташлашди. Баннер 400 долларга ўрнатилган эди. Мана, синиб, дабдаласи чиқиб бўлди. Олдиндан огоҳлантиришса, муҳлат беришса, тегишли жойга бориб, ҳамма талабларини бажариб, баннерни қолдирган бўлардик”.

“Биз йўқ пайтимизда келиб ечиб кетишибди. Ҳеч қанақа огоҳлантиришсиз. Мижозлар бизни топиб келишга қийналишяпти. Қаерга қанақа жойлаштириш мумкинлиги ҳақида ҳеч қанақа маълумот беришмади”.

“Кутилмаганда олиб ташлашди, огоҳлантириш беришмади. Улардан ҳужжатларини сўраганимизда, кўрсатишмади. Баннерни ясатишга алоҳида, ўрнатишга алоҳида пул тўлаган эдик. Энди ўрнатмоқчи бўлсак, ҳар бир квадрат метрига пул тўланар экан”.

“Йўқ жойдан келиб дарров олиб ташлашди. Баннерни 10 млн сўм атрофида сарфлаб қилдиргандик. Огоҳлантириш ҳам, тушунтириш ҳам беришмади”.

“Масъул ходимлар келиб, тушунтириш ишларини олиб боришди. Тепада турган бўртиб чиққан ёзувлар мумкин эмас экан. Дўконимиз эшиги тепасидаги кичикроқ ёзувга рухсат бор экан” .

“Дўконимиздан баннерларни олиб ташлашни буюришди. Огоҳлантириш бериб кетишди. Мен бунинг туришини хоҳлайман, лекин қонуний жиҳатдан қандай қилиб рухсатнома олиш кераклигини тушунтиришмади”.

“Қонуний, лекин адолатсиз”

Тошкент шаҳри дизайн-кодини тасдиқлаш қарори қабул қилинганидан кейин ҳали кучга кирмаган бўлса ҳам, ташқи реклама ва пешлавҳаларга оид асосий ҳужжатлар бир неча йил аввал қабул қилиб бўлинган. 

Гап – Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 февралдаги 104-сонли ва 2023 йил 31 августдаги 428-сонли қарорлари, ҳамда 2021 йилда қабул қилинган Шаҳарсозлик кодекси ҳақида кетяпти. Шунингдек, халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 2024 йил 1 майдаги ва 2024 йил 25 октябрдаги қарорлари ҳам бор.

Ана шу ҳужжатлар асосидаги рейдлар 2020 йилда бошланган. Бу ҳужжатларда автомобил кузовидаги рекламадан тортиб, кўчалардаги биллбордлар, LED-экранлар, пешлавҳалар ва бошқа эълонлар бўйича талаблар киритилган.

Энг баҳсли қоидалардан бири – пешлавҳаларга оид. Ҳукумат қарорига асосан, ҳажми 1 квадрат метрдан ортиқ пешлавҳалар рекламага тенглаштириб қўйилган (2023 йилгача бу чеклов 5,5 метр бўлган). Яъни объектнинг номи ёзилган ёки шунчаки “дўкон”, “дорихона” сўзи туширилган пешлавҳанинг ҳам ҳажми 1 квадрат метрдан ортиқ бўлса, бунинг учун тегишли тартибда мажбурий йиғимни тўлаб, реклама жойининг паспортини расмийлаштиришга тўғри келади. Шу тариқа, шаҳардаги аксарият дўконларнинг пештахтаси “ноқонуний”га чиқиб қолган.

Бизнес-омбудсман 2025 йил сентябрида Kun.uz'га берган изоҳида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг бундай пешлавҳаларни олдириб ташлаш ҳақидаги талаби қонуний, лекин адолатсиз эканини билдирганди. Тадбиркорлар ҳуқуқлари бўйича вакил ўшанда ҳукумат қарорига ўзгартириш киритиш масаласини кўриб чиқаётганини маълум қилган эди.

Пешлавҳалар мажбурий олдириб ташланаётганига расмий сабаблардан яна бири – улар бинонинг ташқи меъморий кўринишига мос келиши кераклиги ҳақидаги қоидадир. Шунингдек, биноларнинг муайян қисмларига пешлавҳа ёки реклама илиш мумкин эмаслиги белгиланган.

Пешлавҳанинг ҳажми 1 квадрат метрдан ошганида рекламага тенглаштирилиши сабаб, давлат тилига оид талаблар ҳам юзага келади. Қонунга кўра, реклама давлат тилида тарқатилиши керак. Зарурат бўлганда, бошқа тиллардаги ёзув – давлат тилидаги матннинг пастки қисмида жойланиши мумкин. Бунда хорижий тилдаги ёзув реклама умумий майдонининг 40 фоизидан ошмаслиги талаб этилади.

Ташқи рекламалар ва пешлавҳаларни жойлаштириш тартибини бузганларга нисбатан Рақобат қўмитаси 50 БҲМ (20 млн 600 минг сўм) жарима қўллаш ваколатига эга.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид