ОАВ: 2024 йилда Украинадаги урушда 20 мингдан зиёд россиялик ҳарбий ҳалок бўлди
Ҳалок бўлганлар сони бўйича Бошқирдистон ва Татаристон биринчи ўринда. 2024 йил давомида ушбу республикаларнинг қарийб 2 минг фуқароси урушда ҳалок бўлган.
«Медиазона» журналистлари BBC рус хизмати ва волонтёрлар жамоаси билан очиқ манбалар асосида 2024 йилда Украинадаги урушда 20 минг 364 нафар россиялик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Қайд этилишича, 2024 йил Россия армияси учун Украинага қарши кенг кўламли уруш давридаги энг қонли йилга айланиши мумкин. Журналистлар 2022 йилда — 18 минг 983 киши, 2023 йилда эса 33 минг 550 киши урушда ҳалок бўлганини тасдиқлашга эришган. Яна 11 минг 860 нафар россиялик ҳарбий қайси санада вафот этгани номаълум.
«Некрологларнинг рекорд даражада катта оқими сабаб волонтёрлар келиб тушаётган маълумотларни қайта ишлашга улгурмаяпти», — дейилади хабарда.
Нашрга кўра, 2024 йилда кўнгиллилар орасида йўқотишлар сони биринчи ўринга чиққан. 2022 йилда биринчи ўринни Ҳаво-десант қўшинлари ҳарбийлари, 2023 йил эса маҳбуслар банд этганди. Сентябр ойида журналистлар илк бор кенг кўламли уруш бошланганидан бери кўнгиллиларнинг ҳалок бўлишига боғлиқ ҳолат урушнинг бошқа иштирокчиларига, хусусан, маҳбуслар ёки сафарбарликка жалб этилганларга нисбатан ошиб кетганини маълум қилган эди.
Жорий йилда, шунингдек, йўқотишлар географияси ҳам ўзгарган. Биринчи ўринга Бошқирдистон ва Татаристон чиққан — 2024 йил давомида ушбу республикаларнинг қарийб 2 минг фуқароси урушда ҳалок бўлган.
Журналистлар 2022 йил 24 январдан бери жами 84 минг 761 нафар россиялик ҳарбийнинг ўлимини тасдиқлашга эришган.
«Медиазона» ва BBC рус хизмати волонтёрлар жамоаси билан ОАВ, давлат ҳокимият органлари ёки ижтимоий тармоқлардаги маълумотлар орқали ҳалок бўлган россияликларнинг ҳисобини юритиб келади. Россия ҳукумати урушдаги йўқотишлар ҳақида охирги марта 2022 йил сентябрда маълумот берган. Ўшанда РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу 5937 киши ҳалок бўлганини айтганди.
Мавзуга оид
20:54
Путин ноқонуний мигрантларга Россияни тарк этиш учун мухлат берди
20:12
Россия ва Украина «150 га 150» формуласи бўйича асирлар алмашди
18:55
Байден Украинага 2,5 млрд долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди
17:25