Иқтисодиёт | 20:31
995
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Россияга узум етказиб бериш бўйича Хитойни ортда қолдирди

Ўзбекистон ушбу маҳсулотнинг Россияга асосий таъминотчисига айланди: Хитойга қараганда 4 баробар кўп узум етказилмоқда.

Фото: Kun.uz

2025 йилда Ўзбекистон Россияга 198 минг тонна узум ва майиз жўнатди, бу ўтган йилга нисбатан 11,4 фоизга кўпдир. Бу ҳақда «Россельхознадзор» маълумотларига таяниб ТАСС хабар берди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ушбу маҳсулотларнинг Россияга асосий етказиб берувчиси бўлиб чиқди. Хитойдан узум ва майиз импорти 3 баробарга ошиб, 51,5 минг тоннага етган.

Ўтган йил якунларига кўра, «Россельхознадзор» Россияга 6,1 миллион тонна мева ва ёнғоқ олиб кирилганини аниқлади.

Хусусан, 1,8 млн тоннага яқинини цитрус мевалар (апельсин, мандарин, клементин, лимон, лайм, грейпфрут ва бошқалар) ташкил этади. Уларнинг асосий экспортчиси Туркия бўлиб, у ердан Россияга 599 минг тоннадан ортиқ импорт қилинган.

Шу билан бирга, ўтган йил якунларига кўра, Россия бозорига банан етказиб бериш ҳажми 1,4 миллион тоннадан ошди, бу 2024 йилдаги кўрсаткичга тўғри келади.

Қовун, тарвуз ва папайя импорти 2025 йилда 20,7 фоизга ошиб, 335,2 минг тоннадан ошди. Жумладан, Ўзбекистондан импорт икки баробарга ошиб, 111 минг тоннага, Туркиядан 26,1 фоизга ошиб, 16,1 минг тоннага, Озарбойжондан 2,6 баробарга ошиб, 14,4 минг тоннага етди.

Шунингдек, Россияга 528,6 минг тоннадан ортиқ резавор ва бошқа мевалар олиб кирилган. Озарбойжондан импорт 14,3 фоизга - 213,4 минг тоннагача ва Хитойдан 45,7 фоизга - 37,5 минг тоннагача ошган.

Ёнғоқ етказиб бериш 90,4 минг тоннани ташкил этди. Жумладан, Ветнамдан импорт 28,1 фоизга ошиб, 15,2 минг тоннани, Эрондан 13,2 фоизга ошиб, 9,8 минг тоннани, Филиппиндан 22,5 фоизга ошиб, 9,4 минг тоннани, Хитойдан 22,6 фоизга ошиб, 7,1 минг тоннани, Қозоғистондан 19,3 фоизга ошиб, 6,1 минг тоннани ташкил этди.

Шунингдек, 2025 йилда Россияга 48,6 минг тоннадан ортиқ қуритилган мевалар импорт қилинган, шу жумладан Тожикистондан импорт 19,8 фоизга ошиб, 12,3 минг тоннага, Ўзбекистондан 28 фоизга ошиб, 10,5 минг тоннага етган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид