Ўзбекистон | 14:20 / 30.01.2020
51447
2 дақиқада ўқилади

Чироқчидаги воқеа ортидан Қашқадарё ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари истеъфо берди

Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Самад Териқулович Турдиев Чироқчи тумани ИИБ биносидан гумондорнинг мурдаси чиқиши ортидан истеъфо берган. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ИИБ биносида ўтказилган брифингда маълум қилинган.

«Бу одам юз берган воқеа ортидан виждони кўтармасдан истеъфо бериб юборди», дея ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот хизмати ҳам Самад Турдиев ўз ташаббуси билан истеъфога чиққанини тасдиқлади.

Маълумот учун, Самад Турдиев 2017 йилнинг июнида Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганди. Бунга қадар у 2015 йил февралидан Китоб тумани ИИБ бошлиғи бўлган. У 2018 йилнинг мартида подполковник даражасига кўтарилганди.

26 январь куни Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани Лангар қишлоғида яшовчи 32 ёшли эркак Ю.А 22 январь куни яшаш уйидан туман ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилгани, 23 январь куни эса ИИБдан унинг мурдаси чиққани ҳақида хабарлар тарқалганди. 

27 январь куни вилоят прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан 23 январь куни Чироқчи тумани ИИО ФМБ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми («Мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш») ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаркатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

«Дарё» мухбири марҳумнинг яқинлари билан, шунингдек, ўша куни Ю.А билан бирга тергов қилиш учун олиб борилиб, қийноққа солинган ота-бола Қурбон Остоноев ва Баҳром Авлиёқулов билан ҳам гаплашган. Уларнинг барчаси Ю.А шафқатсизлик билан калтакланганини таъкидлашган, ИИБ ходимлари қотилликни яшириш учун гувоҳларнинг оғзини ёпишга урингани ҳақида айтиб беришганди.

Мавзуга оид